АМЕРИКАДА ЎЗБЕКЛАР…

 

Ҳозирги кунда Америка Қўшма Шаталарида яшаётган Ўзбекларнинг сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Шуларнинг асосий қисмини Америкага “Грин Карта” лоттореясини ютиш орқали келган Ўзбеклар ташкил этади. Бундай фуқоролар  Америка Қўшма Штатларида қонуний яшаш, ишлаш ва ўқиш ҳуқуқига эга бўладилар.  Сўнгги 2-3 йил давомида ўртача 4000-5000 киши “Грин Карта” ютиб, АҚШда яшаш ҳуқуқини қўлга киритмоқда. Ўзбекистондан 2007-йили 910 киши “Грин Карта” асосида виза олган бўлса, бу рақам 2008-йили 2100 га, 2009-йили 2200 га, 2010-йили 3200 га етган. Ўзбекистон энг кўп “Грин Карта” ютаётган давлатлар орасида 7-ўринни эгаллайди. Ҳозирги кунда ўзбеклар асосан Нью-Йорк, Нью Жерсей, Иллиноис, Индиана, Виржиния, Флорида, Миссури, Техас, Калифорния ва  Пенсилвания штаталарида истиқомат қилишмоқда. Ўзбекистондан келаётган фуқоролар учун Америкада ҳаёт кечириш, янги муҳитга ўрганиш ва ўрнашиб олиш  осон кечмайди. Баъзи  ўзбеклар, АҚШга келишларидан  аввал, бу ерда ҳаёт енгил, яшаш осон, минглаб пул ишлаб топаман деб ўйлаб хато қиладилар. Янги мамлакатдаги атроф муҳитга, вазиятга  ўрганиш, ўз юрти, яқинларидан йироқда  яшаш, иш топиш  жуда қийин кечади. Бир неча ўзбекларнинг қийналганликларини кўзим билан кўрганман,  кўз ёшларига гувоҳ бўлганман,  ҳатто  Америкага келганлигиндан надомат чекаётган одамларнинг оҳларини ҳам эшитганман.  Она юртдан йироқ бўлиш,   кўнглига манзур бўладиган иш топа олмаслик, янги тартиб-қоидаларни ёд олиш, бир сўз билан айтганда,  ҳаётни деярли янгидан бошлаш иродаси кучли бўлмаган инсон учун мушкул кечади. Инглиз тилини яхши билсангиз-да,  Америкадаги инглиз тилининг талаффузи, Ўзбекистонда  ўрганиладиган инглиз тилини талаффузидан жуда катта  фарқ қилади. Бошида соф Америка инглиз тилида  мулоқат қилиш, уни тушуниш узоқ тил амалиётисиз осон кечмайди.  Инглиз тилида умуман сўзлашишни  билмайдиган иммигрантлар учун иш топиш, кун кечиришнинг ўзи бўлмайди.  Уларнинг кўпчилиги аввалига тил ўрганиб олгунча, оғир меҳнат билан кун кечиришига мажбур бўлишади. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, АҚШда ўз бошпанаси бўлмаган аҳолининг сони чамаси 32% ни ташкил қилади. Кулбасизлар   ижрага уй олиб, ҳақни ойма-ой тўлаб боришади. Бу мамалакатга келган иммигрантлар учун аввалига яшаш учун жой топиб, ижара ҳақини ўз вақтида тўлаб бориш енгил юмуш эмас. Нью Йорк транспорт қулайликлари  ва  иш топиш имконияти юқорироқ бўлган штатлардан бири ҳисобланади. Бу штат, иммигрантларнинг келиш сони бўйича ҳам биринчи ўринда туради. Нью Йоркда инглиз тилини билмайдиган ўзбеклар рус тилини билган ҳолда ҳам иш топиш имкониятига эга. Шу сабаб кўп Ўзбеклар шу штатга келиб жойлашишади. Бу ерда русийзабон дўконлар, кафе, ресторанларда иш топиш рус тилида сўзлаша оладиган ўзбеклар учун осонроқ бўлади. Кўпчилик ўзбек аёлари энагалик ёки бир неча ҳафталик, ойлик курсларни тамомлаб, қарияларга қараш яъни “хоме аттендант” касби билан шуғулланишади.

Америкада яшаётган ўзбеклар орасида АҚШда  таълим олишга келган ёшлар  ҳам кўпчиликни ташкил қилади.    Бундай талабалар орасида грант ютиб, Американинг нуфузли Университетларида таълим олаётганлар ҳам талайгина. Лекин ўқиш харажтларини ўз чўнтагидан тўлайдиган талабалар сони, давлат ҳисобидан ўқиётганларга нисбатан анча кўп.    Сир эмаски, АҚШда халқаро талаба учун, таълим олиш, ижара ҳақи, ўқув китобларини  сотиб олиш жуда катта маблағни талаб қилади. Яхши коллеж ёки Университетда бир академик йил таълим олиш учун 10000$-20000$ атрофида маблағ керак бўлади.  Бундай миқдордаги сармояни тўлашга ҳар ким ҳам қодир бўлавермайди.  Шу сабаб  талаблар ҳам ўқиб,  бир пайтнинг ўзида ҳам ишлашга мажбур бўлади. Бу икки вазифани амаллаш ҳар кимни ҳам қўлидан келмайди, ва бундан қийналган айрим талаблар ўқишни тўхтатишга мажбур бўладилар. Бир пайтнинг ўзида иккита ишда ишлаб, тайинли овқатланишга пули етмай, ижра ҳаққинни зўрға тўлаётган, ҳориган, тушкунликка тушган ёшларни кўриб, уларни мушкул вазиятини тушуниш мумкин.

Шу қийинчилик, тўсиқларга қарамай  ўз орзулари, истаклари билан Америкага келган ўзбеклар АҚШда яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, машаққатли  меҳнат қилиб, аниқ қўйилган мақсадларини амалга ошириш илинжида астойидил ҳаракат қилишмоқда. Кўпгина ўзбекларнинг ўз кафé, ресторанлари, пиззахоналари, савдо дўконлари борлигини, ўзлари мустақил иш  юритаётганликларини, аксарият юртдошларимиз эса  АҚШнинг катта компанияларда мартабали лавозимларда ишлаётганларни кўриб ҳавас қилса бўлади. Ва бу ижобий натижлар замирида қанча қийинчилик, сабр-қаноат  ва машаққатли  меҳнат борлигини, фақатгина шу йўлни босиб ўтган ўзбекларгина тушуниб, қадрлай оладилар.

 

АЗИЗА

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares