ПАРЛАМЕНТДА НИМА ГАП?…

 

Жамиятда ОАВларининг   аҳоли   ишончига сазовор бўлиши ва чинакам тўртинчи ҳокимият даражасига эришиши учун   журналистлар зиммасида  ижтимоий вазифани адо этиш, яъни ҳокимият билан халқ ўртасида воситачилик функциясини ҳамда ҳокимият тизимлари, хусусан, парламент фаолиятини  тўлақонли ёритишни уддалаши лозим. Чунки, фуқаролик жамиятида кенг жамоатчилик давлат органлари фаолиятидан хабардор бўлиши ва унда ўз нуқтаи назари билан иштирок этиши зарур. Шунга кўра давлат миқёсидаги, сиёсий партиялар ҳаётидаги ҳар қандай янгилик турли шаклда жамоатчиликка етказилиши аҳамиятлидир. Буни амалга оширувчи энг самарали восита албатта ОАВдир.

Матбуот жамоатчилик фикрини шакллантиришда фуқароларнинг ўзлари сайлаган депутатлари фаолиятига баҳо беришида энг яқин кўмакчидир. Афсуски, бугунги кунда ОАВлари, қолаверса, партия нашрлари ўзларини умуман намоён эта олмаяптилар.  Яъни сиёсий партия фракциялари ўз электрати манфаатини қандай ҳимоя қилаётгани, билдираётган фикр мулоҳазаларни телевидения ва радио орқали тўғридан-тўғри эшиттирилиши, матбуотда ёритилиши ташкил этилмаган.     Яна тан олиш керак бугун миллий журналистикамизда сиёсий партиялар фаолиятини ёритувчи профессионал журналист ва шарҳловчиларга танқислик сезилмоқда. Сиёсий партиялар фаолиятини ёритишда унинг вакилларини баҳс-мунозарага тайёрлаш жараёнида журналист долзарб ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган масалаларни яхши билиши, қонун ижодкорлиги соҳасини тушуниши керак. Ана шундагина сиёсий партиялар фаолиятини ёритувчи уларни бемалол баҳс-мунозараларга тайёрловчи профессионал журналистлар шаклланади. Жамиятда эса бунга имконият ҳам, ўрин ҳам берилмайди. Натижада, парламентнинг, депутатлар фаолиятидан халқ мутлақо бехабар. Қабул қилинаётган қонунларга, қарорларга бефарқ. Худди бу ҳужжатларнинг уларга дахли йўқдек. Ўтган йили  2 ёшгача ва кам таьминланган оилаларга нафақалар тўлаш борасида Президентнинг иккита қарори чиқди. Бу жараён янада мураккаблаштирилди. Илгари 16 ёшгача нафақа тўланса, энди 14 ёшгача деб янгилик киритилди. Россияда ишлаётган оила аьзоси учун ҳам даромад ёзиладиган бўлди. У Россияда иш топа олмасдан, пул жўнатмасачи деган савол ҳеч кимни қизиқтирмади. Аҳоли жимгина маҳаллада аризасини қабул қилмай қайтарса ҳам, шу эканда дейди, қийналса ҳам яшайверади, бу аҳволда депутатнинг, парламентнинг ҳаётига қизиқишга йўл бўлсин дейсан-да афсус билан. Сайлаб куйилган депутатлар нима каромат кўрсатяпти, халқнинг манфаати учун нафи тегяптими деган саволни беришга ҳам қўрқади, сиёсатдан нарироқ юрган яхши деган ақида уларнинг онг-онгига сингиб кетган.

ОЙША РАҲМОН қизи

“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими Матбуот котиби

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares