ЯХШИЛИКЛАРНИ САНАЙ ДЕГАНДИМ….

 

Давраларда бўлганимда гоҳо айрим кишилардан норози гапларни     эшитиб қоламан:  «Нима учун сизлар Ўзбекистон тўғрисида фақат ёмон гапларни ёзасизлар, наҳотки ёзишга арзигулик бирорта яхши гап йўқ?» дейишади.

Шу гап туртки бўлиб, яхши ният билан мамлакатда бўлаётган ижобий ўзгаришлар ҳақида ёзишга жазм қилдим. Бир ой давомида шу тўғрисида роса бош қотирдим.  Лекин афсус…

Фикримни қисқача, бола туғилиб, унинг вояга етгунигача бўлган даврни ифодалаш билан шарҳласам  дегандим.

Демак: Ўзбекистон пойтахти Тошкентда энг катта »Акушер-гинекология илмий текшириш институти» бор. Ушбу даргоҳда аёлларнинг туғриқ жараёнига  2011 йилда нақд  1.800.000 (Бир миллион саккиз юз минг) сўм  тўлаш лозим эди, буни билармидингиз?  Кейинги икки йил давомида нарх яна ўсиб кетмаган бўлса, ҳозир ҳам шундай!

Энди болани боғчага бериш борасидаги муаммоларга  тўхталсак: Болалар боғчасига раҳбарлик, яъни мудира бўлишнинг нархи Тошкент шаҳрида жойлашган икки хоналик уйнинг нархи билан тенг, ана шундан хабарингиз борми? Икки хонали уйнинг баҳоси неча пул дейсизми? Таъмир талаблик даражаси, қаватлар сони, манзил-маконига қараб, турфа хил-да. Марказлардаги 2-3 қаватларда жойлашган 2 хонали уйларнинг баҳоси 45 дан то 50 000 гача бор. Эээй, йўўўқ, адашдингиз, сўмда эммас, кўкида….  Чилонзор даҳаларида эса, пастрооооқ: 2 хонали уйни 33-34.000 АҚШ “сўми”га харид қилса бўлади…. Шу сабабли ҳам бирорта болалар боғчаси йўқки, болакайни бепул қабул қилса? Болаларни боғчага жойлаштириш каттагина харажат талаб қиладиган бўлиб қолган бугунги кунда….

Мактабларга назар ташлайдиган бўлсак, Ўзбекистонда мактаблар давлат қарамоғида бўлишига қарамасдан йил давомида директор ва ўқитувчилар ўйлаб топган ҳар хили тўловларни тўлаб, бошингиз айланиб кетади: синф фонди, мактаб фонди, фаррош пули, байрам пули, ҳали унга бер, ҳали бунга берлар силлангизни қуритади…. Бу тўла-тўлаларни бермагудек бўлсангиз, фарзандингиз мактабда руҳий босим остида қолиб кетади, ишонаверинг.

Коллеж-летцийларимиз эса  мактабнинг узлуксиз давоми,  яьни мажбурий, текин ўқитиш жараёни бўлишига қарамай, ўғил-қизингизни, албатта, пул билан жойлаштиришга мажбурсиз.  Коллеж, летций директори лавозими ҳам катта пулга сотилади! Ўқишга киришига пул берасиз. Ўқиш давомида яна ўша илим даргоҳидаги устозлар томонидан тўқиб чиқаарилган  тўловларни тўлаб борасиз….

Олий ўқув юртларини эса гапирмаса ҳам бўлади. Эндииии, эсон омон бу поғонага етиб келиш болангизга насиб этса, бу ерда икки ҳисса чиқим чиқаришингизга тўғри келади…. Аввалига контрактга илиниб олиши учун домлага отнинг калласидек пора тутқазасиз. Контрактга илингач эса, соққанинг салмоқлисини давлатга тўлайсиз. Шартнома пули-да. Олий ўқув даргоҳида  шартнома асосида ўқиш шу бугунги кунда бир йилга ўрта ҳисобда 5 млн. сўмни ташкил этади. Қозони йиллаб  гўшт  кўрмаган, кунини амал-тақал қилиб кўриб юрган одамнинг боласи учун йилига 5 млн. сўм топиб беришни энди ўзингиз тасаввур қилиб кўраверинг…. Бюджетга, яни грант асосида ўқишга киришнинг нархи ҳам осмонд: икки кара қиммат-да. Камига ўқиши тугагач талабалар 3 йил давомида ишлаб беришлари шарт, мажбурий, ана шундагина диплом берилади.

Буларнинг ҳаммаси Ўзбекистонда яшовчи оддий одамларнинг оддийгина ҳаёт тарзи….

Эээ, мана, Ўзбекистонимизнинг яхши томонларини ҳам топтим!: масалан, нафақахўрлар вақтида нафақасини олишади, агар нафақа ёшига эсон-омон етиб олишса! Унда ҳам пластикда бўлади пуллари…. Биргина лекини, бу пластиклардаги пулларига бозордан майиз, туршак, олма, ўрик каби ҳулу қуруқ меваларни харид қилолмасдан, қийналиб ҳам юришади…. Ва энг ката ютуғимиз – юртимиз тинч-ку! Яна нима керак?! Бу тинчлик халқимиз кўраётган ит азобларининг ҳисобига бўлса-да, шукур қилиш керак, тинчлик учун, шундай эмасми? Тинчлик нималарнинг эвазига ҳукм сураётганининг нима аҳамияти бор?!

Агар Ўзбекистонимизнинг мен англолмасдан, эслолмасдан қолган яна қандайдир яхши жиҳатлари бўлса, қолганини албатта, ёзиб юборинг. Биз ҳам бехабар қолмайлик!….

 

Дилбар САИДОВА

“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Тошкент вилоят бўлими фаоли

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares