ЎЗБЕКИСТОНДА ХАЛҚ ЭЗИЛИШИ ҲОЛАТЛАРИ САБАБЛАРИ

 

 

Мехрибон Кадамова

Ўзбекистон иқтисодиётининг бугунги ҳолатини  жуда яхши деб айта олмайман. Чунки бунга жуда кўп мисоллар келтиришимиз мумкин. Бугунги кунда мавжуд бўлган юқори даражадаги ишсизлик ва натижада фуқароларимизнинг ишга яроқли аксарияти чет элларга кетиб ишлашаяпти. Жуда кўп муаммолар чиқишига ўша халқ тилини билмаслик ҳам келтириб чиқараяпти. Аксарият, айниқса мустақиллик даврида таълим олган ёшларимиз рус тилини билишмайди. Чунки лотин алифбосида таълим олган ёшлар жаҳон адабиёти ва ўзимизни ўзбек классик адабиётини ўқиб-урганишдан маҳрум бўлган. Нега? Чунки лотин алифбосига ўтгандан кейин шу кутубхона фондлари лотин алифбосида босилиб чиқмади  ва ҳалигача бу муаммо бўлиб қолаяпти. Натижада, улар факат ўз дарсликлари ва Ўзбекистон телевидениеси ва радиокомпанияси олиб бораётган пропаганда асосида тарбияланишди. Айниқса булар қишлоқ болаларидир. Чунки шаҳарликларда интернетдан фойдаланиш имкони бор. Ва тушунган ота-оналар болаларини рус тилида таълим берадиган синфларда ўқитилишини таъминлашаяптики, болалари кирилл алифбосини билиши учун. Масалан, мен ишлаган мактабда ҳар битта синфда 70-80 фоиз ўқувчи ўзбек миллатига мансуб болалар эди.

 

Ўзбекистондаги давлат идораларида ишлаш жуда қийин, чунки уларда авж олган қонунбузарликлар ва порахўрликлар ва давлат томонидан берилаётган маошларнинг жуда пастлиги сабаб фуқароларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳолатининг пасайишига олиб келмоқда. Бу қийинчиликлар оддий халққа тегишли. Амалдорлар эса ҳуқубузарликлар ва қонунбузарликлар ва порахўрликлар орқасидан яхши яшашаяпти. Омади чопгани узоқроқ, омади чопмагани эса улар ҳам бир-бирларига чоғ казиб, синиб кетаяпти. Зўравонлик ва амалдорларнинг гуруҳларга айланиб бир-бирини  қўллаб қонунбузарлик  ҳолатларини келтириб чиқаришлари халқнинг янада эзилишига олиб келаяпти. Бугунги Ўзбекистондаги мавжуд фуқаролик ижтимоий- сиесий ҳолатни кўриб, жуда юрагим эзилади, хафа бўлиб кетаман. Халкимизга ичим ачийди, шунчалар содда ва чидамлилигига.

Халк эзилишини келтириб чиқараётган омиллар:

  1. 1. Қонунларнинг четлаб қўйилиши ва писанд қилинмаслиги
  2. 2. Порахўрликнинг жуда юқори даражада эканлиги
  3. 3. Жуда катта ҳажмдаги ҳукуkбузарлик
  4. 4. Иқтисодий қолоқлик ва уни тўғри йўлга қўйувчи дастурнинг мавжудмаслиги. Амалдорларнинг қонунларни қўрқмасдан менсимаслиги, қонун бўйича ишламаслиги, бу давлатга ва халққа қарши ишлаш деб баҳоланилади. Лекин шу амалдорларнинг бугунги тузум томонидан ҳимояланиши шубҳа туғдираяптики, нима давлатда икки хил сиесат олиб борилаяптими? Ҳукумат конституция буйича ишлаяптими ёки яна бир яширин сиёсат олиб борилаяптими  деган шубҳа уйготаяпти.

Порахўрликнинг авж олиб кетиши ҳукумат ва давлат юритилишининг ҳамма соҳаларини тормозлаб қўйаяпти. Порасиз бугунги кунда Ўзбекистонда ҳеч нарсага эриша олмайсиз. Мана шулар натижасида адолатсизлик давлатда ҳукм сураяпти. Худди бир шайтон ёки иблис айланиб юргандай. Адолатсизлик халқнинг эзилишига олиб келади.

1. Кимда ким ҳақиқат сўраса ўшани – жиннига чиқариб қўйишяпти;

2. Ватанпарварлик ҳиссиётига эга одамни эса жиноятчига:

3. Демократик фикрловчи инсонларни  ватан хоини еки халқ душмани деган айблар билан халқ орасида ейишяпти.

Бу ўша қонунбузар, ҳуқубузар порахўр амалдор-жиноятчиларнинг ўз жиноятларини ёпиш учун ўйлаб топган ҳийла-найранглари. Кўпчилик халқ тушунмаса, ҳа шундай экан деб ўйласин деб қилинаётган сиёсат. Ёмонликнинг умри қисқа дейди. Худо ҳоҳласа ҳамма сир ўз вақтида фош бўлади ва албатта вақт соати келганда халқимиз ҳақиқатни англаб олади. Мен бунга ишонаман. Мен шунга яна ишонаяпманки, ҳозирги мавжуд тузум қанча халқни лақиллатишга ҳаракат қилмасин, алллақачон халқ нима бўлаётганини тушунаяпти.

Ўзбекистондаги бугунки кундаги сиесий ва иқтисодий ҳолатни яхшилаш  учун нима қилиш керак?

Конституция ва давлат қонунлари устуворлигига  қоғозда эмас амалда эришилиши учун :

1. Энг муҳим  ҳаёт-мамот масаласи – бу  коррупцияга қарши кураш ҳукумат томонидан амалга оширилиши керак. Буниннг учун ҳукумат ўз тадбирини ишлаб чиқиб шуни амалда қўллаши керак.

2. Суд, прокуратура ва милиция томонидан олиб борилаётган адолатсизликларга чек қўйиш керак.

3. Милиция ва МХХ тўғрисидаги қонунларни белгилаб қўйиш керак.

4. Тўлиқ бозор иқтисодиётига ўтилмасдан планли иқтисодиет олиб борилаётганлиги  иқтисодий ривожланишга тўсқинлик қилаяпти.

Ер ва бошқа давлат монополиясига халққа эгалик қилиш ҳуқуқини бериш керак. Ўрта ва кичик бизнесни ривожлантириш тадбирларини ўйлаб чиқиб ҳаётга тадбиқ этиш керак.

  1. Халқнинг сиесий фаолиятини активлаштириш мақсадида конституцияда белгилаб қўйилганидек сиесий партия ва ҳаракатларни давлат регистрациясидан ўтишига тўсқинлик қилувчи барча омиллар ҳукумат томонидан бартараф қилиниши керак. Муҳолифатчиларга нисбатан ёвуз кўз билан эмас, ҳурмат кўзи билан қаралиши керак ва  шуни унутмаслик керакки «Бу ватан барчамизники» Конституциямизда белгилаб қўйилган қонунларга амал қилган ҳолда барча халқаро демократик нормативлар асосида фаолият олиб бораётган муҳолифат партия ва ҳаракатлар ва улар аъзоларига бўлғуси президент сайловларида иштирок этиш ҳуқуқлари берилиши керак ва шарт. Конституциямизда белгилангандай бир шахснинг президентликка сайланиш муддатига амал қилиниши шарт. Чунки сиз ва  биз тарихдан ва жаҳон тажрибаларидан шуни кўраяпмизки, бир шахсни узоқ вақт давлат тепасида ўтириб қолиши қандай ҳолатларга олиб келганини.
  2. Умид қиламанки, барча пок қалбли адолатпарвар, демократик фикрловчи инсонлар бир сиесий гуруҳ атрофида бирлашиб, сиесий кучга эга бўладилар ва бўлажак парламент ва президент сайловларида ўзбек халқи муносиб номзодларни танлаб халқпарвар инсонни ҳукумат тепасига келишига эришадилар.

 

 

 

Меҳрибон Қадамова

«Бирдамлик»  ХДҲ фаоли

Тошкент шаҳри Ўзбекистон.

9 март 2013йил

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares