
(туркум)
1.Туркий ўзбек ва туркий қирғизларнинг виждонли фарзандлари қаерда?
Ҳар бир кишининг, ҳар бир оиланинг ўз ғами бор. Аммо уйлари куйдирилган, аҳолисининг минглари ўлдирилган, мол мулки таланган, хор-зорликда яшаётган Ўш, Бозорқўрғон, Жалолободдаги туркий- ўзбекларининг ёки ҳимоячилар ўқига учган, алданган қирғизнинг – бу малъун уруш туфайли пайдо бўлган ғами олдида ўз ғами ва оиланинг майда ташвишлари ҳеч нима бўлмай қолади…
Адашган туркийларнинг ўзаро жанжали ва жанги- жадали туфайли пайдо бўлган қайғуни Ўш, Бозорқўрғон, Жалолободликлардан бошқа чекувчилар ҳам бор, лекин уларнинг қайғулари оиласидан, мол мулкидан, номусидан ажраган жигарбандларимизнинг оғирини енгил қилаолдими?
Бу урушни ташкил қилганлар, одамларнинг уйларини ёқиб, қиз ва аёлларининг номусига тажовуз қилганлар, кейинчалик ҳам адолатни эмас, адоватни байроқ қилиб, хор бўлганларни бадтар хўрлаётган жиноятчилар жазоландими?!
Ташкилотчилар, ижрочилар жазоланиб, ҳақиқат қарор топгандагина уруш жабрдийдаларининг ғами оз бўлсада унитиларди. Бу ҳақиқатни қарор топтириш учун ўзбек ва туркий қирғизларнинг виждонли фарзандлари нима иш қилдилар? Ҳамма гап ўша ишнинг салмоғи ва самарасидадир!!!
***
2. ХАЛҚ ДАРДИГА ЙЎҒРИЛГАН ШЕЪРЛАР НЕГА КАМ?
«Мен қийналиб кетганда ёки ўта хурсанд бўлганда қўлимга қалам оламан. Чунки шу хил пайтларда халқ дардига йўғрилган чинакам асарлар юзага келади.» деганди машҳур бир шоир.
Бугунги кунда Ўзбекистон ичкарисида яшаётган қатор шоирлар эса халқ тақдирини ўйлаб қийналмайди, изтироб чекмайди. Халқ дардидан кўра рўзғор ташвишини кўпроқ чекади. Шу учун ҳам халқ дардига йўғрилган ҳақиқий шеърлар уларнинг ижодига меҳмон ҳам бўлмайди.
Б.Норбой.



