“Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотини фаоли Лариса Григорьеванинг балоғатга етмаган фарзанди Григорий Григорьевнинг устидан қўзғатилган жиноий иш юзасидан Жиноят ишлари бўшйича Чилонзор туман суди навбатдаги суд мажлисини шу йилнинг 5 март кунига белгилаган эди.
Судья Григорийнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилаётган ҳуқуқ ҳимоячиси – жамоат ҳимоячиси Шуҳрат Рустамовни суд залидан чиқариб юбориш асносида суд мажлисини бошлашга қарор қилди. Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, судда раислик этувчи судья ҳуқуқ фаоли Ш. Рустамовга суд мажлисида ҳатто кузатувчи сифатида ўтиришига ҳам изн бермади.
Гап шундаки, бундан бир неча ой муқаддам ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов Инсон ҳиқуқлари “Эзгулик” жамияти томонидан берилган ҳуқуқий ҳужжат асосида Г. Григорьевга жамоат ҳимоячиси сифатида ҳуқуқий кўмакка шайланган эди.
Не ажабки, иш авж палласига етган бир пайтда “Эзгулик” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Васила Иноятованинг ўз ташкилоти томонидан Шуҳрат Рустамовга “жамоат ҳимоячиси” “унвони”ни берувчи ушбу ҳужжатининг ноқонуний инъом этилганлигини ифодаловчи йиғилиш баённомасини судга тақдим этиши, Шуҳрат Рустамовнинг ҳимоя қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, суд залидан қувғин қилинишига сабаб бўлди.
Таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Васила Иноятованинг Шуҳрат Рустамовга ўз имзоси билан ҳадя қилган ҳужжатини қай бир важга кўра ноқонуний деб топганлиги ва инкор этганлиги сабаб ва сирлари бизга ҳозирча мавҳум.
Провардида, ҳали балоғат ёшига етмаган Григорий жамоат ҳимоячисидан мосуво бўлди.
Ўсмир йигитчани ҳимояланиш ҳуқуқидан маҳрум этишга муваффақ бўлган судья ниҳоят суд мажлисини кўтаринки руҳ билан бошлаб юборди. Ва суд тергов ҳаракатларидаги қонунбузарликларга қонуний баҳо беришни четлаб ўтиб, Г. Григорьевга нисбатан ҳукм чиқарди.
Суд ҳукмига асосан Григорий айбдор деб топилди ва Ўзбекистон ҳукуматининг “марҳамати”дан баҳраманд бўлди – яъни, аминистия актига “илиниб”, ноқонуний қўлланиши муқаррар бўлган жазодан қутилиб қолди.
Эслатиб ўтамиз, судланиувчининг милиция ходимлари томонидан калтакланганлигига оид берган аризаси, шунингдек, жамоат ҳимоячиси Шуҳрат Рустамов томонидан терговчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатиш борасидаги шикоятлари суд томонидан инобатга олинмади, булар борасида суд қайсидир маънода ажрим чиқаришни ҳам лозиб деб топмади.
Жамиятимизда, хусусан, қонун идораларида содир бўлаётган бу каби адолатсизликлардан азият чеккан Григорийнинг волидаси Лариса Григорьева очлик акциясини давом эттиришини маълум қилди.
Ушбу суд мажлисида АҚШ ва Буюк Британия элчихонасининг вакиллари кузатувчи сифатида иштирок этдилар. Шунингдек, гарчи адолатни айтишга журъатлари етмаса-да, НТТ нодавлат телеканалининг журналистлари ҳам судда ҳозир бўлишди, тасврига олиш ишларини амалга оширишди.
Чамангул НЕГМАНОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Тошкент вилояти бўлими фаоли



