ЎЗБЕКИСТОН: ЎзМТРК РАИСИ РАҚИБИНИ РАКЕТА БИЛАН УРИБ ТУШИРДИ…

 

Мирҳожиддин Мирзо ЎзМТРК раиси Алишер Хаджаевга маънавият ва мафкура масалалари бўйича ўринбосар этиб тайинлангач, ТВда бир гап болалаб қолди: “Яқинда Алишер Журақуловичнинг думи тугилармиш. Ўрнига Мирҳожиддин Мирзо бўлармиш…”. Таббийки, бу каби миш-мишлар ЎзМТРК раиси Алишер Хаджаевнинг оромини ўғирлаб қўйди. Чунки у Мирҳожиддин Мирзо ўзига энг муносиб рақиб эканлигини жуда яхши биларди-да. Нима қилса экан? Қандай қилиб йўлида учраган бу ғовдан қутилса бўларакан?” деган мудҳуш ўйлар куну тун кўнглини бепичоқ ўйиб-сўйиб Алишер Журақуловичга тинчлик бермай қўйди.

Биз ўзбекларда “Қаловини топсанг қор ҳам ёнади” деган хўўўп топиб айтилган ибора бор, эшитгансиз-а? Ҳааа, баллиии!

Ниҳоят Алишер акамиз қаловини топди. Натижада, юлдузни ҳам бенарвон урди, шаввоз. Нима бўлди денг?: Айтишларича, Алишер акамиз энг асосий ғов, муносиб рақибларини ракета билан уриб тушурганмиш! Қандай қилиб дейсизми? Мана, бундай қилиб:

– “Ўзбекистон” ТВдаги бир муҳарририятнинг бош муҳарририман. Ўзимни таништириб ўтирмайман. Номимни ошкор қилиш дегани, бу -алвидо кресло дегани. Хуллас, Алишер Журақулович ЎзМТРКдаги барча раҳбару-раҳбарчаларни биттама-битта, яккама-якка қабулига чақириб, алоҳида, обдон чиғириқдан ўтказди. Хуморидан чиққунларича суҳбатлашди. Бу дийдордан муддао шу бўлдики, ТВнинг мен раҳбардан деганининг бари Алишер Хаджаевдан “Бугундан бошлаб Мирҳожиддин Мирзонинг қўрсатмасига амал қилмайсиз. Неки демасин, тескарисини қиласиз. Имкони бўлса, эфирда унинг вазифасига алоқадор мавзуда бир яримта хато ўтказиб юборасиз! Қанотим тагида кўкарай, палак ёзай десангиз, шундай қиласиз. Тушунарлими? Унда, марш, ишга!” қабилида топшириқ олиди.

Ўзбекчиликни биласизу, “раҳбар амри вожиб!”. Худди шундай бўлди.  Шўрлик Мирҳожиддин Мирзо ҳаш-паш дегунча, гарчи раис ўринбосари бўлишига қарамасдан, “етимча” раҳбарга айланди қолди. Бироқ кимсан демайди, бирор бир зоғ гапига қулоқ тутмайди.

Бироқ, бизнинг уддабурро Алишер акамиз осонликча жон берадиганлардан эмас. Курсисини икки қўллаб Мирҳожиддин Мирзога топшириб қўядиган анойи бораканми? “Қулингиз бўлай, то ўлгунча хизматингизни қилай, ТВ деган даргоҳ токи мен раҳбар эканман сизнинг измингизда” дея кўппакдек думини ликкилатиб, Тошкентликлардан иборат арбоблар гуруҳининг (ҳаҳ, нимаям дейишарди, кланми, клоун…мидией, хуллас, ўша-де, фаҳмладингиз) олдига минг бир букилиб борди.  Карнайчидан бир “пуф”-да! Ҳа, нима, ЎзМТРК деган пирхонанинг коооттаси қаршиларида овчи олапардек жилпанглаб, ер ялаб турганидан кейин, эришмасинми? Қайишади-да! Алишердек қул яна қайда бор?! Бир амаллаб Каримопни ҳам қўлга олишди. Гап бундай бўпти-да. Иш хамирдан қил сўғургандек битди-қўйди.

Ниҳоят, Алишер Жўрақулович Хаджаев ўзининг омонат ўринда қоладиган бўлди!”, дейди номини пинҳон сақлашимизни сўраган муҳаррирлардан бири.

Келинг, давомини мана, ўзимиздан эшитинг: Аммо Мирзо-чи? У ТВда ризқини териб юрадиган бўлса, эртами-кеч Жўрақуловичнинг келажагига, креслосига раҳна солиши турган гапку?

Шундай қилиш керакки, бу Мирҳожиддин деганлари кўзга чиққан чипқондек бўртмасдан, назардан четроқда бўлсин! Бу ёғини ҳам бир илож қилиб амаллади акамиз! Бирини ака, бирини ука дея-дея, кўкидан қистира қистира, ниҳоят Мирҳожиддин Мирзони КЎТАРИБ қўйди. Яна қаерга? Маданият ва спорт ишлари вазирлигига! Кимсан вазир этиб тайинлашди-я?! Қарабсизки, сих ҳам куймади, кабоб ҳам.

ЎзМТРК шунақа жой. Четдан келгани чиқиштиришмайди, чўқиб ташлашади. Бу даргоҳга ҳатто Бош вазир Мирзиёев тугул, Каримопнинг ҳам тиши ўтмайди ҳатто. Чунки Алишер акамиз ТВни ўз монополиясига айлантириб бўлган. ЎзМТРК давлат ичидаги кичик бир давлат. Бу давлатнинг ўз президенти, ўз бош вазири, қўйингчи, ўз қироли ва ўз қароли бор! Шунақааааа….

ЎзМТРКнинг қинғирликлари ҳақида яна янгидан-янги қайноқларидан бор! Қуруқ қолиб кетманг! Қолганлари  ҳақида кейинги гал…

 

Шербек РАСУЛБЕКОВ

тележурналист

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares