Жуда яқин замонда, Тошкент ё Андижонда хонадонларнинг бирида ақлли бир телевизор яшаган экан. У эгаларининг истагини сўзсиз тушунар, дўсти Пультиквой билан халол меҳнат қилиб умргузаронлик қилишар экан.
Нима бўлибди-ю ажойиб баҳор кунларининг бирида кўрсатиб турган телевизор куйиб қолибди. Хонадон соҳиблари ҳайрон эмиш, “Ҳеч нарса бўлгани йўқ-ку, нега куйиб қолади?” Оиланинг бош фарзанди техникадан бир оз хабардор бўлгани учун телевизорнинг у ёқ бу ёғини очиб кўриб, шубҳали нарса топа олмай боши қотибди. Хонадон энг яқин дўстидан айрилгандай чуқур қайғуга тушибди….
Кичкинтойлар севимли мульфильмларини кўра олмаётганидан, катталар эса сақичдай чайналувчи сериаллари ўтиб кетаётганидан хафа эдилар. Чақирилган бир нечта усталар телевизорнинг ичак-чавағини ағдариб кўриб, “Телевизорингизни касалини топа олмадим” дан нарига ўта олмай қайтиб кетишар экан. Ахийри улардан бири хонадон катталарига дебди:
– Нега ишламаётганига хайронман, икки соат уриниб тузата олмадим. Сизга бир маслаҳатим, фалон маҳаллада телевизорларнинг тилини биладиган уста яшайди деб эшитганман. Агар ўша киши бунинг дардига малҳам топа олмаса янгисини олишдан бошқа чорангиз қолмайди!
Машҳур устани бошлаб келишибди:
– Мени телевизор билан холи қолдиринглар, у билан гаплашиб олишим керак.
Иккаласи ёлғиз қолишгач, уста телевизордан сўрабди:
– Бир қур кўздан кечириб чиқдим, ускуналаринг бинойидек, лекин ишламаяпсан. Нима бўлди?
– Эҳ устажон,- дея тилга кирибди телевизор,- дардимга ҳеч ким хатто сиз ҳам малҳам бўла олмайсиз!
– Нега ундай дейсан? Бир бошдан гапириб бергин, хонадон соҳибларидан бирортаси сени хафа қилиб қўйдими?
– Йўқ,- дебди телевизор,- бу оиладагилар мени асло ранжитишмайди. Калбимга мутлақо бошқа инсонлар озор беришди. Майли, сизга айтиб бера қолай.
…Байрам арафаси эди. Бир куни оқшом кўрсатувларнинг бирида аллақайси бир корхона раҳбарининг тадбиркорлиги, ишбилармонлиги, чет эллардаги ҳамкорлар билан алоқалар ўрнатиб, халқ манфаати учун ажойиб ишлар қилаётгани ҳақида жуда чиройли лавҳалар намойиш этишди. Фахрланиб кетдим, нега десангиз мени томоша қилиб ўтирган кичик томошабинларимнинг кўзларида нур порлаб, » Биз ҳам зўр ўқиб, келажакда ана шундай тадбиркор бўламиз. Маҳалламиздаги инсонлар учун иш ўринлари яратиб, дуоларини оламиз!»дейишди.
– Тўғрида, агар элда иш биладиган, ақлли инсонлар қанча кўп бўлса юрт фаровон, дастурхонлар тўкин бўлади. Мен эса гўзал юрт манзараларини жон деб кўрсатаман. Қурилаётган янги бинолар, замонавий мактаб ва коллежлар, барпо этилаётган боғ-роғлар инсон меҳнатининг, ақл- заковатининг маҳсули эканидан хурсанд бўламан. Оқ- қора кўрсатган ота-боболаримнинг тушига ҳам кирмаган замонда яшаётганимдан хурсандман! «Кичик томошабинларимни кўпроқ яхши одамлар билан таништириб турсам, улар ибрат олади» деган ўйлар билан кўрсатувнинг қолганини жон деб намоиш этаётган эдим. Бироқ, кўрсатув мени ранжитадиган лавҳалар билан якунланди.
– Нега ундай деяпсан, тушунтириброқ гапир?!- деди уста ҳайрон бўлиб,- нима ўша тадбиркор қазо қилибдими?
– Йўқ, у ўлмаган аммо….Хуллас кўрсатувнинг давомида ишбилармоннинг байрамз арафасидаги савоб ишлари ҳақида гап кетди.
У киши “ Ҳар бир мулкдор саҳоватли бўлиб бева-бечораларга мурувват кўрсатиши лозимлиги ҳақида гапирди. Томошабиннинг диққатини ўз маҳалласида қилаётган эзгу ишларига жалб этди. Лавҳаларнинг бирида карнай- сурнай наволари остида терилиб турган ўн нафар етим болалар ўз суннат тўйларини нишонлаётган бўлсалар, яна бирида уйи таъмирланиб берилган бир отахон уни дуо қилаётган эди. Учинчи бир лавҳада эса, оила бошлиғи ногирон, ночор бир оилага мебеллар тўплами совға қилингани кўрсатила бошлади. Уйига янги мебел келганидаан қувонган келин, бой ва мурувватли маҳалладошини кўзида ёш билан дуо қилди.
– Зўр-ку!- деди уста,- бунинг нимаси сени ранжитди. Ўзига тўқ бир инсон бошқаларга ёрдам қўлини чўзгани қандай яхши!
– Яхшиликка яхши! Аввал мен ҳам шундай деб ўйлар эдим. Қўли калта бир оилага инсонпарвар тадбиркорнинг ёрдами тегибди,.Қувониб, лавҳаларни чин қалбимдан намоиш эта бошладим. Аммо ногаҳон ногирон оила бошлиғининг кўзларига тикилдим. У аёли каби қувонмас, атрофида йиғилиб турган одамларга қараб синиқ жилмайиб ўтирар эди. Шунда мўъжиза рўй бериб, унинг хаёлларини ўқий бошладим.
“Ногиронлик аравачасида ўтирганим билан, бугунга қадар ўзимни ҳеч қачон бунчалик нотавон сезмаган эдим. Уйимиз ва ундаги жиҳозлар эски бўлгани билан ўзимники эди. Биров аҳволимни сўраб келганида, ўтказгани тузукроқ жой топа олмасам ҳам, охори тўкилган кўрпачадаги меҳмоним билан мазза қилиб суҳбатлашар эдим… Кеча оқшом шу бой одамнинг олиб келган жиҳозларидан кўзим қувнади. Болаларим ҳам энди янги стол-стулда ўтириб дарс тайёрлайдилар, юмшоқ ётоқларда ухлайдилар дея уни астойдил дуо қилдим аммо кейин…Мен саҳоватгўй инсон ҳадяларини оқшомда ҳеч кимга билдирмай, қўни-қўшни олдида ҳижолатга қўймай ташлаб кетди деб бекор қувонган эканман. Мана бу томоша нимага? Қўлида камера кўтарган муҳбирлар, катта- кичик томошабинлар оиламга қилинган эҳсонни қайта-қайта томоша қилиб, тасвирга олишяпти. Ночорлигимга, шу нарсаларни болаларимга ўз меҳнатим билан олиб бера олмаганимга маҳалладошларим олдида ер чизиб, бир бурдагина бўлиб қолдим.
Телевизоржон шуни сен орқали элга ноғора қилинди, мана ҳволимга бир қара! Ногиронда ҳам уят ва энг муҳими ҳамият борлигини ишбилармон қўшним унутиб қўйган бўлса? Болаларим ҳали гўдак лекин катта бўлгач эл орасида қандай бош кўтариб юришади. Ёнида кулиб турган ўртоғи кун келиб “катта бўлган каравотинг ҳам дадамнинг пулига келган” деса, ўғлим уялиб қолмайдими?
Ногирон одамнинг ичидан вулқондек тошиб келаётган фарёд, атрофдагиларга синиқ табассум ва ишбилармонга “дуо”га айланаётганини кўриб портлаб кетсам керак деб ўйладим! Балки, қаршимда ўтирган кичкинтойларнинг асло ўша лўттибозга ўхшашларини истамагандирман! Минглаб томошабинларнинг ярми болалар бўлса, эртага қанча ногироннинг, етимнинг юраги тирналади деган ўй кечди ҳаёлимдан. Мени тузатасиз устажон аммо яна шундай лавҳалар бўлса ёниб кетмаслигимга кафолат йўқ!
Телевизор қараса уста елкалари силкиниб йиғлаётган экан.
Ҳа, биродар “Ўнг қўлинг берганини чап қўлинг билмасин” деган ҳикмат бекорга айтилмаган…
Телевизорнинг тилини топган устанинг кўзлари жиққа ёшлигини кўриб, хонадон аҳли хайрон қолди. У хизматига хақ ҳам олмади…



