ҚОРА БОЗОР…

 

Ҳамма шаҳарларда ноқонуий, аммо бемалол фаолият олиб борадиган валюта олди-соттиси билан шуғулланадига қора бозор бир чайпалиб олди. Одамларнинг кўзига хукуматнинг чиқарган қонуну, қарорлари ижроси амалга ошяпти деб кўрсатиш мақсадидами ёки бошқа бир “ўйин”ни амалга ошириш учунми бирданига  қора бозорда доллорнинг нархини тушириб юборишди. Бунинг орқасидан бир неча одамлар юрак хуружини бошидан кечирдилар.

Қонунда хориж валютаси билан олди-сотти қилиш таьқиқланган. Аммо, ҳаётда ҳамма доллорга ёпишади. Пул сақловчилар ҳам фақат доллорда пулини асрайди. Чунки, бу пулнинг бозори ҳамиша чаққон. Тинмай ўсиб боради. Аслида доллор киммларнинг қўлида? Албатта хукуматнинг тепасида ўтирган карчалонларнинг қўлидада. Оддий, камбағал халқ доллорни қаердан ҳам, қайси пулига олсин. Қишлоқлардагилар энди ўғли, эри, хотини, қизи Россияга ёки бошқа хорижий мамлакатга кетиб, доллорни кўрди, банкни кўрди. Унга қадар доллор қандай бўлишини билмас эдилар. Ҳозир ҳам бундайлар кўп. Энди пластик карта чиқиб, ўзбек сўмини ҳам эсдан  чиқаришадиган кўринади.

Банкдаги доллорлар эса оддий халқнинг қўлига тегмайди. Қонунда ҳар бир фуқаро 10 кунда бир бора ўзининг сўмини доллорга алмаштириши мумкин. Аслидачи, доллор олмоқчи бўлиб банка кириб кўринг, буни эшитиб қолишса, остонаданоқ қайтаришади, бир нарса қилиб банк бошқарувчисининг олдига кирсангиз, минг бахоналар билан сизнинг хафсалангизни пир қилиб чиқариб юборишади, худди кредит олмоқчи бўлган нотанишларига қилган муомалаларини қилишиб. Ҳар бир банкнинг кредит оладиган, доллорни оладиган “ўзи”никилар бор. Иш улар орқали амалга оширилади. Таниш билишлардан, узоқ қишлолардаги қариндошлардан паспортлар йиғиб келинади, уларга  доллор олиш ҳақидаги хужжатлар расмийлаштирилади. Паспорт бериб турган фуқарога 3-4 минг чойчақа бериб қўйишади. Доллорлар “қора бозорга” равона бўлади.  Банкдан 1 АҚШ доллорини 2017 сўмга олинса, бозорда 2500-2800 сўмгача сотилади. Ўртадаги тафовут яьни фойда банкнинг бошқарувчиси, унинг кўмакчилари чўнтагига келиб тушади. Пул бўлса чангалда шўрва деганларидек, текширувчи, назоратчининг йўллари ўша пуллар билан тўсилади. Оддий халққа фойдаси тегмай, фақат юқоридагиларнинг хизматида бўлган банклар унинг олғир, товламачи, фирибгар ходимлари ишлаб юбаверадилар, оддий мехнаткашнинг пешона тери эвазига топган пластикдаги пулидан фоиз олиб, нақд пулга айлантириб бериб, ундан ҳам фойда кўради. Буни ҳамма билади, фақат хокимликлар, маьмурий органлар, солиқчилар билмайдилар ўзларича.

Одамлар фойда топиб, рўзғорини бутлаб, сал даромад олса ўша каналлар дарҳол ёпиляпти. Халқ бой бўлса, хукуматнинг тепасидаги айрим, ўзидан бошқани ўйламайдиган, дарди бойлик ортириш бўлган, давринг келди сур бегим  қабилида иш тутувчилар гирибонидан олиши турган гапда. Шунинг учун ҳам нима қилиб бўлсада, бунга йўл қўймаслик учун қонунларга ҳам парво қилмасдан, бу йўлларга тўсиқ қўйишади.

Масалан, кредит уюшмалари ташкилланиб, юқори фоиз бўлса ҳам 5-10 миллиондан нақд пул берилаётган эди. Кўпчилик бу имкониятдан фойдаланиб, машина, уй олишга эришди, тўй учун ҳам пул олишди. Аслида давлатнинг измида бўлган тижорат банкларидан безиган одамлар кредит уюшмаларига оқиб кела бошладилар. Кўпчилик кредит уюшмаларига жамғармаларини қўйиб, фоизини олишаётган эди. Одамлар энди ўрганиб, фойда ола бошлаган эдилар, нима бўлди-ю, Тошкентдаги бир кредит уюшмасида фирибгарлар чиқибди деб ҳамма кредит уюшмаларини ёпиб юборилди. Халқ яна эшигини очиб қўйиб, хоналарни беркитиб ўтирадиган банкирга қолди.

Қора бозордаги, банклардаги ”ўйин”ларнинг ҳаммаси уларнинг хомийлариданда, яна нима бўлиши мумкин.

 

 

Ойша РАҲМОН қизи

“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими матбуот котиби

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares