Ўбекистон Мустақиллиги эълон қилинганидан кейин биринчилар қаторида маҳаллаларга катта эътибор қаратилди. Ҳатто, маълум бир йил «Обод маҳалла» йили деб ҳам эълон килинди. Буларнинг ҳаммаси халқни маҳалла кўмагида тутқунликда ушлаб туришнинг йўлларидан бири эди. Масалан: МХХ ёки прокуратура ходимлари кимнингдир пайига тушса, албатта, биринчи навбатта маҳалла фуқоролар йиғини раисига мурожат қилиб, шу одам тўғрисидага барча маълумотларни сўраб олади. Нафақат сўраб, балки шу маҳалла раиси орқали ўзнинг биринчи зарбасини беради. Яъни айнан маҳалла раиси томонидан маълум шахсга нисбатан қилмаган ишларини қилди деган мазмундаги тамомила туҳматтан иборат «Тавсифнома»сини ёздириб, муҳрини ҳам урдириб оладилар. Чунки бугунги маҳалла раисларида на ҳуқуқ, на эркинлик бор. Ҳатто шахсий фикр ҳам мавжуд эмас. Улар тепа идора вакиллари нимани сўрашса. Ана шунигина қоралаб беришга қодир кимсалар, холос… Хуллас, маҳалла раисининг ёлғонлардан иборат тавсифномаси – яхшигина “далил”га эга бўлган МХХ ходимлари кейин нима қилишади? Қўрқмасдан, қўлидаги қоғозларга таянган ҳолда бир фуқарони бадном қилишга бел боғлашади. Бегуноҳ кимсанинг ишини прокуратурага, ёки судга оширишдан ҳам тойишмайди. Қарабсизки, маҳалла раисларининг “ташаббуси” ва иштирокида айбсиз айбдор одам ё жиноятчига чиқарилади, ёки жуда раҳмлари келса, мўмайгина жарима билан “гуноҳларидан ўтишади”! Бугунги кунда маҳалла фуқаролар йиғинининг энг асосий вазифаси кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаш, маҳалла тотувлигини, ҳамжиҳатлигини сақлашдан эмас, аксинча, Ҳокимиятнинг қонун идоралари томонидан эркин фикрловчи фуқаролар учун қўйилган махсус бир “қопқон” вазифасини ўтамоқда. Бугунги кунда қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинларининг бу каби “олқишли” фаолияти ҳеч кимга сир эмас.
Янаям ачинарли томони, маҳаллалардаги ҳақиқатдан ҳам моддий ёрдамга муҳтож оилалар давлат томонидан ажратилган моддий кўмакни ололмасдан. Ранглари самон бўлиб юришади, ҳукуматнинг ҳотамтойлиги эса асосан, бой хонадонларнинг қозонини қайнатмоқда. Негаки, айнан ана шу ўзига тўқ оилалар маҳалла раисларининг “қўнгилларини олиш” имкониятига эгадирлар.
Халқимизда «Юрт мўлладан бузилади» деган гап бор. Бу иборага озгина ўзгартириш киритиб, «Юрт маҳалла фуқаролари йиғини раисидан бошлаб бузилади» дейдиган бўлсак, бу гап Ўзбекистонимизнинг ҳозирги ҳолатига айнан мос ва хос, ҳақиқий ўхшатиш бўлган бўлур эди….
Дилбар САИДОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Тошкент шаҳар бўлими фаоли



