ЎЗБЕКИСТОН: МАҲАЛЛА… НАФАҚАЛАР ТЎЛОВИ….

 

Фуқароларнинг кам таъминланган, ўзгалар ёрдамига мухтож, боқувчисини йўқотган қисмига, шунингдек, икки ёшгача фарзанд тарбиялаётган оналарга маҳалла фуқаролар йиғини томонидан тузилган комиссия орқали нафақалар тўланади. Бу ҳуқуқнинг айни маҳаллага беришдан мақсад унинг нуфузини ошириш эди. Аслида эса бу ишончни маҳалла оқладими деган савол туғилади? Берилган бу имкониятдан маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари “яхши”, “унумли” фойдаланишга киришдилар. Таниш билишчилик, қариндош-уруғчилик устун келди. Нафақага мухтож камбағал, етим-есирлар қолиб, бой-бадавлат хонадонлар ҳам давлатнинг нафақасига кўз тикиб қолдилар. Фақат маҳалладаги комиссияни розилигини олинса, бўлди. Бу комиссия учун ҳам, маҳалла раисидан тортиб котиб, маслаҳатчи учун ҳам ойликларига қўшимча даромад манбаига айланди. Нафақа олиш учун ариза берган фуқаро маҳалла ходимига ҳеч бўлмаганда бир ойлик нафақасини бериши, сўнг аризаси қондирилиши  одат тусига кирди. Бунга рози бўлмаганлар эса нафақа пулидан бебаҳра қолишди. Лекин, бу ҳақда юрак ютиб бирор бир идорага мурожаат қилмадилар.

Бирор сўз айтишга журъатлари етмади фуқароларнинг. Идорама-идора арз билан югургандан кўра осонгина пора бериб ишларини  тўғрилаб олганларига худога шукур келтиришга одатланишди. Аммо, назоратчи идоралар томонидан  текшир текшир қилинганида бундай ҳолатлар аниқланди. Кўп маҳалла ходимлари жавобгарликка ҳам тортилиб кетди. Аммо, нафақанинг устидан таъмагирлик, порахўрлик тўхтамади.

Ўтган йилда Республика Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Ижтимоий нафақаларни  тайинлаш тартибини янада такомиллаштириш ҳамда оилаларнинг жами даромадларини янада тўлиқ ҳисобга олинишини таьминлаш тўғрисида»ги, шунингдек, «Ижтимоий нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари қабул қилингани ҳам бежиз эмас. Қарорга асоан энди  16 ёшгача эмас, 14 ёшгача бўлган болалари бор кам таъминланган оилаларга нафақа пули берилади. Энди оилада қанча аъзо бўлса, уларнинг даромадлари ҳам қўшилади. Сигир, бузоқ, томорқа, Россияда ишлаётган оила аьзосининг даромади ҳам аниқланади. Айни кунда қарорларни жорий этиш борасида маҳаллада иш бошланди. Аммо, яна ортиқча даҳмазалар кўпайди. Нафақа олиш мураккаблашди. Лекин, шунда ҳам бир йўли чиқиб қолар деб умид қилишяпти. Чунки, озгинагина маошга  кеча-ю-кундуз ишлаётган маҳалла раиси, котиби, маслаҳатчиси яна қандай қўшимча даромад топсин?

 

Ойша РАҲМОН қизи

“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими Матбуот котиби

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares