Навоий шаҳрида яшовчи Шоира Сувонова ўткир, мижозлардан олган хизма ҳақини оқлайдиган, қонунга мувофиқ иш олиб боришдан қўрқмайдиган адвокат изламоқда.
Гап шундаки, унинг ўғли Шуҳрат Расуловнинг қилган ахлоқсизлиги қимматга тушди. Гулнисо Умарова Шуҳратдан 10 ёш катта бўлишига қарамай у билан анчадан бери ишқий муносабатда бўлиб юрган. Аёл ва эркак ўртасидаги ихтиёрий муносабатлар Шуҳратнинг Собир исмли ўртоғи сабаб “мажбурлади”, “зўрлади”га айланиб кетди.13 январ куни Гулнисонинг кўрсатмасига кўра, Шуҳрат билан Собир қамоққа олинди. Ишни олиб бораётган терговчи Акром Жумаев Шуҳратдан 1 январдан то 13 гача мўмайгина пул кутган эди. Аммо Шуҳрат терговчига ишни бости бости қилиш учун фақатгина 1500 АҚШ доллари бера олди холос. Терговчи Акром Жумаевнинг нафси эса яна ўн миллион сўмни кутган эди. Шуҳрат белгиланган маблағни топаолмагач, қамоққа олиниб, тергов бошланди. Шоира Сувонованинг айтишича, мўмайгина даромад кўриш илинжида ороми бузилган терговчи гарчи “даъвоим йўқ” деяётган бўлишига қарамасдан, Гулнисони саводсизлигидан фойдаланиб, унга пўписа қилиб, қарши ариза ёзишига йўл бермаяётир. Шуҳратни эса тергов жараёнларида уриб, тепиб-тепкилаб ичини тўкиб ташлашгача боришган. Бу ҳам камлик қилгандек, терговчи Акром Жумаев “Уруғинг билан умрингни қамоққа чиритаман”, дея дағдага қилишдан толаётгани йўқ. Терговчининг бу каби “қитмирлик”ларидан мақсад, қилмаган “мўмайгина даромадни қўлга кирита олмаганлиги”нинг аламини олиш, қолаверса, баки, “ставка”даги “доля”сига эга чиқмадими, лоақал қилмаган айбини бир илож қилиб Шуҳратнинг ёқасига ёпиштириш орқали ҳарбий унвон ва мартаба соҳибига айланишдан иборат.
“Уч марта адвокат алмаштирдим. Учаласига ҳам ортиғи билан ҳақ тўладим, аммо ҳеч бири қонуний ишламади, ўғлимни ҳуқуқини ҳимоя қила олмаяпти, бу аҳволда боламдан айрилиб қоламан”, дея азият чекмоқда жабрдийдла она Шоира Сувонова. Терговчи томонидан дастлаб қўшмачиликда айбланган Шуҳрат Расуловнинг гарданига айни дамда жиноий гуруҳ ҳаракати – 119- модданинг 2-қисми қўйилмоқда.
“Ёлғиз ўғлим калтакдан майиб бўлмаслиги учун мен ҳамма нарсага тайёрман”, дейди онаизор. Чунки Шуҳратни уйда унинг тўрт ойлик келинчаги кутмоқда.
Шуҳрат Расулов отасиз, камбағал оилада вояга етган. Онаси оддий уй бекаси. Бу терговчи учун жуда қўл келмоқда.
Фирдавс НАРИМОНОВ
“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Навоий вилоят бўлими фаоли



