Улуғбек Бакиров: Норвегиядан Ўшга сафар (1)

 

 

Журналист Улуғбек Бакиров яқинда Қирғизистоннинг жануби Ўш шаҳрида сафарда бўлиб қайтди. Бир ой давом этган сафари мобайнида Улуғбек, асосан, Ўшдаги ўзбеклар турмуш тарзи билан яқиндан танишиб, у ердаги ижтимоий, иқтисодий ҳамда сиёсий ҳаётни ўрганиб қайтди.

 

2010 йил июнь қирғинидан кейин бугунги Ўшдаги ҳаёт Улуғбек Бакировни бефарқ қолдирмади. Сафари ҳақида У.Бакировнинг ўзи шундай дейди:

 

– Ўшда сўнгги марта 2006 йил кузида бўлгандим. Ундан аввал ҳам Андижондан Ўшга келиб-кетиб турардим. Орадан олти йил ўтиб, яна Ўшга бордим. Лекин, мен кўрган ҳозирги Ўш, аввалги Ўш эмас. 2010 йилги қирғиндан кейин ҳаёт анча изига тушиб кетгандир, деб ўйлардим. Лекин, афсуски, бундай эмас экан. Ўшдаги ҳаётни, асосан, ўзбеклар ҳаётини таърифлашга тиллар ожизлик қилади. Буни фақат бориб кўриш ва ўрганиш керак. Бир сўз билан айтганда, Ўшдаги ўзбеклар ҳануз қўрқув, таъқиб, ҳадиклар ичида саросимада яшамоқда. Мен Ўшдан улкан таассуротлар билан бирга жуда катта оғир юк ва дард билан қайтдим. Бу юк -миллатдошларимизнинг оғир юки. Бу дард – мен кўрган ўзбек гўдакларининг аянчли дарди.Ўзбекнинг гўдаклари бугун қорни нонга тўймай, йиртиқ калишда лой кезиб, мактабга бормоқда. Бу сўзларим асло муболаға эмас. Бу аччиқ ҳақиқат.

 

Ўшдаги Ўзбек Оналарининг фарёдлари, болаларнинг оҳу нолалари қалбимни ларзага келтирди. Мен кўрганларимнинг барчасини суратларга муҳрладим. Одамлардан аудио ва видео интервьюлар олдим. Июнь қирғинидан жабр кўрган ўзбек маҳаллаларини, шаҳар кўчаларини, масжидларни, бозорларни ва ҳазрат Навоий ҳайкалини, Бобур театрини бориб кўрдим. У ердаги миллатпарвар зиёлилар, фаоллар, журналистлар ва оддий одамлар билан учрашиб, улар билан суҳбатлашдим. Кўплаб ҳужжатларни қўлга киритдим…

 

Бир сўз билан айтганда, Ўшдаги ўзбекларимизга ёрдам керак! Улар ёрдамга муҳтож!..

 

Улуғбек Бакировнинг Ўш сафари давомида тўплаган барча материаллари билан тез кунлар ичида, давомли равишда  Бирдамлик Ҳаракати саҳифалари орқали танишишингиз мумкин. Айни дамда материаллар нашр учун тайёрланмоқда.

“Норвегиядан Ўшга сафар” лойиҳасидаги туркум мақолаларни кузатиб боринг.

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares