Қўйлиқ деҳқон бозорига кираверишда шундай сўзлар битилган: «Бозорни саришта деб бил, одамларни фаришта деб бил». Гап бозорлар ҳақида кетганида шу ибораларни ҳам эслаш ўринлидир, яъни «Агар халқнинг қандай яшаётганини билмоқчи бўлсанг, унинг бозорларини айлан» дейишади.
Қўйлиқ деҳқон бозори Тошкент шаҳрида жойлашган энг катта тўртта бозорлардан бири ҳисобланади. Бу бозорда савдо қилаётганларнинг аксарияти, вилоятлардан келган кишилар бўлиб, улар қишлоқ хўжалик маҳсулотларини улгуржи нархда олиб, чакана нархда сотиб тирикчилик қиладилардир. Баъзида харид учун боорга тушганимда шундай ҳолатларга кўзим тушадики, кўраётганларимни дарров илғаб олиш, идрок этиш қийин бўлади: гоҳида беш-олтита одам савдо қилиб ўтирганларнинг картошкали қопларини, олма тўла яшикларини кўтариб ирғитган, баъзиларининг қоп-қоп маҳсулотларини мусодара қилинди деб, ёки етимхоналарга олиб кетамиз деб махсус милиция автобусларида олиб кетишаётган бўлишади. Одамларни мол ҳайдагандай бозорнинг у бошидан бу бошига қувлашади, ҳақорат қилишади. Кимдир сотаётган нарсаларини йиғиштиришга улгурган, яна кимдир улгурмаган, айримларнинг мол-маҳсулотлари тугул, ўзлари ҳам оёқ остида қолиб кетган, биъзи бировлари калтак еган….
Айниқса, бозор патта йиғувчиларининг каттаси Аъзам ака ҳақиқий қахрамон бўлиб чиқди! Чунки у яқинда битта опа-сингилни калтаклади, оқибатта аёллардан бири – сингил ҳомиласини йўқотди. Бу воқеадан кейин Аъзам судга узоқ қатнаб юрди-ю, ноёб “қобилияти” – бозордан топаётган мўмайгина даромадининг қудрати уни омон сақлаб қолди. Айни дамда, ҳеч нарса кўрмагандек, боз боягидек, ўз ишини, зўравонлигини қолган жойидан давом эттириб ю-юююрибди.
Бу Тошкент шаҳридаги биргина бозорида содир бўлаётган хўжасизликнинг кичик бир кўриниши… Бироқ, мамлакат бўйлаб бу каби кўнгилсизликлар, ноқонунбузарликлар соат сайин содир бўлади-да…..
Дилбар САИДОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Тошкент шаҳар бўлими фаоли



