
Биз, ўтган йилнинг 7 декбарь куни Тошкентга, Конститутциянинг 20 йиллигини байрам қилиш истагида пойтахтга отланганимиз учун, маҳаллий ҳокимият амалдорлари томонидан ноҳақ жабр чекаётган жабрдийларамиз. Ўша куни Навоий шаҳар ИИбда мажбурий тартибда ноқонуний равишда бир сутка давомида 16 ёшли қизим, жияним ва ногирон ҳолимда мени оч наҳор, уйқусиз ушлаб туришганлари ҳақида илгари ҳам хабар берган эдим. Камига, эрталаб ҳолдан тойган ҳолатимизда ИИБ ходимлари томонидан ёлланган Зулфия Аҳмедова ва Ойдин Эргашевалар (биз учун номаълум барзанги аёллар)га ноҳақ калтаклатиб, айниқса, 16 ёшли қизимни тепиб ташлатиб, бир ярим соат ичида экспертиза ва суд жараёнларини ўтказишган «одил суд» томонидан жабрланган бизларни эмас, балки «ёлланган шалаққилар»ни оқлаб, бизга ноҳақ жазога тайинлашган эди. Ёлланган барзангилар ҳеч қаерда ишламайдиган, фақат бузғунчилик билан шуғулланиб юришига қарамай, қонун ҳимоячилари уларни тиш-тирноғи билан ҳимоялашидан шу хулосага келдимки, бугун жамиятимиз, давлатимизни куни шунақанги жиноятчиларга қолган.
Ҳалол, покиза, билимли меҳнаткашлар бугун жамиятимизга керак эмас экан. Демак, келажак авлод ҳам жиноятчилик йўлини тутиши керакми? Жамиятга керакли бўлиш учун шу тўғри йўл бўладими? Бугун қандай инсонлар керак ўзи жамиятга? Нега ҳақ сўзни айтган инсонларга ноҳақ туҳмат, иғво уюштирилиб йўқ қилиб юборилиши керак? Айни пайтда менга нисбатан тайзиқ ва таъқиб кучаймоқда. Бу орқали нафақат ишлашимга балки яшашимга ҳам йўл беришмаяпти. Аммо мен МХХ ва ИИБ нинг айрим ходимлари ҳақида ўта жиддий қонунбузарликлар амалга оширилганлиги, мутлақо таъқиқланган чет мамлакатлар билан боғланишлар ҳам кузатилганлиги тўғрисида етарлича далилларим бор. Агар бу ҳолатлар шу аҳволда давом этаверса, жим туролмаслигимни маълум қилмоқчиман. Бу далиллар ишончли одамларимнинг қўлига ҳам берилган, мабодо менга нисбатан бирор шикаст етса, дунё бўйлаб тарқалади бу хабарлар. Мен учун ачинарлиси, мамлакатимиз обрўсини тўкаётган бир сиқим манфаатпараст, мансабдорлар жазога тортилиш ўрнига қора қилмишларига кенг йўл бериб қўйилганлиги. Қачон мамлакатимизда адолат тикланади?
Дилдора БОЙМУРОДОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Навоий вилоят бўлими етакчиси



