Вилоятларда исмтиқомат қилаётган Ўзбекистон фукаролари пойтахт Тошкент шаҳрига келганларида, ишлаш мақсадидами, ёки бошқа сабаблар боис келадими, қандай сабаб бўлишидан қатъий назар биринчи марта вақтинчалик рўйхатга олиниши участка нозирлари томонидан амалга оширилиади. Бироқ. Айнан ўша фуқаро иккинчи бор қайта вақтинчалик рўйхатга қўйиш учун Вазирлар Маҳкамасига ёзма тарзда мурожат қилиши талаб этиламоқда. Бунинг натижасида, вақтинчалик рўйхатдан ўтиши зарур бўлган шахслар мартабали ташкилотнинг жавобини бир, бир йарим ой давомида интиқлик билан кутиб қолишмоқда. Буниси ҳам майли-ю, Вазирлар Маҳкамаси ижобий жавоб қиладими, салбий жавоб қайтарадими, номаълум.
Бугунги кунда мамлактанинг турли ҳудудларидан пойтахт шаҳар Тошкент шахрига қандай кишилар иш излаб келадилар? Шубҳасиз, моддий томондан имкониятлари чекланган ночор одамлар келишади.
Озроқ сармояси борлар эса, аллақачонлар, Ўзбекистон телевидениясида “Мумай пул ишлаш илинжида кетишаяпти!” дея жар солишганларидек, тўхликка-шўхлик қилганларидан эмас, аксинча, кун кўриш, рўзғор тебратиш илинжида бир йўлини қилиб, дунёнинг тўрт томонига тарқалиб улгурганлар. Ўз ватанларида ишга кириш, оиласини боқиш учун пул топиш имконияти йўқлиги сабаб ҳам, уй-жойларини, ота-онасини, хотин-боласини ташлаб, гарчи олий малумотга эга бўлса ҳамки, ёт жойларда мардикорлик қилиб, оиласини боқиш учун маблағ топиш илинжида тўрва-халтасини кўтариб кетишга мажбур бўлганлар.
Бугунги кунда Ҳукумат томонидан чиқарилган вақтинча рўйхатга олишнинг янгича қонуни эса вилоятлардан ишлаш учун пойтахт Тошкент шаҳрига келувчиларга бемалол ишлаш имкониятини бермаётир. Аксинча, чиқим қилишга, кимларгадир пора узатишга замин яратмоқда, холос. Яъни, порахўрлик қилиш учун Ҳукумат томонидан янги механизм ишлаб чиқилди, десак ҳам бўлади. Бундай ҳолат халқни қийнашнинг навбатдаги усулидан бошқа нарса эмас.
Дилбар САИДОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Тошкент шаҳар бўлими фаоли



