
“Инсоннинг номи – яримта нони” деган гап бор. Гоҳо одамга қўйилган исм ҳам қайсидир маънода унинг келажаги, тақдирини белгилаб беради дейишади. Бугун барчамиз ҳурмат қиладиган, меҳр билан тилга оладиган инсонга ота-онаси билгандек исм қўйишган экан: Шуҳрат.
Кекса мухолифат вакили, таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Шуҳрат Рустамов исми-жисмига монанд, ҳалол меҳнати, сермашаққат фаолияти билан эл орасида обру топган толеъи баланд инсонлардан бири десак, муболаға қилмаган бўламиз.
Ҳуқуқ фаоли бўлган Шуҳрат аканинг номи бугун Ўзбекистонда кўпчиликка таниш.
Диктаторлик тизимининг тузоғига тушган мазлум борки, Шуҳрат Рустамовнинг беминнат қўлловига муҳтож.
Чумолидек тиним билмас бу инсон бир куннинг 24 соати давомида доимий ҳаракатда: ҳақ-ҳуқуқлари топталган, адолатсизликлар қурбони бўлган, ноҳақ қамалган, қўйингчи, бошига мушкулот тушган барча-барчага бирдек кўмак берсам, оғирини енгил қилсам дейди. Элнинг дарди билан яшаб, кўпнинг ташвиши билан нафас оладиган одолатпарвар одамлардан бири у.
Бугун ана шундай ҳақпарвар, камгап, камсуқум, меҳнаткаш инсоннинг туғилган куни. Шуҳрат Рустамовнинг таваллуд айёми уни биладиган, севадиган, ҳурмат қиладиган одамлар учун ҳақиқий тантанага айланди.
Эрталабдан туғилган кун соҳибини сураб келгувчилар, қутловчилар кўп бўлди. Шуҳрат акани муборакбод этиш истагида ташриф буюрганлар даврасида турли ташкилот фаолларини кўриш мумкин. Улар орасида бизнинг, “Бирдамлик” Халқ Демократик мухолиф ҳаракатининг аъзолари ҳам талайгина эди. Рустамовнинг дунёқарашидан келиб чиқадиган бўлсак, бу ҳолатга ажабланмаса ҳам бўлади… Отахон мухолифат вакилининг диққатга сазовор жиҳатларидан яна бири шундаки, бу инсон учун “Мана бу “Эрк”нинг, мана бу “Бирлик”нинг, буниси эса “Бирдамлик”нинг “одами” деган тушунча мавжуд эмас. Шуҳрат Рустамов қалбида “Буларнинг бари элимнинг, Ўзбекистонимнинг фуқароси. Барчаси эзилган элдошларим, эрксевар юртдошларим” деган умуминсоний туйғу, олийжаноб бир ҳис мужассам, холос.
Ҳурматли ШУҲРАТ АКА!
Таваллуд кунингизда қаторингизда туриш, сизни қутлаш биз учун ҳам қувончли!
Туғилган кун баҳона энг сара, самимий тилакларимизни изҳор қилишга ижозат беринг.
“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати фаоллари сизни қутлуғ кунингиз билан чин қалбдан табриклайди.
Ҳамиша соғ-саломат, шод-хуррам юринг, юз ёш билан юзлашинг!
Эзилган элимиз дардига дармон бўлишдаги фаолиятингиз ҳамиша самарали бўлсин. Ҳаётнинг барча жабҳаларидаги ишларингизга ривож, Шуҳрат ака.
“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати



