Бугун, 26 январь куни “Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти офисида Америка Қўшма штатлари Давлат департаменти демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат ресурслари бўлимининг жанубий ва Ўрта Осиё ҳудудлари бўйича расмий директори жаноб Жим Бигус (James Bigus) билан учрашув бўлиб ўтди. Жим Бигус (James Bigus) жанобларига АҚШ элчисининг иккинчи котиби Эрик Коллингс (Eric Collings) ва элчихона ходими Мамед Аскеров ҳамроҳлик қилдилар. Учрашувда “Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти фаоллари Шуҳрат Рустамов, Турсун Идрисхўжаев, Мансур Машуров, Анатолий Вараксин, Аделаида Ким, Лариса Григорьева, Людмила Бросалина, Неъматжон Сиддиқов ва “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси М. Эшонқуловалар ҳозир бўлдилар.
Америкалик мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикасидаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид масалалар, айтиш мумкин бўлса, мавжуд муаммолар қизиқтирди.
Учрашув “Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти етакчиси Елена Урлаеванинг меҳмонлар ва маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячиларини ўзоро таништируви билан бошланди.
Илк сўз навбатини олган Фарғона вилояти Бувайда туманида истиқомат қилувчи “Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти фаоли Неъматжон Сиддиқов табиий газ ва электр энергияси истеъмолчиларининг 15 йил давомида узлуксиз равишда ҳақ-ҳуқуқлари қўпол равишда бузилаётганлигини афсус билан таъкидлади.
– Айни кунларда Фарғона вилоятининг нафақат туман, қишлоқларига, балки шаҳардаги кўп қаватли уйларга ҳам табиий газ ва электр энергияси беришда узилишлар бўлмоқда. Натижада, айниқса, қиш мавсумида аҳоли ўртасида турли касалликлар келиб чиқмоқда. Болаларнинг соғлиғига жиддий зиён етказилмоқда. Халқ табиий газ ва электр энергиясига оид муаммоларни вилоят ҳокими, вилоят прокуроридан тортиб то Президентгача олиб чиқишган. Аммо барибир муаммо муаммолигича қолмоқда. Ҳеч ким аҳолининг оғирини енгил қилиш ҳақида бош қотираётгани йўқ, – дейди Бувайдалик ҳуқуқ ҳимоячиси.
“Альянс” фаолларидан яна бири Чирчиқлик Турсун Идрисхўжаев ўзи истиқомат қилаётган ҳудудда инсон ҳуқуқларини паймол қилинишига оид қатор фактларни санаб ўтди. Жамладан, Чирчиқ шаҳридаги кўп қаватли уйларда иситиш тизимининг носозлиги туфайли ёш гўдакларнинг совуқдан қотиб ўлиш ҳоллари кузатилаётганлиги ҳақида ачиниш билан хабар берди.
– Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг оёқ ости бўлишига асосий сабаб бу юқори турувчи органларнинг – Республика прокуратураси, Сенат, Олий мажлис ва ҳатто Президентнинг ўз хизмат бурчини, ваколатларини бажармаслиги натижасида болалаб бормоқда. Айни дамда Президент Ислом Каримовни ўз ваколатини суистеъмол қилаётганлиги сабабли Халқаро судга бериш фурсати келган, – дейди ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Рустамов.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Анатолий Вараксин ҳуқуқ идоралари ходимларининг ноқонуний ҳатти-ҳаракталарига тўхталаркан, жумладан шундай деди:
– Милиция тўғрисидаги қонуннинг йўқлиги туфайли ички ишлар идоралари ходимларининг ўзлари фуқароларимизнинг ҳуқуқларини узлуксиз паймол қилиш билан шуғулланишмоқда. Улар фақат тепадан келган буйруқларнигина бажаришади, холос. Тепадан берилаётган буйруқлар эса мутлақо ноқонунийдир.
– Мен Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг бузилишига уч жабҳа мисолида изоҳ бериб ўтмоқчиман, – дейди “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси Малоҳат Эшонқулова, – Мамлакатда асосий босим мухолифат вакилларига қаратилган. Асл мақсад-муддаоси нозўравон йўл билан тузумни ўзгартиришга қаратилган бизнинг “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракатимиз АҚШ, Швеция ва Россия мамлакатларидан рўйхатдан ўтган. Айни дамда фаолларимизга “Ўзбекистондан рўйхатдан ўтмасдан, ноқонуний фаолият юритмоқдасиз” деган айбловлар билан зулм ўтказилмоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг 20 йиллигини “Оммавий Шодлик” акцияси сифатида нишонлашга интилган Жиззахлик етакчимиз Саида Қурбонова ва Нуринисо Ҳолбоевалар 15 суткалик қамоқ жазосига тортилди. Хоразм бўйича етакчимиз Валерий Назаров психатроп моддалар воситасида куч билан ушлаб турилди. Бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Биз Ҳаракатимизни рўйхатдан ўтказиш масаласига эътибор қаратиб кўрдик. Бироқ, рўйхатдан ўтказиш учун Адлия вазирлиги қўяётган талаб ҳеч бир қолипга тўғри келмайди. Масалан, Ҳаракатни рўйхатдан ўтказиш учун 20 минг аъзонинг рўйхати: исм-шарифи, турар жойи ёзилган рўйхатни тақдим этиш талаб этилмоқда. 20 минг одамнинг рўйхатини тақдим этиш мушкул эмасдир, бироқ, кейинги хатар уларнинг ҳаётига хафв солишга қаратилиши мумкинлиги кишини саросимага солади. Ҳукуматга мухолифат аъзоларининг рўйхатини тақдим этиш дегани бу – улар томонидан таъқиб кучайтирилиши мумкин бўлган одамларни номма-ном санаб бериш, уларнинг қўлига топшириш демакдир. Бу рўйхатни олган Ҳукумат аъзоларимизга якка тартибда таҳдид ўтказмаслигига кафолат йўқ. Ҳатто оила-аъзоларининг ҳаётига хавф солиш билан қўрқитишгача боришади.
Иккинчи яна бир асосий муаммо, бу аёлларнинг Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ёпиқ-яширин тарзда, мажбурий равишда оналик бахтидан мосуво қилинаётганлиги масаласидир. Мана, ўн йилдирки бирорта дард туфайли шифокорларнинг қўлига тушган аёлнинг албатта бачадони бичиб қўйилади. Қайта туғмаслиги учун. Бу хотин-қизлар ҳуқуқининг оёқ ости этилаётганлигига ёрқин бир мисол. Туғишни таъқиқлаш мумкинми? Ахир аёл туғачак фарзанд келажакда гений бўлиши, оламни бошқариши мумкин, шундай эмасми?
Учинчи иллат бу – Ўзбекистонда оммавий ахборот воситаларининг эркин эмаслиги, сўз эркинлиги йўқлиги масаласидир. Мен Ўзбекистон Давлат телерадиокомпаниясида 20 йилдан ортиқ фаолият юритган журналист сифатида, ОАВларнинг сиру-синоатидан яхшигина хабардорман. Агарда мамлакатда ОАВлар дадил бўлганида, сўз эркинлигига йўл қўйилганида эди, Каримовнинг якка ҳокимлиги қарийиб чорак асрга чўзилмаган бўларди. Оммавий ахборот воситалари жамиятни ўзгартиришга қодир эканлигини Каримов жуда яхши билади. Ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш учун ҳам сўз эркинлигини буғишга буйруқ берган. Фаолиятим мисолида шуни ишонч билан айтишим мумкинки, қай бир журналист жамиятдаги иллатларни фош этувчи матреал тайёрласа, ўша ходим албатта жазога тортилади, ишдан ҳайдалади. Тўғри, бизда журналистларнинг фаолиятини кафолатловчи қонунлар мавжуд. Бироқ, жамиятимизда энг кўп журналистларнинг ҳуқуқлари паймол этилади.
Учрашувда сўз олган Аделаида Ким, Лариса Григорьева, Людмила Бросалина каби “Альянс” фаоллари жамиятда инсон ҳуқуқларини бузилишига оид урчиб бораётган кўплаб оғриқли иллатлар, қайғули фактларга тўхталиб ўтдилар.
– Ҳар бирингизнинг халқингиз, элингиз учун ғам чекишингиз, қийинчиликларга қарамай фаолиятдан чекинмаётганлигингизнинг ўзи қахрамонлик, – деди учрашув сўнгида Америка Қўшма штатлари Давлат департаменти демократия, инсон ҳуқуқлари ва меҳнат ресурслари бўлимининг жанубий ва Ўрта Осиё ҳудудлари бўйича расмий директори жаноб Жим Бигус (James Bigus), – Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг сизлардек жонкуярлари борлиги мени беҳад қувонтирди…
Ўз навбатида Елена Урлаева босим, таҳдид, тақиб, тазйиқларга қарамасдан ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳеч ким ўз маслакларидан қайтара олмаслигини ғурур билан таъкидлади. Шунингдек, вақт ажратганлиги, Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларининг, ҳусусан, “Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти фаолларининг тақдири, олиб бораётган ишларига қизиқиш билдирганлиги учун Америкалик меҳмонларга миннаддорчилик изҳор қилди.
Учрашув дўстона, ўта самимий руҳда ўтди.
“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими матбуот Маркази