
Навоий вилоятида мансабдор шахсларнинг солдир этган жинояти учун янгича жазо жорий қилинган. 2012 йилнинг 11 сентябрь куни Жиноий ишлар бўйича Кармана тумани судида Навоий шаҳар ҳокимининг келини Жўраева Салима ва унинг ўғли Сирожларнинг менга ва ўғлимга зўравонлик билан ноҳақ тан жароҳати етказганлигидан қонуний жазо сўрашим сабаб ўтказилган судда мутлақо адолатсиз ҳукм ўқилганидан норози бўлиб, уч ой давомида тинимсиз равишда тегишли идораларга мурожаат қилишим оқибатида 2012 йилнинг 12 декабрида Республика прокуратурасидан ўрганишлар натижасида суд қарори бекор қилинганлиги тўғрисида жавоб олиб осмон қадар ўсган эдим. Аммо… Хурсандчилик узоққа чўзилмади. Қайта 2013 йилнинг 24 январь кунида кўрилган суд жараёнида судья Зафар Тошбеков томонидан Салима Жўраеванинг эримнинг акаси Навоий шаҳар ҳокими Баҳодир Жўраев бўлади дея тинмай таъкидлашлари сабаб суд жараёнида менга нисбатан тағин қўполлик билан, шаҳар ҳокимининг шалаққи келинига нисбатан эса юмшоқлик билан муомала қилиниб, янгича ҳукм ўқилди. Яъни судья маъмурий жавобгарликнинг муддати ўтганлиги сабаб иш ҳаракатдан тўхтатилди, деб ҳукм чиқарди. Аммо суд жараёнида қайтадан атай менинг шахсиятга тегиб, бўҳтонлар уюштирган айбдор Салима Жўраевани эса судья Зафар Тошбековнинг ўз паноҳига олди.
Судья жаноблари менга “2-гуруҳ ногиронлигингизни таъкилайверманг, қонун сизга ён бермайди. Маъмурий жавобгарликдан озод қилинмайсиз!” қабилида муомалада бўлди. Қолаверса, ҳокимнинг келинига қўшилиб, сиз ҳам ургансиз жароҳат етказгансиз, орадан 5-6 кун ўтиб бўлса-да тиббий экспертиза кўригидан ўтган-ку деб тағин адолатсизликка йўл қўйилди. Аслида, суднинг бекор қилинишидан асосий мақсад адолатли ҳукм чиқаришмиди ва ёки мени янада бўҳтонларга қолдиришмиди? Демак, мансабдор шахслар ногирон ва бева аёл, отасиз болаларни истаганча калтаклаши мумкин. Қонун олдида уларга жавобгарлик йўқ деган жавобми бу?!
Дилдора БОЙМУРОДОВА
“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Навоий вилоят бўлими етакчиси