Ўзбекистонда нима кўп арз кўп. Нега? Шикоятларнинг бисёрлиги фуқароларнинг ҳуқуқи топталаётганлигидан далолат эмасми? Шундай. Бироқ, Ўзбекистон Ҳукуматини боқи беғам тўраларининг тўрт томони қибла. Гарчи “Фуқароларнинг мурожаатлари” тўғрисидаги қонунда фуқаронинг аризасини беэътибор қолдирмаслик назарда тутилган бўлса-да, амалда эса, акси… Бир банда минг бир умид билан юқори турувчи ташкилотга, амал курсисининг эгасига арз ҳол қилади. Бироқ, “Дунёни сув босса ўрдакка не ғам”, деганларидек, олам сув остида қолса, Ўзбекистон ҳукуматидаги мансабдорларининг тўпиғигаям чиқмайди… Нима, ҳукумат тепасида ўтирганларнинг аҳоли оҳини эшитишдан ўзга ишлари йўқми? Жуда бор-да! Бўлганда қандоқ. Амал курсисида ўтирганлар ниҳоятда банд, ишлари бисёр, вақтлари тиғиз. Чунки уларнинг зиммасига юклатилган асосий юмуш бор: пора олиш ва беришдек буюк машғулот билан машғул…
Биз эса, бир нарсага, Ўзбекистонлик минглаб одамларнинг оҳи битилган номалар ҳокимтўраларнинг ахлат челагида қолиб кетаётганлигига ачинамиз. Ичимиз ёнади. Нима қилмоқ керак? Ана шу саволнинг жавоби улароқ сайтимизда “Жавбосиз қолган нолалар…” дея номланган рукин очишга қарор қилдик. Бир жабрдийданинг додигаку, Ўзбекистон ҳукуматининг тепасида турганлар парво ҳам қилишмади, арзига кўз югуртиришни ҳам эп кўришмади, чиқиндига чиқариб ташлашди… Эсиз… Бироқ, келинг, бир инсоннинг умид билан ёзганлари увол кетмасин. Одам тафтини одам олади дейишади-ку? Ночор бир ватандошимизнинг нолаларини лоақал биз эшитайлик, бизгина бирров ўқиб чиқайлик…. “Буғдой нонинг бўлмасаям бўғдой сўзинг бўлсин” деб бекорга айтишмаган… Оҳлари оламни тутаётган бу юртошларимизнинг кўнглига оз бўлса-да таскин, тасалли берайлик…
Таҳририят
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовга.
Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёевга
Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси МХХ раиси Р.Иноятовга.
Нусхаси: Ўзбекистон Республикаси Бош Прокурори Р.Қодировга
Навоий вилояти, Кармана тумани, “Янгиобод” МФЙда
яшовчи Турдиева Тўхтагул томонидан
А Р И З А
Муҳтарам Президент! Ҳурматли вазирлар! Мен 1980 йилда юқоридаги манзилда туғилиб ўсганман. Тақдир экан турмушим бузилиб, қайта соғлом турмуш оила қуриш менга насиб этмади. Кейинги турмушим билан қонуний никоҳдан ўтмаганлигим боис, Жавоҳир исмли фарзандим ўзимнинг номимда. Хуллас ёлғиз онаман. Раҳматли отам Турдиев Бахтиёр қишлоғимиздаги ҚВПда туб.-фельдшер вазифасида узоқ йиллар халққа тиббий хизмат кўрсатиб ўтган. Онам Турдиева Роҳила 10-умумий ўрта таълим мактабида фаолият юритиб, узоқ йиллардан буён 2-гуруҳ ногирони Мен эса қарийб ўн йилдирки, ота уйимда акам ва унинг оиласи ҳамда 2 нафар укам билан биргаликда яшаб келмоқдаман. Айни пайтда Кармана тумангазда назоратчи вазифасида меҳнат қиламан. Икки нафар укам эса олий маълумотли. Хуллас, ҳар биримизнинг жамиятда ўз ўрнимиз бор.
Муҳтарам Президент! Ҳурматли вазирлар! Турмушда кўп бора қоқилганлигим сабаб ҳам асабийлашишлардан анчагина соғлигимни йўқотганман. Айни пайтда бўқоқ хасталигининг охирги 3-4 даражали заҳарли босқичи ташхиси билан руйхатда тураман. Аммо ногиронлик берилмаган. Аммо фарзандимни ёлғиз тарбиялаш ўз зиммамда бўлганлиги сабаб меҳнат қилишга мажбурман. Хизмат вазифам мендан кун давомида маҳаллама маҳалла юришни талаб этади учун ҳам оладиган маошимнинг кўп қисми йўл харажатларимга ва дори-дармонларимга сарфланади. Хуллас, рўзғор юритишим учун даролмадимни ойма-ой етказа олмайман. Шу боис ҳам маҳалламдан йил бошидан буён ёрдам сўраб келаман. Аммо маҳалла котибаси Исломова Қадрия бу мурожаатимни йил бошидан буён рад эттириб келмоқда. Чунки Қадрия билан қўшни бўлиб яшаймиз. Бирозгина оилавий келишмовчиликлар ҳам бўлиб ўтган орамизда. Шу сабаб ҳам маҳалла котибаси ўз хизмат лавозимини суистеъмол қилиб бўлса-да, шахсий адоватини мендан олмоқда. Мен эса адолат излаб, юқори турувчи идораларга мурожаат қилган эдим. Дастлаб туман “Маҳалла” жамғармаси раҳбарининг имзоси билан жавоб хати келди. (Хат нусхасини илова қилмоқдаман.)Унга фақатгина менинг шахсий ҳаётим ва ўтмишдаги аянчли турмушим ҳақидаги маълумотлар шахсиятга тегадиган, шаънимни ерга урадиган, камситадиган даражадаги маълумотлардан бўлак ҳеч қандай жавобни ўзи йўқ. Бу жавоб хатини мен мурожаатимга жавоб дебми ва ёки ўзимга нисбатан ҳақорат деб қабул қилишни билмадим. Фақатгина фуқароларнинг мурожаатларига нисбатан шу тартибда жавоб хати йўллаш маҳалланинг ваколатига кирармикан? Мавжуд қонунларимиз бу каби ҳатти-ҳаракатларни оқлармикан? каби саволлар мени қийнади. Шундан сўнг яна юқори турувчи идораларга адолат излаб мурожаат қилишда давом этдим. Унга кўра туман молия бўлимидан Фазлиддин исмли масъул ходим келиб, қонун доирасида ўрганиб, “2012 йилнинг сентябрь ойида махсус комиссиядан ҳужжатлари ўтказилиб, октябрь ойидан бошлаб, моддий ёрдам ажратилсин” деган қарорга келинди. Сўнгра мен яна керакли ҳужжатларимни тайёрлаб, маҳалла котибаси Қадрия Исломовага олиб бордим. Аммо у ҳужжатларим тўлиқ эканлигини кўрдию, сарсон қилишда давом этиш мақсадида махсус комиссия томонидан бажарилиши лозим бўлган имзо қўйдириш вазифасини ҳам менга юклаб, бир кун муддатда келтириб топширилсин ёзуви билан қўлимга қайтариб бериб юборди. Хуллас, шу каби баҳонаю ваъжлар билан мени октябрь ойи моддий ёрдамидан ҳам маҳрум қилди.
Муҳтарам Президент! Ҳурматли вазирлар! Менга маҳалла жамғармаси томонидан келган жавоб хатида мен ҳақимда маълумотлар киритилган эди. Аммо мен у қадар масъулиятли вазифада ишламайман, элнинг диққат-эътиборида ҳам эмасман. Бор-йўғи газ тўловларини амалга оширувчи назоратчиман холос. Ён қўшним Қадрия Исломова эса кекса ногирон қайнотасини ва эрининг укасини ўз уйларидан уриб ҳайдаб чиқариб юборган. Айни пайтда қайнотаси шаҳардаги ётоқхоналарнинг бирида ёлғиз қаровга муҳтож ҳолатда яшайди. Турмуш ўртоғи илгари судланиб, қамоқ жазосини ўтаб чиққан, ҳеч қаерда ишламасада, енгил ва юк автомашиналари ва ҳовлиси тўла мол-ҳоли бор.
Муҳтарам Президент! Ҳурматли вазирлар! Аввало маҳаллада менинг назаримда намунали хулқ – атворга эга ҳурматли инсонлар фаолият юритиши керак эмасмикан? Тағин эри ҳеч қаерда ишламайдиган икки нафар ҳали вояга етмаган ўғиллари таъминоти турганда бунча мол-давлатни қаердан ярата олдийкан? Айрим фуқароларнинг айтишича, котиба кам таъминланган оилаларга пул ёзаётганда бир ойлигини ўзига олиш шартини қўяр экан. Бу гапни қатъий ишонч билан айтишимда инкор қилиб бўлмайдиган асосим борки, у ҳам бўлса, отам дунёдан ўтган 2007 йилда ногирон онамга келиб, Қадрия шу таклифни берган “бир ойлик пулини менга берсангиз, сизга уч ойга пул ёзиб бераман ҳеч қандай ҳужжатларсиз” деб. (У пайтда оиламиз билан муносабати жойида эди.) Кам таъминланмаган оилаларга ҳам пул ёзилиш ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Ҳаттоки эрининг укаси Содиқ Исломовнинг хотини Рўзиева Норжон номига ҳам пул ёзиб, ўзи имзо қўйиб олиб юрган. Отабек Очилов исмли ўзига тўқ хонадон эгасига нисбатан ҳам шу тартибда пул ёзилган. Хуллас, Қадрия Исломованинг юқоридаги каби ноқонуний ишлари анчайин кўп такрорланмоқда.
Муҳтарам Президент! Ҳурматли вазирлар! Сиздан юқоридаги ҳолатлар юзасидан республика мутасадди идоралари ходимлари иштирокида махсус комиссия тузилиб, қонуний текширувлар ўтказилиб, Қадрия Исломовага нисбатан тегишли чора қўлланилишида ва менга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилишида амалий кўмак беришингизни сўрайман.
Турдиева Тўхтагул / / 15.10.2012 йил.