ҚОНУНЛАР КИМНИНГ ТЕГИРМОНИГА СУВ ҚУЙМОКДА?…

 

Фарғона водийсининг уч вилояти бозорларида савдо қилувчи аёллар асосан Қирғизистоннинг Қорасув бозоридан мол олиб келиб савдо-сотиқ қилиб тирикчиликларини ўтказар эдилар. Икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ёмонлашгач уларнинг фаолиятида темир тўсиқлар янада мустаҳкамланди. Бир вақтлар ҳалқаро ҳамжамият аралашуви орқали Қирғизистон билан Ўзбекистон оралиғидаги чегараларда божхона постларида тариб-интизом мустаҳкамланиб, аҳолининг ҳуқуқларини паймол қилиш ҳолатлари бир мунча барҳам топган эди. Аммо, Қирғизистонда бўлиб ўтган қирғинбаротлар натижасида чегаралар  умуман ёпилди. Айни кунда «Дўстлик» чегара пости орқали ўтиш имконияти қолди, ҳолос. Андижон вилоятида жойлашган ушбу божхона пости  дўзахга айланган десак, муболаға бўлмас. Тирикчилик дардида ўзининг соғлиғи, ҳаётини ўйламаган аёллар бу постда 2-3 кунлаб навбат кутишади. Қиш чилласининг изғиринида навбатда турган аёлларнинг жонидан совуқ ўтиб кетаётганини постда турган хизмат ходимлари билмайдими? Жуда яхши билади. Аммо, улар учун инсоннинг саломатлиги, азоби эмас, халқаро меьёрларга зид равишда чиқарилган қонунлар афзал.

 

Яна тажубланадиган томони шундаки, айни ушбу постдан Ўзбекистонга кирувчилар 10 доллорликдан ортиқ нарса олиб ўтиши қонунга хилоф этиб белгилаб қўйилган.  Бу талаб қайси қуюшқонга сиғади, ўзи.

 

Қачонлардир бу йўллар очиқ, икки миллат куда-шунда эди. Ҳозир эса  тақдир тақазоси билан Қирғизистондан келин тушираётган   фукаролар бор. Улар битта келинни ўзини олиб ўтишмоқда, холос. Келиннинг ота-онаси, қариндошларининг ўтишлари амри маҳол.

 

Икки республика ўртасидаги бундай муносабатдан, ҳаммани таажубга соладиган қонунлардан фақат фуқаролар жабр тортяпти. Ҳукуматнинг ишонган ходимлари эса бу вазиятлардан ўз манфаатлари учунгина фойдаланиб қолишяпти. Тамагирлик, инсон ҳуқуқини менсимаслик авж оляпти, холос.

 

Ойша РАҲМОН қизи

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares