ЎЗБЕКИСТОН: МАЙОР АКМАЛ ЖАҲОНОВ ТАҲДИДДА ДАВОМ ЭТМОҚДА….

 

2013 йил 5 январ куни эрталабдан Саида  Қурбонванинг қўл телефонига Пахтакор туман ИИБнинг биринчи ўрин босари А. Жаҳонов кўп маротаба қўнғироқ қилган. Лекин С. Қурбонова гўшакни кўтармаган. Участка нозири  Қаҳоров Саида опанинг уйига эрталаб 8.00 ларда келиб, ўғли Мансур Қурбоновдан онасини суриштирган. “Онам уйда йўқ,  чиқиб кетган” деган жавобни эшитгач, участка нозири шу заҳоти С. Қурбонованинг қўл телефонига қўнғироқ қилиб, “Қаердасиз? Пахтакордамисиз?  Бир учрашайлик” дея таклиф киритган. “Менинг ишим кўп” дея жавобни қисқа қилган Қурбонова гўшакни қўйиб қўйган. Қаҳоров қайта рақам териб, “Акмал Жаҳонов билан учрашар экансиз. Сизни чақираяпти”  дея хабар берган.  С. Қурбонова  “Жаҳонов билан гаплашадиган гапим йўқ” деганча, яна алоқани узишга мажбур бўлган.

Участка нозири шундан кейин ҳам тинчимади. Унинг  Навбоҳор  маҳалла раиси Товбой Солиевнинг қўл телефонидан С. Курбонова билан алоқа ўрнатишга бўлган ҳаракатлари ҳам самара бермади.

7 январь куни  соат 8.30 ларда участка нозири Қаҳоров яна  Қурбанованинг хонодонида пайдо бўлди. Бу гал у “Сизни “начальник” чақираяпти?” деган хабарига Қурбоновадан такрорий рад жавобини олгач,  “Мана, олинг, “начальник” сиз билан гаплашмоқчи” дея ўз қўл телефонини Саида опага узатди.

Саида Қурбонованинг “Ким бу?” деган саволига гўшак ортидаги одам “Мен, Акмал Жаҳоновман.  Ичкаридаги, қамоқда бўлган вақтингизда берган ваъдаларингизни эсингиздан чиқариб қўйдингиз шекилли” дея одатдагидек осмондан келди. Унинг бу дағдағасига Саида опа томонидан “ду-ду-ду-ду” деган жавоб бўлди.

Собиқ маҳкумани дўқ-пўписа билан Пахтакор туман Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Акмал Жаҳоновнинг ҳузурига элтишни эплай олмаган участка нозиринг жазаваси тутди.  “Мен сизни охирги марта огоҳлантираман! Яхшиликча бормасангиз, ўзингиздан кўринг!” дея пўписага ўтган Қаҳоров ноилож ортига қайтди.

Собиқ маҳкумалардан бири Нуринисо Ҳолбоеванинг хонадонида ҳам 5 январь куни шу каби манзара содир бўлди. Ўзини участка нозири Рустам бўламан дея ўзини таништирган милиция ходими  “Жаҳонов билан учрашиш учун мен билан бирга юрасиз”, деганча Ҳолбоевани қийноқ-қистовга олди.

Участка нозирининг қутқусидан қўрққан Н. Ҳолбоева ўғли билан Қурбонованинг хонадонида тунашга мажбур бўлиб, 6 январь куни кечга яқин ўз уйига қайтди.  Худди шуни кутиб тургандек, участка нозирларидан яна бири Ҳасанбой 7 январ куни тонг саҳарлаб Нуринисо опанинг эшигини қоқди: “Замначальник Жаҳонов сизни йўқлаяпти. Бормасангиз бўлмайди. Юринг. Саида Қурбонова ҳозир Акмал Жаҳоновнинг олдида ўтирибди. Ишонмасангиз, ўғлингизни ҳам ўзингиз билан бирга олиб боришингиз мумкин” дея аввалига аврашга тушган. Ҳолбоевани рози қила олмагач, куч ишлатиш йўлига ўтган.

– У мени мажбуран олиб кетмоқчи бўлганди, кийиниб олиш баҳонасида ичкарига кириб, эшикни ичкаридан қулфлаб олдим. Мен умуман бормайман деб рад қилаётганим йўқ. Жаҳонов мени қонуний чақиртирса. Менга чақирув қоғози юборсагина бораман. Менга ҳуқуқшунос шундай деб тайинлаган, – дейди Нуринисо Ҳолбоева,
– Эшик ортида қолган участка нозири “Нега бормайсиз, бормаслигингизни сабабини айтинг?!”  бақира-бақира ортига қайтишга мажбур бўлди.

Эслатамиз, айнан Пахтакор туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан  ёзилган сценарийга кўра, ўтган йилнинг 6 декабрь куни С. Қурбонова ва Н. Ҳолбоевалар айбсиз айбдорлик ортидан 15 сутка қамоқ жазосини ўтаб чиқишган эди. Маҳбусларни ит азобига солган майор Акмал Жаҳонов эса жиноятлари очилиб қолишидан чўчиб,  мухолифат фаолларининг кўзини қайта қўрқитиб қўйиш илинжида таҳдидларни тўхтатган эмас.

ҲУРМАТИЛЛА

“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Жиззах вилояти Матбуот котиби

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares