
Бир таниш муаллима Алифбе байрамининг сценарийсини ёзиб беринг дея илтимос қилиб келганида оддий бир сценарий орқасидан бутун бир миллатнинг энг оғриқли дардини баён этиб бу мақолага қўл ураман деб ўйламаган эдим. Ҳаммамизнинг ҳам фарзандимиз илк бора мактаб остонасига қадам қўйиб, саводи чиқа бошлаганида бирга ҳаяжонланганмиз. Мурғак гўдакнинг ҳижжалаб ўқиётган сўзларини бирга қайтариб, хатоларини тўғирлашга, энди таний бошлаган нотаниш ҳарфларни қўшиб ўқий олишига кўмаклашамиз. Чунки болаларимизнинг билими, саводхонлиги мукаммал бўлишини, келажакда улардан миллат корига ярайдиган зукко инсонлар етишиб чиқишини чин дилдан истаймиз. Орзу қиламиз. Алифбедан бошлангувчи сеҳрли билимлар дунёсининг мактаб аталмиш улуғ даргоҳи остонасидаги жажжи қадамчалар, ўзига ишонган дадил катта одимларга айланиб хаётда ўз мавқенини топишини ният қиламиз.
Шу ҳаёллар билан кичкинтойларнинг байрамига мўъжазина сценарийга бутун меҳримни қўшиб чиройли бир туҳфа тайёрлаб муаллима айтган мактаб манзили томон шошдим. Келишилган вақтдан анча эрта келганим учун, ўқувчилар кириб кетган билим маскани ховлисида кутиб туришимга тўғри келди. Майли, мактабни ҳам роса соғинган эканман. Ўқувчилик йилларим ёдимга тушиб ширин энтикдим. Мен эски мактабда ўқиганман. Айтишларича шаҳримизда ундан кексароқ билим даргоҳи бўлмаган. Ўттизинчи йиллар бошида қурилган экан.Уруш йиллари Одесса шаҳридан кўчириб келингин аллақандай харбий мактаб кўчириб келинган бўлиб, қурилганидан буён капитал таъмирни кўрмаган, тегсанг тўкиладиган биноларда савод чиқарган эдим. Ҳозирги мактаб биноларининг аксарияти замонавий. Жаҳон таълим стандарларига 100% жавоб бермасада, ҳар тугул йигирма йиллар аввалги мактабим билан солиштириб бўлмайди. Тинчлик яхшида, ота- оналар жигарпораларини билим эгаллаётганларидан хурсанд, уйда ,ишда ҳотиржам юришади. Шуларни ўйлаб ҳаёлга берилиб, иккинчи соатга кириш учун қўнғироқ чалинганини ҳам сезмай қолибман.
Бир муддат ғала- ғовурга тўлган ховли яна осуда бўлиб қолди.Аммо адашган эканман.Худди шу пайт тепасида “” ёзилган эўик очилиб, қўлида супурги ва ҳокандозларни кўтарган ўқувчилар чиқиб, ўрта ёшлардаги устозлари бошчилигида мактабнинг орқа томонига ўтиб кетишаётгани эътиборимни жалб қилди. Айниқса қўл телефонида ким биландир шанғиллаб гаплашиб кетаётган устоз қарамаганнни ҳам, эшитмагани ҳам эшитиб, қарашга мажбур қила оларди:
– Ха Гулнор,дарсим йўқ. Кураторский синфимни шанбаликка олиб чиқдим. Қуриб кетсини инглиз тили ўқтувчиси яна келмабди. Икки ҳафта аввал ҳам шанба куни боласи касал бўлиб қолганди. Яна аҳвол шу. Орқага олиб ўтяпман, ажратилган територияни супуришсин. Нима дединг? Вой нимага инглиз тили келмаса, мен булар билан шуғулланишим керак?…Қаттиқроқ гапир, эшитилмаяпти. Рус тили пайшанба куни буларга.Миямни қотириб қўшимча дарс ўтиб беришга тоби- тоқатим йўқ. Боламас, балоку булар! габир соат рус тили ўтиб беришим керак? ..Бир хисобда яхшиям бўлди. Чунки “Шанба тозалик куни” дейилганку, хозир бир соатда ялаб қўйишса менам эртароқ уйга кетаман. А то ўтган хафта дарслар тугагандан сўнг тозалатиб, кечроқ борганим учун қайнашкадан балога қолгандим. Супургиларни, ҳокандозларни сермаб бир-бирига ҳазил-ҳузил билан бинонинг орқа томонига ўтиб кетаётган болаларни кузатиб, хох ишонининг, хох ишонманг Россияда меҳнат мигрантлари учун чиқарилган йўриқномадаги иш қуроллари қиёфасидаги анимацион образларни кўргандай бўлдим. Энг ачинарлиси болаларнинг бир соат инглиз тилини ўрганишдан маҳрум бўлишганларига умуман ачинмай, хуррамлик билан кетишаётганидан жаҳлим чиқса, бефаросат ўқтувчининг ўзлари ҳақида айтаётган дийдиёларига умуман эътибор бермаётганларидан қаттиқ хафа бўлдим. Аммо бу билим даргоҳида таълим олаётган, инглиз тилининг ўрнига шанбаликка отланган болаларни яна бир оз кузатай деб уларга эргашдим. Бир соат эмас, йигирма дақиқада кузги хазонларни супуриб, ўзларги ажратилган жойни чинни –чироқ қилиб қўйган азаматларнинг қолган вақтдан қандай фойдаланишлари билан қизиқдим. Чаққон болаларку ишларини якунлаб, қий – чув билан бир бирини қувлаб ўйнаб кетишди. Аммо муаллима ҳамон телефондаги суҳбатлар билан банд эди:
– Черт за двадцать минут убрали. Меҳнаткашде сволочлар! Ана играют. Пусть попригают.Директор йўқ барибир. Завучимиз қиз узатвотти. Хуллас праздникде! Нима? Йўқ, учинчи дарслари бор матем. Майли звонок чалинади хозир, я пообедаю а то вашше қорин оч. Целую!
– Мана сизга Тошканди аъзимнинг қоқ ўртасида жойлашган мактабдаги аҳвол. Инглиз тили ўқтувчисининг боласи касал бўлиб қолса рус тили ўқтувчиси учун байрам бўларкан! Шанбаликни эртароқ якунлаб, қайнонасидан гап эшитмаслик учун уйга шошар экан.
– Мен юқорида болаларни Россия Миграция Кўмитаси томонидан меҳнат муҳожирлари учун чиқарган йўриқномадаги хақоратли образларга –ўхшатганим кимларнидир ғазабини келтирар,аммо интернет саҳифаларида эълон қилинган статистик маълумотларга кўз ташласангиз мендан зафа бўлишингизга асос қолмайди.
– Маълумотларга қараганда хозирда Россия худудада меҳнат қилаётган ҳар икки меҳнат муҳожири Ўзбекистон фуқороси бўлиб, уларнинг аксарияти қора яъни шароити оғир ишларга жалб қилинган. Марказий шаҳарларни қўя туринг, Россиянинг энг чекка худудларида ҳам юзлаб фарғоналик, бухоролик, андижонлик ларга дуч келасиз. Биргина Приморье ўлкасида қонуний меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар 18 000 дан ортиқ бўлиб, яна шунчаси ноқонуний ишлашар экан. Хўш улардан қанчаси шифокор, ўқтувчи, инженер ёки архитектор бўлиб хизмат қилмоқда? Айтсам ишонмассиз 30000 дан ортиқ юртдошимиз орасида атиги юз нафардан ортиғи мен санаб ўтган касб эгалари бўлиб, муносиб иш жойларида меҳнат билан банд экан. Кўча фаррошларидан учтадан биттаси ватандошим эканидан ва улар изғирин совуқда ҳам бегона юртнинг қорини кураб юрганидан ачиниб кетдим. .Ёки қурувчиларни олайлик. Ривожланаётган ўлка бўлишига қарамасдан қонунан ишлаш учун давлат атиги 2000 та квота берар экан. Ўзбекистондан эса қурувчилар оқиб келмоқда. Уларнинг аксарияти ишлаш учун руҳсатнома ола олмайди. Натижада хусусий қурилиш объекти эгалари учун тайёр ўлжага айланишади. Эртага, индинга рўйҳатга қўйиб қўяман деб алдашлар, ойлар , йилларга уланиб кетади. Содда ватандошларимиз меҳнатлари суистеъмол қилинаётганини билишса ҳам хаққини талаб қилиша олмайди. Сабаби уларнинг жуда кўпи русчани яхши билишмайди. Улкан Россиянинг ҳамма жойида ҳам шундай. Қайси телеканалини қўйманг “Янгиликлар” дастурининг камида битта мавзусида ҳокисоргина турган миллатдошимизнинг чеҳрасини кўрамиз. Ичволиб рус қизининг номусига тажавуз қилиб шердек тургани ҳам, овлоқ хандақда ярим йил аввал чавақланиб кетилгани ҳам яхши ниятда уйидан чиқиб кетган миллатдошим. Қулликка тушиб қолиб, молхона ва чўчқахоналарда энг оғир ишларни қилаётганларнику айтмай қўяқолай. Бола-чақамни боқаман, уй солиб , тўйлар қиламан деган меҳнаткаш қоракўзларни фақат қоринларни тўйғазиш эвазига миллионерга айланаётганлар “черные, ”дея тахқирлашганида бўғзимга бир нима тиқилади.
- Ривоятларга қараганда буюк Амир Темурнинг элчилари Самарқандга қайтиб келишганида Амир уларга “ўриснинг пойтаҳти қанақа шаҳар экан?” деб савол берганлар. Элчилар “Эх ҳукмдор, одамлари жуда кўп шароб ичишар экан. Номи ҳам шунинг учун Москўп дейилади” деб жавоб беришган. Албатта бу тарихий хақиқат эмас, аксинча тилдан тилга ўтиб келаётан бир ривоят холос.Бироқ ҳар бир ривоятда ҳам озгина ҳақиқат бор. Бир танишимиз Питерда ўн йилга .қамалиб кетди. Бир магазинчи қизни номусига тегиб, дўконни ўмаришда айблашган. Йигит умуман бу ишга алоқаси йўқлигини дўконга келганида ҳамма жой ағдар-тўнтар бўлиб ётгани ва сотувчи қизнинг беҳушлигин кўриб полиция ва “Тез ёрдам ”’ га қўнғироқ қилган. Аммо худуд полиция маҳкамаси ҳам ишни тезроқ ёпиш мақсадида йигитчанининг қўлига кишан уриб, маҳкамага олиб келишган. Уни излаб борган ота қон қақшаб қайтиб келишдан бошқа чораси қолмаган.
- Сабаби рус тилини яхши билмаган ҳамюртимиз керакли қоғозларга қўл қўйиб, тап-тайёр жиноятчига айланиб қолган. Мастликда дўконни ўмаргани ва номусга тажовуз қилганлиги учун кўп йилларга озодликдан маҳрум этилган. Ҳамкасблари “Йигитча умуман ичмаслиги умуман олганда ҳар жиҳатдан одобли ишчи эканини айтишса ҳам ҳеч ким қулоқ солмаган. Ҳақиқий босқинчилар бўлса ўмарилган спиртли ичимлик ва консерваларни еб-ичиб,айшини суриб юришибди.
Биргина тилни билмаслик ва хаққини талаб қила олмаслик қанча юртдошимизнинг умрига, озодлигига сабаб бўлаётган экан. Энди тушунгандирсиз нима сабабдан дарс пайтида ховли тозалашга чиқарилган болаларни нега меҳнат муҳожирлар учун чиққан қўлланмадаги меҳнат қуролларига ўхшатганимни. Эртага шу ўқувчиларнинг қанчаси Россиянинг тошюрак полицияси қўлида қўғирчоқ бўлар экан? Инглиз тили ўқтувчисининг баҳонаси тугамас нахотки бошқа ўқтувчи топиш шунчалик қийин бўлса? Мактаб директорининг кўзи қаерда? Ўзбекистон Конституциясида “Ҳар бир фуқоро малакали билим олиш хуқуқига эга” деб ўқловдек ёзиб қўйилганку! Шу банднинг олдига “Малакали билим беришга масъул шахслар ўз вазифасини сустеъмол қилса қаттиқ жазоланади” деб ёзиб ҳам қўйса балки тил билмас меҳнат муҳожирлари сони кескин камаярмиди? “Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланилмайди” деб бонг ураётган давлат бюджетидаги мактаб фаррошларининг , ховли тозаловчиларининг пули қаерга кетяпти? Шу ўқувчиларнинг ота –онаси ойлигидан давлат ғазнаси учун қанча солиқ ундирилади. Бешинчи синфдан бошлаб ўқувчиларнинг ўзи синф хоналарининг тозалигига маъсул эканини гапирмай қўя қолай. Биз тозалик севар халқмиз. Ўтирган ўрнимизга гард юқтирмасликни фарзандларимизга болаликдан ўргатамиз. Аммо собиқ Шўро даврида бир мактабда камида 3-4 та фаррошлар бўлган . Ёдимда бор олис шаҳарчадаги оддий мактабда ўқиган бўлсам ҳам, дарслардан қолиб ховли супурмаганмиз. Хафтанинг бир куни икки соатга келиб уй кийимида мактаб тозалиги учун хиссамизни қўшганмиз, шу холос. Менинг ғазабимга сабаб бўлган муассаса раҳбарияти ҳам “Шанба- тозалик куни. Дарслардан сўнг бир соатга болаларингиз келиб шанбалик қилсин ” деса ота- оналар қаршилик қилишармиди? Ўзбекнинг суяги меҳнатда қотган! Шанбалик ҳам тарбиянинг бир усули. Буни фақат тўғри ва режали ташкиллаштириш керак.
Хаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Дарсга кела олмай қолган ўқтувчининг ўрнини билинтирмаслик учун ўқув ишлари бўйича маъсул шахс ўз вазифасини аъло даражада уддалаши керак.Ўша бўш қолган дарс соат ўрнига қўшимча хуқуқ дарси қизиқарлироқ шаклда ташкил қилинса, келажакда фарзандларимиз хуқуқи паймол қилинмаган, рус тили ўтилса меҳнат муҳожирларимиз ёт элларда сарсон юришмаган , қолаверса тузукроқ ишларда ишлаган бўлишарди. Фуқороларимизнинг оиласини боқа оладиган даражадаги ойлик қилиб бериш давлатнинг қўлидан келмас экан, ҳеч бўлмаса Россияга ҳар томонлама саводли ишчиларни чиқарайлик! Ўшанда меҳнат муҳожирлари мажбурий равишда рус тилини ўрганишга жалб қилинмас,қолаверса улар учун чиқарилган қўлланмаларда меҳнаткашлар хақоратли образларда намоён этилмасмиди?
Давр тақазоси экан бир вақтлар мардикорчиликка мажбур олиб кетилган ўзбек энди мажбурликдан, ноиложликдан ҳам бормоқда. Айбга буюрмангу, менимча хоозир ёшлар икки тоифага бўлинган маддохлар ва мардикорлар! Бирлари даврий матбуот ва телевизорни тўлдириб, кимларнидир олқишларга кўмиб мутъе яшаса, бирлари ёт элларда сарсон юришибди. Миллат равнақи кимнинг кулида? қ! Миллатнинг хақиқий келажаги онгли, билимли авлод қўлида!
…Ўша мактабнинг ўзим тақдим қилган сценарий асосида саҳналаштирилган “Алифбе” байрамида қатнашдим. Дона дона сўзлар билан шеър ўйиётган жажжи кичкинтойларнинг эртаси хақиқатдан ҳам порлоқ бўлишини чин дилдан орзу қилдим.
МУАЗЗАМ ИБРОҲИМОВА