“БИРДАМЛИК” ЕТАКЧИСИГА БОСИМ БОШЛАНДИ…

 

“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати фаоллари кўчаларда, ишда, жамоат жойларида бўйниларига Оқ Шарф боғлаб юришмоқда.

“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекистон Республикаси Конститутцияси қабул қилинган кунининг 20 йиллиги муносабати билан 1 декабрдан 10 декабрга қадар “Оммавий Шодлик” – “ОШ” акциясини ўтказишга бел боғлаганидан хабарингиз бор.

 

10 кун давом этиши режалаштирилган ушбу акцияда Ҳаракат Ўзбекистон аҳолисини Каримов диктатурасига қарши ўз норозиликларини кўчаларда, ишда, жамоат жойларида бўйниларига Оқ Шарф боғлаб юриш орқали ифода этишга чақирган.

Шунингдек, марафонда расмлар танлови ҳам эълон қилинган бўлиб, Оқ Шарф боғлаб суратга тушган фуқаролар ўз норозиликларини акс эттирувчи ушбу  кўринишлари расмларга муҳирлаб, танлов ҳайъатига тақдим этишлари лозим эди.

Шу кеча кундузда Ҳаракат мурожаатига кўра Ўзбекистоннинг барча вилоятларида иш қизғин кечмоқда. “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати етакчилари томонидан омма ўртасида марафондан кўзда тутилган мақсад-муддао хусусида тушунтириш, тарғибот ва ташвиқот ишлари олиб борилмоқдаки, ушбу са-и ҳаракатларнинг самараси ўлароқ кўча куйда Оқ Шарф боғлаб юрган фуқаролар сони кўпаймоқда. Шунингдек, марафоннинг расмлар танлов ҳайъати Оқ Шарф таққан – ўз норозиликларини ошкор этишдан ҳайиқмайдиган журъатли кишиларнинг  суратлари билан бойимоқда.

Ушбу оммавий тадбирдан талвасага тушган Каримов ҳукумати ҳам ўз навбатида  жим қараб тургани йўқ.  Томошабин бўлиб туришни ўзига эп кўрмаган режимнинг куч ишлатар тизимлари томонидан “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати фаолларига навбатдаги хуружлар бошланди. Чунончи, 8 декабрь куни соат 12.00 дан то 14.00 га қадар пойтахтнинг Олой бозори қаршисидаги майдонда ўтказилиши кўзда тутилган “Оммавий Шодлик” марафонида иштирок этиш мақсадида йўлга тараддудини кўраётган Ҳаракатнинг Хоразм вилоят бўлими етакчиси Валерий Назаров ҳукумат томонидан кучли  босимига учради.

–                 Мен куни кеча Тошкентга бориш мақсадида 7 декбар кунги поездга чипта харид қилиб келгандим. Бугун эса уйга Хива туман ички ишлар бўлимининг ходимлари кириб келишди. “Сизни туман Ички ишлар бўлими бошлиғи чақиртирмоқда. Жиддий бир суҳбатдан ўтишингиз керак экан. Биз билан бирга юришингизга тўғри келади”, дейишди милиция формасидаги ходимлар. Шунда мен уларга “Мени ИИБ биносига олиб бориш учун қўлларингда қандай ҳужжат бор. Қачонки менга суднинг санкциясини, ёки Ички ишлар идорасининг ёзма чақирув қоғозини келтирсангизларгина, мен сизларнинг буйруғингизга итоат қилиб, айтилган жойга боришим мумкин. Акс ҳолда, менинг қонун билан қўриқланадиган ҳуқуқимни паймол қилиб, куч билан ИИБга судраб кетишларингизга йўл қўймайман” деган мазмунда жавоб қилдим. Шунда милиция формасидаги ходимлар бир-бирларига термулиб қолишди ва “Майли, биз сизга чақирув қоғози келтириб кўрсатамиз” деганларича, ноилож ортларига қайтишга мажбур бўлишди. Мана, бугун, 5 декабр куни соат 15.00 ларда уйимнинг атрофини милиция формасидаги ходимлар билан биргаликда фуқаро кийимидаги бир-неча кишилар ўраб олишган. Ҳозир қуршовдаман, – дея телефон орқали хабар берди “Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Хоразм вилояти бўлими етакчиси Валерий Назаров, – Нима қилишга ҳам ҳайронман? Эҳтимол, айланма йўллар орқали Тошкентга етиб олиш учун яшириниб кетишим керакдир?

Ҳаракат фаоллари ўзаро кенгаш ўтказишди.

–                 Ўзбекистон тўлиқ Ҳукуматнинг назоратида бўлса… Айни дамда нафақат сизнинг уй атрофингиз, балки бутун Ўзбекистон куч ишлатар тизимларининг чангалида. Улардан қочиб қутилиш душвор. Менимча, уларнинг қаршисига чиқиб: “ Уйим атрофида бирор нарса йўқотиб қўймадингизларми мабодо? Мендан нима хизмат? Сизларга қандай ёрдамим тегиши мумкин?” деб сўраганингиз маъқул, – дея ўз фикрини билдирди Ҳаракатнинг Ўзбекистон бўлими етакчиси Малоҳат Эшонқулова.

Кейинги воқеалар ривожи қандай кечганлиги номаълум. Чунки ўша охирги қўнғироқдан кейин Валерий Назаров билан алоқа узилди. Етакчимизнинг қўл телефонидаги “қизалоқ”  “Хизмат доирасидан ташқарида” дея сайраб қолди.

Бу ҳолат Ҳукуматни ҳамма нарса, ҳатто халқнинг тантанага тайёргарлиги ҳам талвасага солиб қўяётганлигидан далолат. Йўқса, мамлакат Қомусини бепул халққа ҳадя қилган,  Конститутция кунини  байрам қилишга отланган фуқарога қутқу солармиди бу Ҳукумат деганлари?  Бу “ушла—қоч!”ларнинг замирида бошқа бир сабаб бўлмасин тағин: демак, Каримов ҳукумати  бир нарсадан, хақлнинг ҳуқуқий саводхонлиги ошишидан ҳайиқади. Бу кўриниб турган ҳақиқат!

 

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими Матбуот Маркази

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares