ЎЗБЕКИСТОН: ХОРАЗМЛИК КОРЕЙСЛАРНИНГ ДЎСТЛИК БАЙРАМИ

 

 

Бахтиёр МАҲМУД

Хоразм вилоятида Ўзбекистон Республикаси билан Корея Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 20 йиллиги ва корейс миллати вакилларининг Ўзбекистонда истиқомат қилаётганлигининг 75 йиллигига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтди. Ўтган жума куни вилоят марказидаги «Дунё» тўйхонасига Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасидан меҳмонлар, воҳамизда истиқомат қилаётган корейс миллати ва кенг жамоатчилик вакиллари, санъаткорлар ташриф буюрдилар. Вилоят хокими П.Бобожонов сўзга чиқиб, байрам иштирокчиларини дўстлик, ҳамжихатлик, санъат байрами билан самимий қутлади.

 

 

Байрамда қатнашиб, сўзга чиққан Корея Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Чон Де Ван мустақиллик йилларида ҳар иккала давлат ўртасида ўзаро ҳамкорлик, дўстлик тобора мустахкамланиб бораётганлигини таъкидлади. Ўзбекистон миллий маданий дўстлик маркази директори М.Насриддинов, Ўзбекистон Корейс маданият маркази ассоциацияси раиси Виктор Пак, Қорақалпоғистон Республикаси корейс миллий-маданий маркази раиси ўринбосари М.Хегай сўзга чиқиб, Ўзбекистонда истиқомат қилаётган турли миллат вакилларининг ўз истеъдодларини, миллий урф-одатларини намоён қилиши учун жуда катта шароитлар яратилаётгани, уларнинг ўқишда, ишда, жамият ҳаётида фаоллиги ошиб бораётганини мамнунлик билан таъкидладилар.

 

Бугунги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари тинч-тотув яшаб, ижтимоий-иқтисодий тармоқларда самарали фаолият кўрсатмоқдалар. Айни пайтда вилоятимиз турли тармоқларида корейс миллати вакиллари ҳам фидокорона меҳнат қилиб, юрт равнағига муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Ўзларининг фидойиликлари, юксак билим, тажриба ва маҳоратлари билан эл-юрт хурматига сазовор бўлмоқдалар. Ўзбекистон Қаҳрамони Вера Борисовна Пак  ўзининг бутун умрини ёш авлод тарбиясига бағишлаган фидойи инсонлардан. У Хивадаги 20-сон «Меҳрибонлик уйи»га узоқ йиллардан бери раҳбарлик қилиб, кўнгли ўксик, меҳр-муҳаббатга мухтож болаларнинг комил инсон бўлиб вояга етишлари учун ҳамкасблари билан бирга кеча-ю кундуз уларга меҳр улашиб келмоқда.

 

“Ўзбекистоним, мен учун қадрдон, азиз, бебаҳодир. Мен ушбу гўзал масканда ўз бахтим, иқболимни топдим. Умрим давомида ажойиб дўстлар орттирдим. «Меҳрибонлик уйи»даги болажонларнинг ҳаммаси фарзандларим. Касбдошларим билан эса худди опа-сингил каби аҳил бўлиб ишлаб, тарбияланувчиларнинг қувончли чеҳрасини кўриш биз учун ҳам қувонарлидир” -дейди Вера Борисовна.

 

Шунингдек, воҳа қишлоқ хўжалиги, саноати, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш каби тармоқларида, таълим, соғликни сақлаш соҳаларида Николай Ким, Ню Гва, Николай Пак, Чан Тон, Сергей Ким, Надежда Ким, Алексей Ким, Зоя Ким, Лилия Цай, Мирон Ли, Анатолий Ли, Ольга Хан, Сук Огай сингари юртдошларимиз фидойи меҳнат қилганлар. Тажрибали чорвадор Надежда Ан, қўли гул шифокор Иннокентий Ким, етук иқтисодчи Галина Ким, ёшларнинг мураббийлари Розалия Ким, Михаил Ким, уста қурувчи Сергей Ким, автотранспорт ходими Афанасий Ли каби ижтимоий-иқтисодий соҳаларда меҳнат қилаётган элдошларимиз сафи тобора кенгайиб бормоқда.

 

Корейс халқининг ўз урф-одатлари, қадриятлари, маданий меросини қайта тиклаб, уни кенг тарғиб қилишда Хоразм вилояти корейс миллий маданий маркази фаолияти тобора такомиллашмоқда. Жумладан, «Ўзбекистон – умумий уйимиз», «Дўстликдан яйрар диллар», «Ҳамжихатлик, аҳиллик самаралари», «Корейс миллати анъаналари» каби ўнлаган мавзуларда анжуманлар, учрашувлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Корейс тилида шеърлар, қўшиқлар ўрганиб, уни ижро этаётганлар орасида нафақат корейс миллатига мансуб балки, ўзбек, рус, татар, қозоқ ва бошқа миллат ёшлари ҳам бор. Корейс тилини ўрганиш машғулотларига Людмила Моисеевна Ким кўп йиллардан бери раҳбарлик қилиб келмоқда. Истиқлол йилларида Мустақиллик, Наврўз байрамларида миллий кийим кийиб, корейс тилида қўшиқ айтаётган ёшларни ва «Юлдузча», «Армдаун» ансамблларининг қатнашчиларини элдошларимиз ҳамиша қарсаклар билан кутиб оладилар.

 

“Мен корейс куй-қўшиқларини мароқ билан тинглайман. Ўзига хос майин, жозибали. Қизим Мадина бошланғич синфда ўқийди. Хозирданоқ корейс тилини ўрганишга ва рақсларини ижро этишга қизиқиши ката” – дейди ҳамшира Амина Сафоева. Корейс миллий маданий маркази «Маҳалла» жамоат фонди, «Камолот» ЁИҲ ва бошқа қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда маданий-маърифий тадбирларни, спорт мусобақаларини мунтазам ўтказиб келмоқда. «Корейс миллий таомлари» кўргазмалари ҳам доимо барчада чуқур таассурот қолдирмоқда. «Дунё» тўйхонасидаги байрам тадбири ҳам кўтаринки рухда ўтди. Унда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Галина Шин ва бошқа машхур санъаткорлар қўшиқлар ижро этишди. Тошкент шаҳридан келган ва вилоятимиздаги қатор ижодий жамоаларнинг шеър ва қўшиқларида Ўзбекистондаги дўстлик, аҳиллик мадҳ этилди.

 

“Узоқ йиллар ижтимоий-иқтисодий соҳаларда самарали меҳнат қилдим. Турли миллат вакилларидан дўстларим бор. Бугун қарилик пенсиясидаман. Ҳамма нарсам етарли. Қўшниларимиз меҳрибон, ўзбекларнинг тўйларида, маросимларида қатнашаман. Наврўзда тонггача ўйнаб-кулиб сумалак тайёрлаймиз” – дейди меҳнат фахрийси Лора Пак. “1937 йилги қатағонда адолатсизликлар туфайли корейс оилалари Приморе ўлкаси, узоқ Шарқнинг Ханкай ва бошқа жойларидан Ўрта Осиёга бадарға қилинган эди. Ўша йиллари Хоразм вилоятига ҳам кўплаб оилалар келиб, умргузаронлик қила бошладилар. Мана ўшанга ҳам 75 йил бўлди. Ўтган йиллар давомида ўзбек ва корейслар ўртасида мустаҳкам дўстлик, қардошлик қарор топди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида бир-бирига елкадош, таянч, худди ака-ука, опа-сингилдай дўст бўлдилар. Бугун ҳам улар бир оила фарзандларидек аҳил, меҳрибон” – дейди вилоят корейс миллий маданий маркази раҳбари Антонина Ким.

 

Байрам тадбирида иштирок этган 80-90 ёшга яқинлашган корейс отахон, онахонлар ўз турмушларидан мамнунлигини қайта ва қайта изҳор қилдилар. Фарзандлари, набира ва эвараларининг ўқишда, ишда, ҳаётнинг барча жабхаларидаги ютуқларини фахр билан сўзладилар. Меҳнат фахрийлари, ёшлар, меҳмонлар қувноқ қўшиқ ва куйларга рақсга тушдилар. Узилмас дўстлик ҳақидаги шеър ва  қўшиқларни жўр овозда куйладилар. Тадбир давомида фидойи меҳнати билан эл-юрт ҳурматини қозонган фахрийларга эсдалик совғалар топширилди.

 

Бахтиёр МАҲМУДОВ, хоразмлик журналист.

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares