ЎЗБЕКИСТОН: ҚАШҚАДАРЁДА БЕНЗИН ТАҚЧИЛ….

 

Эҳҳҳ, “Ўтирган бўйро, юрган дарё” деб хўп топиб айтишган экан-да ота-боболаримиз!  Юраверсанг кўравераркансан, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган воқеаларга гувоҳ бўлавераркансан, одам.

2012 йилнинг 23 октябрь куни “Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти етакчиси Елена Урлаева билан Қашқадарёга қилган сафаримиз бевосита транспорт воқеаси билан боғлиқ бўлганлиги сабабли, ажабтовур ҳангоманинг устидан чиқиб қолдик.

–                Тулпоримга емиш бермасам бўлмайди. Озиқлантирмасанг, бу жониворнинг тўрт оёғи юрмайди, – ҳазил-ҳузул қилди биз ўтирган машина соҳиби.

–                Дулдулингиз “метан” истеъмол қиладими, ё “пропанми?”, –  мутойиба оҳангида сўрадим ҳайдовчидан.

–                Йўқ, бу “жонивор” фақат  “бензин” деганидан сипқоради.. Ўша ноёб матоҳдан 10 та қўйиб қўйсангиз, “қуўлоғини қимирлатмай”, қайга десангиз, кетаверади, – дея машина рулига дўмбира мисол  бир-икки уриб қўйди ҳайдовчи.

–                Ҳов, ана, бу томонда “заправка” бор экан, – дедим ҳайдовчига ўнг томондаги АЁҚШни кўрсатиб.

–                Эб-э, нима деяпсиз, опа? Шу ернинг одамиман-ку, қаерда нима борлигини яхши биламану, ҳмм сиз айтаётган “заправка”ларда бензин нима қилсин?,- деди ҳайдовчи  норози  оҳангда, кейин сўзларининг исботи учун тантиликка ўтди, –  Гаров ўйнаймизми, агар Қашқадарё бўйича айланиб, бирорта “заправка”дан бир литр бензин топа олсангиз, сизга шу тулпоримни туҳфа қиливораман!

–                Эй, унда нима қиламиз, бензин бўлмаса, манзилимизга қандай етамиз, – сўрадим ташвишланиб.

–                Сиз кўпам сиқилманг. “Заправка”ларда бўлмагани билан қўлда кўп, сал нарига борсангиз, ҳар қадамда бакалажкаларга солиб, сотиб ўтиришибди, –  жавоб қилди ҳайдовчи мамнун оҳангда.

Суҳбатдошимнинг айтганича бор экан, Қамаши туман ҳудудидаги ҳар бир бекат ёнида гоҳ болакайлар, гоҳ аёлллар 20-30 та 1 литрлик бакалажкаларга бензин тўлдириб олиб, харидорини кутиб ўтириарди.

 

Ушбу суратни кўриб, “Э-бе? Машина ҳам яхна ичимлик “ичадиган”, тўрт ғилдираги чойнинг кучи билан айланадиган бўлиб кетибди-да-а? Замонанинг тезкорлигини, ривожланишни қаранг-а?” дея ўйламанг, оғзингиз очилмасин.  Бу бакалажкаларга бензин жойланган аслида. “Эйй, тиниб-тинчимаган одамлар-ййй, нималарни ўйлаб топишмайди-я?” дейсизми? Шундай!  Тирикчилик учун тиришиш дейишади бунинг отини! Иш бўлмаса, пахтанинг килосига тўланадиган маблағга мушук офтобга чиқмаса нима қилсин аҳоли шўрлик? Болаларининг қорнини тўйғазишнинг минг бир усулини ўйлаб топишга мажбур-да!

Қамашидан ўтиб, йўлимиз яна Яккабоғ туманига тушди. Шу ерда” чанқаб қолган  тулпоримизнинг  чанқоғини қондириш мақсади-да, бакалашкаларда бензин сотиб ўтирган аёлларнинг қаршисига тўхтадик. Ҳайдовчи савдо қилиш билан, биз ҳам ўз хизмат вазифамиз билан банд бўлдик:

 

 

Очиғи,  ночорлик ва иложсизлик туфайли бензин сотиб, рўзғорини бутлашга, тирикчилигини ўтказишга мажбур бўлаётган  бу аёлларнинг энг охирги, “доля” борасидаги сўзлари бизнинг диққатимизни тортди. Сизлар ҳам эшитдингизми? Эътибор қилдингизми?  “Солиқчиларга, участка нозирларига  ҳаққини бериб турамиз” дейишмоқда. “Доля”нинг миқдори ҳам маълум, билиб олдингиз-а? Бу нима? Ўзбекистонда порахўрлик, таъмагирлик иллатининг ниҳоятда чуқур илдиз отиб кетганлигининг исботи бу!  Айтишларича, овулда кимдир бандаликни бажо келтирса, гўрков терисига сиғмай, хурсанд бўлармиш: “Менга иш топилди. Бугун чойчақа тайёр!” деб. Бир бечоранинг оламдан ўтгани билан эса  иши йўқ! Бензин тақчиллиги билан боғлиқ ушбу ҳодисотда ҳам шунингдек ҳолат-да! Қашқадарё вилоятида сунъий равишда ҳукм сураётган бензин тақчиллиги-ю,  ҳайдовчиларнинг сарсону саргардонлигидан солиқ ва участка нозирларининг оғизлари қулоғида кўринади: “Бизга тушим тушадиган, чўнтак улгур қаппаядиган бўлди!” деб.

Ҳа-ааа, шунақа, “эчкига жон қайғуси, қассобга мой қайғуси”да  бизда, Ўзбекистонимизда… Нима дедингиз?

 

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares