Кейинги йигирма йиллик тарихимизга назар ташласак, М. Горбачёвнинг ошкоралик сиёсати сабаб бирмунча эркин равишда ривожланаётган ўзбек матбуотида шу йиллар мобайнида аста-секин ошкоралик ўрнини минг бора афсуски, маддоҳлик эгаллай бошлади. Бугунга келиб Ўзбек матбуотида “камчилликлар йўқ, ҳар бир соҳада ривожланиш бўлмоқда” деган руҳ ҳукумронлик қилмоқда. Вазият шу даражага етиб бордики, одамлар сиёсатга умуман алоқаси бўлмаган оддий маиший камчилликлар ҳақида ҳам матбуотга мурожаат этсалар бундай арз-шикоятлар ёритилмаяпди, ҳамда эътибордан четда қолиб кетмоқдадир.
Бунга бир мисол келтирайлик: Бундан икки ҳафта олдин бир гуруҳ наманганлик футбол ишқибозлари вилоят ҳокими, вилоят футбол федарацияси президенти Б.Т. Юсупов ва “Аср футболи” ҳафталик газетасининг бош муҳаррири Одилжон Исматуллаевлар номига “Навбаҳор” футбол жамоасида ҳукум сураётган камчилликлар юзасидан, қайғуриб, очиқ мактуб билан мурожаат этган эдилар. Бу мактубни газета саҳифасида ёритишга ваъда берилган санада таҳририят мутасаддилари “жой етмай қолди” деган баҳонани рукач этиб, мактубни чоп этмадилар. “Навбаҳор” футбол жамоаси ишқибозларига: “кейинги ҳафтада мактубни албатта чоп этамиз” дея ваъда бердилар.
Лекин газетанинг янги сонида ҳам мактуб чоп этилмади. Шуни инобатга олиб “Аср футболи” ҳафталик газетасида чоп этилмаган, бир гуруҳ наманганлик футбол ишқибозларининг мактубларини кичик қисқартириш билан ҳукмингизга ҳавола этмоқликни лозим топдик. Мактубнинг илк сатрларида ишқибозлар ўсмирларимизнинг Осиё чемпиони бўлганларидан ҳурсанд ҳолда, кўнгилларидаги илиқ фикрларини баён қиладилар ва ушбу мактубни қуйидагича давом эттирадилар…
“…Лекин ватанимиз футболида шонли тарихга эга бўлган севимли “Навбаҳор” жамоамизга нималар бўлаётганини изоҳлаш қийин бўлмоқда. Нега энди бир пайтлар мамлакат чемпиони, тўққиз марта бронзе медали совриндори, уч карра мамлакат кубок эгаси ва ҳозиргача ягона бўлиб турган супер кубок соҳиби бўлган жамоамиз олий лигада жон сақлаб қолиш учун курашиш керак? Бунга ким ва кимлар жавоб бериши лозим?
Бизга бир нарса ҳалигача мавҳум бўлиб турибди. Мавсум бошида меҳмондаги биргина мағлубиятни сабаб қилиб, бутун умрини Ўзбек футболининг ривожи учун бағишлаган, ўтган йили иккинчи даврада иш бошлаб, 12-ўриндаги жамоани 6-ўринга олиб чиққан Усмонжон Асқаралиевни нега ишдан четлаштиришди? Бунга жамоа раиси Дилмурод Мамажонов турли баҳоналарни сабаб қилиб кўрсатмоқда. Асосий сабаб қилиб эса у Асқаралиевни жамоада тартиб-интизомни бўшаштириб юборганини кўрсатди. Лекин биз бу фикрга қўшилмаймиз. Чунки жамоа етакчиларидан бири Алишер Маҳмудов “Футбол экспресс” газетасининг 25- сентябрь сонида муҳбирнинг У. Асақаралиев ҳақидаги саволига шундай жавоб қайтарган, “Усмон ака ишлаган пайтда интизом анча кучли эди… Маълумки интизом бор жойда натижа ҳам бўлади”. Демак Мамажоновни бу айблови ҳам ёлғон бўлиб чиқди. Клуб президенти, Наманган шаҳар ҳокими Т. Дадабоев ва клуб раиси Д. Мамажоновлар Асқаралиевни нима учун ишдан бўшатилганлиги ҳақидаги саволга ҳануз тайинли жавоб топиб бера олмаётган эканлар, бундан кўриниб турибдики, бу ерда ҳанузгача ошкор қилинмаётган, қайсидир раҳбарнинг фойдасига ишлаётган қандайдир сабаб борга ўхшайди, назаримизда. Энди савол туғилади, Д. Мамажонов Ўзбек футболи, Ватанимиз ва халқимиз учун нима иш қилди-ю, Асқаралиев нима иш қилди? Энг ачинарлиси жаноб Мамажонов Асқаралиевдек халқимизни чексиз ҳурматига сазовор бўлган кишини беҳурмат қилишга нима ҳаққи бор?…
Ҳозирда халқ ўртасида жамоа раҳбарларини У. Асқаралиев шахсига нисбатан миллатчилик руҳида муносабатда бўлаётганлари ҳақидаги гаплар юрибди, (Асқаралиев лўли миллатига мансуб).
Биласиз ФИФА миллатчиликка қарши кескин кураш олиб бормоқда. Бунинг баробарида шундайин ишлар бизнинг миллатимиз шаънига доғ бўлиб тушади. Қолаверса “Навбаҳор”ни кейинги йигирма йил давомида Россиядан, Туркманистондан, Тожикистондан мутахассислар келиб бошқариб нима каромат кўрсатишди? Улар Наманган халқини пешона тери эвазига ишлаб топган пулларини осонлик билан олдилару кетдилар. Нима У. Асқаралиев улар сингари миллионлаб пул талаб қилаяпдими? Четдан келганларни Ўзбекистон деб аталмиш Ватанимизни, миллатимизни ва вилоятимизни манфаатлари қизиқтирармиди? Бундан ташқари “Навбаҳор”ни шу ҳолга тушиб қолишига вилоят маданият ва спорт бошқармаси бошлиғи Расул Низомбоевга ўхшаганларни жамоанинг ички ишларига ҳадеб аралашуви ҳам сабаб бўлмоқда…
Шундан келиб чиқиб биз вилоят ҳокимини юқоридаги ҳолатларга эътибор қаратиб, керакли чора – тадбирларни кўришларига ишониб қоламиз.”
М.Ортиқов,
И.Дадабоев,
Р.Содиқов,
Ф.Ғофуров,
И.Раҳмонов
ва бошқалар.
Мана мактубни ўқиб чиқдингиз. Ахир футбол ишқибозлари “Уйимда зангори оловим йўқ, чироғим йўқ” деб шикоят қилаётганлари йўқ-ку! Бу каби ҳақиқатга қорилган мактублар матбуот юзини кўрмаса, Ўзбек матбуотига қандай баҳо беришимиз керак бўлади?
Носир Зокир.



