
2012 йилнинг 6 октябрь куни тахминан соат 10.00 ларда “Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Ўзбекитсон бўлими етакчиси, мустақил журналист Малоҳат Эшонқулованинг Тошкентдаги ижра уйининг эшиги тақиллади.
– Ким у?, – деган овозга,
– Светдан, – деди эшик ортидаги овоз.
“Ҳар доимги текшир-текшир бўлса керак, эҳтимол электр ҳисоблагични назоратдан ўтказишмоқчидир?” деган ўйда эшикни очган Малоҳат эшик ортида биқиниб турган бир эмас, 4-5 нафар фуқаро формасидаги одамлару, икки нафар милиция ходимига кўзи тушиб, даставвал, довдираб қолди.
– Тинчликми? Келинглар?, – ажабланиб “меҳмон”ларга юзланди мезбон.
– Опа, биз Учтепа туман суд департаментиданмиз. Сиз бир эмас, икки маротаба суд томонидан жаримага тортилган бўлишингизга қарамасдан, суд қарорини ижро қилмасдан келмоқдасиз. Биринчи маротаба ўтган йилнинг 27 июнь кунида Президент аппарати олдида очлик эълон қилган пайтингизда қарйиб уч миллион сўм миқдорида жаримага тортилган эдингиз. Бу йил 11 июнь куни Қирғизистон элчихонаси олдида кўрсатган томошангиз учун суд сизга такроран 5 миллион сўмдан ортиқ жарима билан жазолаган. Сиз эса давлатга жарималарни тўлаш ҳақида ўйламайсиз ҳам. Шунинг учун қонунчиликка мувофиқ 2011 йилнинг 27 июнь кунидаги суд қарорига кўра сизга солинган жаримани ҳозир сиздан мажбурий тарзда ундиришга келдик. Ҳозир уйингиздаги мол-мулкни, жиҳозларни рўйхатдан ўтказамиз-да, олиб кетамиз. Қачонки, жаримани тўласангиз, олиб кетилган нарса ўзингизга қайтарилади, тўлай олмасангиз, сиздан олиб кетилган жиҳозларга махсус экспертлар нарх қўйишади-да, сотувга қўйилади. Баҳоланган молингизни, аввало, ўзингизга таклиф қилиб кўрамиз, сиз сотиб олмасангиз, ўзгаларга сотилади-да, белгиланган жарима қопланади, – деди ўзини Рустам ака деб таништирган суд ижрочиси гувоҳномасни кўрсатаркан.
– Майлику-я, бироқ мен ижарада тураману, уй бировники, жиҳозлар бировники, нимани рўйхатга оласизлар, ўзганинг молиними? Бу ҳолда уй эгаси мени ижарадан маҳрум қиладику?, – “қароқчи”ларга саволомуз тикилди Эшонқулова.
– Агар жиҳозлар ҳақиқатдан ҳам уй эгасиники бўлса, у ҳолда судга бериб, бемалол мол мулкини қайтариб олиши мумкин, – Малоҳатни тинчлантирди улардан бири, кейин шерикларига манъноли қош қоқди, – Бошладикми?!
“Меҳмонжонлар” худди шу каломни кутиб тургандек, ичкарига ёприлди.
– Тўхтанглар, мен жаримани тўлашни истаган тақдиримда ҳам тўлай олмайман. Туман судининг қароридан норози бўлиб то Олий судгача шикоят ариза келтирдик, бироқ талабларимиз қаноатлантирилмай, дастлабки суд қарори ўзгаришсиз қолдирилди. Бироқ мен жаримани тўлашни истаган тақдиримда ҳам тўлай олмайман дедиму, бунга молиявий имкониятим йўл қўймайди. Шу сабабли, мен Олий судга жаримани 15 сутка қамоқ жазосига алмаштириш талаби билан чиқишга мажбур бўлганман. Жавобини кутаяпман, шундай экан, суд ижросини яна 3 кунга тўхтатишларингизни сўрайман. Бу ҳақда ёзма ариза топшираман. Мени ялонғоч қолдириб, охирги либосимгача ечиб кетган тақдирларингиздаям уйимдаги жиҳозлар 8 миллионлик жаримага тортмаса кераг-ов, кўриб турибсизлару, “Бой бўлиб болтам йўқ, гадой бўлиб халтам йўқ”-ку ўзи мени? – деди Эшонқулова уй жиҳозларини рўйхатдан ўтказишларига қаршилик қилишга уринаркан.
Бироқ, Малоҳатнинг қаршилиги ҳам, норозилиги ҳам, илтимосу ўтинчи ҳам иш бермади. Суд ижрочилари билак шимариб ишга киришиб кетишди.
Рўйхатлар олинди, гувоҳлар топилди, имзолар қўйилди… Иш тугади.
– Ўзи икки хонали, товуқнинг катагидек кичкина уйчада тураман. Рости, уйимда қўлга илинадиган нарсанинг ўзи йўқ эди ҳисоби…. бироқ, суд ижрочиларининг ҳатти-ҳаракатларини кузатарканман, улар суд томонидан менга белгиланган жаримани ундириб олиш мақсади-да жиҳозларимни олиб кетиш учун эмас, аслида, мени орг техникадан мусавво қилиш, мендаги видео съёмкаларни қўлга киритиш мақсадида уйимга ташриф буюришган экан-да, деган хулосага келдим. Негаки, ҳафтасига “Бек-барака”га қатнаб, савдогарлик қиладиган “ойтимўллом” томонидан Самарқандга кўтариб кетаолмаганликлари учун “туриб турсин” деб, уйимизга вақтинчалик ташлаб кетилган қимматбаҳо Корейс кўрпалар ҳам, музлатгич, стол, стенка, гламлар ҳам ижрочиларни қизиқтирган эмас. Айнан 10-11 минг сўмлик турадиган “флишка”ларим суд ижрочиларининг эътиборини тортганлиги мени ҳайратлантирди. Ваҳоланки, махсус ғилофларда сақланаётган Корейс кўрпаларини сотсангиз, ҳар бири 400 минг сўмга кетиши мумкин, шу тўртта кўрпанинг ўзида сал кам икки миллон сўм бор ҳисоби. Бироқ, ижрочиларни маблағ қизиқтирмади чоғи! Биринчидан, суд мени жаримага тортиш хусусида илк қарорини чиқарганига нақд бир ярим йил бўлди-ку, яхшилар! Суд ижрочилари шу ўтган бир ярим йил давомида лоақал бир маротаба ҳам эшигимни қоққан эмас! Хўш, нега айнан бугунги кунга келиб Ҳукукмат мендан унмас қарзини ундиришни истаб қолди экан? Ва яна айтингчи, компьютерга мўлжалланган “флишка” неча пул туради? Ҳатто 10 минг сўмга ҳам олмайди уларни биров! Бир эмас, иккита флишкам ҳам суд департаменти ходимларининг “ўлжалари” қаторига қўшилгани мени янада шубҳалантирди. Негаки, улар бир нарсани, уйимдаги шу тўртта кўрпа-тўшагу, музлатгич, олачадан кўра мана шу ишлатилавериб оҳори тўкилиб кетган флишкаларим менга минг чандон азизроқ, қимматлироқ эканлигини жуда яхши билишади-да. Ҳар бири 2 ГБ ҳажмга эга бўлган бу ускуналар хотирасида озмунча маълумот, оз мунча сурату видеотасвирлар бор дейсизми? Улар уйимдаги орг техникаларни, ҳа, фақат орг техникаларнигина олиб чиқиб кетишгагина ошиқишди, холос…, – дейди Малоҳати Эшонқулова маъюс жилмайиб, – Афтидан, Хукумат “ЭЛЧИЛАРИ” Қашқадарё сафари чоғида мактаб ўқувчиларга мактабдан жавоб бериб юборилиши ва мажбурий пахта теримига сафарбар этилишига оид видеосъёмкалар, шунингдек, Яккабоқ туман марказидаги 300 дан ортиқ норғул йигитларга тўла мардикор бозори-ю, бензин тақчиллигини “тараннум” этувчи видеотасврилар мана шу флишкаларда, хона компьютери ва ноутбукга жойлаштирилган бўлса керак деб хомтаба бўлишган бўлса, ажаб эмас. Ва яна дунё ҳамжамияти олдида Ўзбекистон ҳукуматининг ҳақийий, асл қиёфасини кўз-кўз қиладиган, шарманда этадиган видеотасвирларга эга чиқдик, қўлга киритдик деб дунё топган тентакдек суюниб кетишган бўлса ҳам ажаб эмас.
Ўз муддаоларини амалга ошириш, ёвуз мақсадларига эришиш йўлида, айбларини яшириш мақсадида Ўзбекистоннинг амалдаги ҳукумати қонунни ниқоб қилиб олиб, куппа-кундуз куни оддий фуқаро уйига босқинчилик қилишга, “қонуний” тарзда тунаб кетишга одатланиб қолган. Ишонмайсизми? У ҳолда, келинг, биз билан бирга истиқомат қилиб кўринг! Бу ҳолатга ўзгача изоҳим йўқ, – дея сўзига хотима қилди Малоҳат Эшонқулова.
“Бирдамлик” Халқ Демиократик ҳаркати Матбуот Маркази



