ДОВУД СУЛАЙМОН
Хоразм вилоятида аҳолининг кўпчилик қисми ҳар йили сентябрь, октябрь ойларини қийинчилик билан ўтказади. Мажбурий пахта терими халқни эзиб юборади. Мана бу йил ноябрь ойи бошланишига қарамай, терим ҳамон давом этмоқда. Ўтган йили ҳам чекилган машаққат ундан кам бўлмаган эди. Шундай бир пайтда “Хонқа пахта тозалаш” очиқ акциядорлик жамиятида бир гуруҳ шахслар халқ майдагина ҳақ эвазига қийналиб терган пахтани ўмариш, у орқали катта бойлик орттириш йўлини тутгани диққатга сазовордир. Яқинда Хоразм вилояти жиноят ишлари бўйича суди маҳкама жараёнида бир йўла бирлари вилоятимиздан, яна бирлари бошқа вилоятлардан бўлган 15 нафар фуқаро судланди ва тегишли жазосини олди.
Бунга сабаб қуйидагилардир: 2008 йилнинг сентябрь ойидан 2012 йилнинг февраль ойига қадар “Хонқа пахта тозалаш” заводи очиқ акциядорлик жамияти раиси лавозимида ишлаган Мирза Нурматов 2011 йилнинг бошларида уюшган жиноий гуруҳ ташкил этиб, унинг аъзолари ўртасида давлат мулкини ўмариш бўйича бажариладиган операциялар юзасидан ролларни бўлиб чиққан. У Р. Сафаров, М. Искандаров, А. Нурматов, Ш. Абдуллаев, Р. Ражабов, С. Ниёзматов, Г. Отажоновларнинг ҳар бири зиммасига корхона тасарруфидаги пахта хом ашёсини “давальческий” сифатида “Боғот пахта тозалаш” ОАЖга бериш, сўнгра у ерда ишлаб чиқариш жараёнида пахта толасини чиқиндига чиқариб, ноқонуний йўл билан қўлга киритилган тайёр маҳсулотни “Ковотех” МЧЖ раҳбари А. Собировга нақд пулга сотиш бўйича тегишли вазифалар юклаган.
Корхона бош муҳандиси Рашид Сафаровга ишлаб чиқарилган пахта толасини расмий ҳужжатларда камайтириб ёзиб, “Хоразмпахтасаноат” ХАБга тақдим қилиб бориш, корхона иқтисодчиси Маҳмуд Искандаровга орттириб қолинган пахта толаларининг ҳисоботини юритиш, пахта хом ашёсидан олинган тола чиқимининг ҳисобот ҳужжатларида ошиб кетмаслигини назорат қилиш, тайёр маҳсулотларни жўнатиш бўлими бошлиғи Анвар Нурматовга “Боғот пахта тозалаш” ОАЖнинг тола товаршуноси Шермат Абдуллаев билан биргаликда ҳужжатлари бўлмаган пахта толасини “Ковотех” МЧЖга юбориб, шу ҳақда қалбаки юк хати тайёрлаш, техник назорат бўлими бошлиғи Санжар Ниёзматовга Хоразм “Сифат” лабораторияси мухтор вакили Г. Отажонов билан бирга ҳеч бир бухгалтерия ҳужжатларида акс эттирилмаган пахта толаларини муаммосиз истеъмолчига жўнатиш учун ҳар бир той пахта толасига “Сифат” лабораториясидан штрих коди олиб ёпиштириш ҳамда унга мувофиқлик сертификатини бериш топширилган.
Гуруҳ аъзолари 2010-2011 йилар давомида расмий ҳисобот ҳужжатларига сохта маълумотлар киритиб, ишлаб чиқарилган пахта толасини камайтириб, пахта чиқиндисини эса кўпайтириб ёзиш орқали қисқа муддат ичида 243865,5 кг, яъни 531244300 сўмлик тайёр маҳсулотни ҳисботлардан яшириш эвазига ўмаришган. М. Нурматов шу усулда “тежалган” маблағларни операция қатнашчилари ўртасида хизматига қараб тақсимлаган. Ўғирлик маҳсулотларни манзилга етказишда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари назарига тушмаслик учун юк хатларига “Пахта толаси – Хоразм тола терминалига” дея қайд этишиб, маҳсулот “Ковотех”га етказиб берилгач, “Хонқа пахта тозалаш” ОАЖнинг қатъий ҳисобида бўлган 88, 89, 90, 91, 92, 93, 94-сонли юк хатларини йиртиб ташлашган. Бу эса катта миқдордаги маблағнинг бир гуруҳ кишилар томонидан ўзлаштирилишга олиб келган. Улар шу йўл билан давлатга 173584900 сўм миқдоридаги солиқ ва бошқа тўловларни тўлашдан бўйин товлашган.
Хонқа пахта тозалаш корхонасидаги камчиликлардан вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари котибияти мудири лавозимида ишловчи Озод Човдирбоев яхши хабардор бўлган. У вилоятда қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича олиб борилаётган сиёсатни ишлаб чиқаришга тўғри татбиқ этиш, соҳа самарадорлигини ошириш тадбирларини кўриш ўрнига хизмат мавқеини суиистеъмол қилиб, Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган йиғилиш баёни талабларини тўла бажармаганлиги ҳолати бўйича қонуний чора кўрмаслик эвазига 2011 йилнинг август ойида “Хонқа пахта тозалаш”ОАЖ раиси М.Нурматовдан 5000 АҚШ долларини, 2011 йилнинг сентябрь ойида “Хоразмпахтасаноат” ХАБ тизимида мавжуд қонун бузилиш ҳолатларини фош қилмаслик эвазига унинг собиқ раиси М. Дивановдан воситачи Ғ. Йўлдошев орқали 3000 АҚШ долларини, “Хоразм дон маҳсулотлари” ОАЖда ҳукм сураётган камчиликлар, жамиятнинг масъул ходимлари томонидан содир этилаётган ноқонуний ҳаракатлар ҳақида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига хабар бермаслик эвазига унинг раиси Р. Раҳимовдан 25000 АҚШ долларини пора тариқасида олган.
Самарқандлик Дилшод Мирзоев, Шаҳриёр Эшбоев, Шавкат Эшқувватов, жиззахлик Жасурбек Умаров, Отабек Бердибеков, тошкентлик Ҳабибулла Манноповлар жамият раиси М. Нурматов билан учрашиб, унга ўзларини давлат органининг масъул ходимлари сифатида таништириб, корхонада олиб борилаётган текширувларни ижобий ҳал қилиб беришни ҳамда уни жиноий жавобгарликдан озод этишни ваъда қилиб, шунинг эвазига 50 минг АҚШ доллари беришни сўрашган. Олдиндан тузилган келишувга асосан томонлар 2012 йилнинг 4 февраль куни Урганч шаҳридаги “Хоразм палас” меҳмонхонасида учрашишган. Шу ерда М. Нурматовни авраб, 20000 АҚШ долларини қўлга киритишган.
Пулхўрлардан бири О. Бердибеков Хоразмдаги операцияни амалга ошириши билан Сирдарёга шошилган. 2012 йилнинг 2 апрель куни шу ҳудудда яшовчи Дониёр Муратов билан билан учрашиб, унга вилоятдаги ғалла қабул қилиш шаҳобчасини олиб беришни ваъда қилиб, унинг 60 миллион сўм пулини олган.



