
( Биринчи мақола)
Одам боласи ўз умри давомида кўрган кечирганлари ва эшитиб тинглаганларини оқ қоғозга туширгудек бўлса, дунё мамлакатлари ҳудудларида ишлаб чиқарилаётган ёзув қоғозлари етиши амру маҳол. Шукурким одам боласининг хотира аталмиш муҳим аъзоси мавжуд. Бу эса инсоннинг кўргани ҳамда тинглаганини ўзида сақлай билиши орқали улардан хулоса чиқаришга қодир. Бунинг оқибатида одам маънавий озуқа олиб, тафаккур доирасини кенгайтиришга эришади. Шунинг учун бўлса керак «бирини кўриб шукр қил, бирини кўриб фикр қил» деб бежиз айтишмаган.
Кунлардан бир кун Наманганнинг Чорсу майдонидан хусусий таксида ёши саксонларга борган бир отахон билан йўл-йўлакай суҳбатлашиб келдим. Отахон бир ҳикматли ривоятни ҳикоя қилиб бердиларки, ҳали-хануз унинг таъсиридан чиқиб кетолмаётирман. Дарвоқе, мухолифатчилар орасида ўзини фикрига қўшилмаганларга тухматлар уюштириб, уларни бадном этишга ҳаракат қилувчи шахслар борлиги учун, отахон ҳикоя қилиб берган ривоятни сизларнинг ҳукмингизга ҳавола этишни лозим топдим. Марҳамат қилинг!
Ўтган замонларда донишманд уламолардан бири давра суҳбати давомида:
– Оллоҳга ҳар бир гиёҳ ва ҳар бир ҳайвон ҳам доимо шукурда бўлади. Бу эса уларнинг униб-ўсишида муҳимдир, – дебди атрофидаги кимсаларга.
Шунда имони сустроқ киши улардан:
– Сигир ҳам шукур қиладими? – дея сўрабди.
– Ҳа, – дебди у оҳисталик билан, – сигир “Оллоҳим мени шундай қилиб яратганинга шукур, гўштим, сутим инсонларга насиб қилмоқда. Мени ит қилиб яратмаганингга шукур” дейди.
Ҳалиги киши яна сўрабди:
– Унда ит нима деб шукур қилади?
– Уни ҳам ўз шукуронаси мавжуд, – деганча донишманд сўзини давом эттирибди, – «Эй, Оллоҳим, мени ит қилиб яратдинг, ризқимни одамлар орқали бериб турибсан. Инсонлар мени кўриб, жирканмайдилар. Тўнғиз қилиб яратсанг нима қилардим?”- дейди.
– Ия, бундан чиқаяпдики, энг жирканч маҳлуқ тўнғиз экан-да,- дебди қизиқувчан ўша одам, – демак у шукур қилмас экан-да?!
– Йўқ, – дебди донишманд – у ҳам Оллоҳга шукур қилади. У айтадики, “мени, ўзининг нафси йўлида атрофларига зиён етказувчи, бойлик дея ўзгалар ҳаққига хиёнат қилувчи, иғвогар, ғийбатчи, баҳил этмаганингга ва албатта миллатнинг дардида куйиш ўрнига ёмонлик уруғини сочувчи, ўз фикрига қўшилмаганларни сотқинга чиқарувчи мунофиқ одам қилиб яратмадинг. Шундай қилганингда абадий дўзаҳда куяр эдим… Шунисига минг қатра шукур” дейди дебди ул кимса.
Дўстларим одамларнинг орасидан шундай ярамасларни чиқиши биргина сиз билан биз учун эмас, балки миллатимиз учун ҳам зарардир. Барчамиз бирлашганча шундайин кимсаларни фош қилишга ҳаракат қилишимиз керак! Чунки огоҳлик ҳамма вақт одам боласини ҳушёрликка чорлайди. Ҳушёрлик эса ҳар қандай миллатни буюклик сари етаклувчи муҳим кучдир. Омонликда кўришгунча.
Носир Зокир



