ЎЗБЕКИСТОН ДУНЁ ҲАМЖАМИЯТИГА КЎЗБОЙЛАГИЧЛИК ҚИЛМОҚДА

 

Маълумки, “Ўзбекистон 2012 йил пахта ҳосилини мактаб ўқувчиларининг кўмагисиз йиғиштириб олмоқда” деган мазмундаги мақолалар дунё матбуотида хўп ва кўп тарқатилганлигидан хабарингиз бор. Аслида ҳам шундаймикин? Очиғи, мен ҳам ўз кўзим билан кўриб, пахта даласидаги мактаб ўқувчиларининг суҳбатларини ўз қўлоқларим билан эшитмаганимда эди, “Ниҳоят Ўзбекистон болалар меҳнатидан воз кечди. 2012 йилда Ўзбекистон мактаб ўқувчиларини мажбурий меҳнатга жалб қилмади. Бу йилги пахта ҳосили мактаб ўқувчиларининг кўмагисиз йиғиштириб олинди” деган гапга чиппа-чин ишонган, Ўзбекитсоннинг навбатдаги кўзбойлағичлик маҳоратига дунё аҳли қаторида мен ҳам лаққа тушган бўлардим.

Гап шундаки, шу йилнинг 22 октябрь куни “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси, мен,  Малоҳат Эшонқулова ва “Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти етакчиси Елена Урлаева  Қашқадарё вилояти аҳолисининг турмуш тарзи, инсон ҳуқуқлари масаласининг бугунги аҳволи юзасидан мониторинг ўтказиш мақсадида воҳага сафар қилдик. Сафар давомида, яъни, 23 октябрь куни тахминан соат 10.30 ларда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туман ҳудудини кезарканмиз, йўл ёқасидаги пахтазорда  жавлон ураётган болакайлар беихтиёр эътиборимизни тортди.  “Ёш пахтакорлар” билан суҳбатлашиш мақсадида пахта даласига бурилдик.

Пахтазорда кўплаб мактаб ўқувчилари ва икки ўқитувчи пахта териш билан банд эди. Мен улардан бирини суҳбатга тортдим:

–      Ҳорманг, ҳали жуда ёшсизу, мактабда ўқийсизми? Нега мактабга бормасдан пахта даласида юрибсиз?- деган саволимга кичиккина жуссали теримчи қизалоқдан шундай жавоб олдим:

–      Мен 70- мактабнинг 5-синфида ўқийман. Бизга мактабдан пахтага жавоб бериб юборишган.

–      Қачондан буён жавоб бериб юборишган мактабдан  пахта териш учун?

–      20 сентябрдан буён, – деди исм-шарифини айтишни истамаган 70- мактабнинг 7-синфида таҳсил олувчи ўқувчи қизлардан бири.

–      Йўқ, 20 сентябрдан бери эмас, 16 сенябрдан бери бизга, маткбдан барча ўқувчиларга пахта териш учун жавоб бериб юборишган. Ўшандан буён пахта тераяпмиз,- деди унинг синфдоши шеригининг гапига тузатиш киритаркан.

–      Ўҳ-ҳу, бугун 23 октябрми? Шунча вақтдан буён маткбда ўқимасдан  пахта даласида жавлон ураяпсизларми?, – сўрадим  ҳайратланиб.

–      Ҳа, кўрмаяпсизми, қорайиб кетганимиздан маълум эмасми пахта даласида юрганимиз, –  деди ярим ҳазил, ярим ўкинч аралаш ўқувчи қизлардан бири.

Пахта даласида ўқувчиларнинг қах-қахаси янгради….

-Сиз ўзи кимсиз, нима учун бунча қизиқиб қолдингиз?, – мени саволга тутди теримчи аёллардан бири.

– Мен Малоҳат Эшонқуловаман. Мустақил журналист. Сизчи?, – саволига  савол билан жавоб бердим.

– Мен шу Яккабоғ туманидаги 70-мактабнинг адабиёт ўқитувчисиман. Исмимни айтмай қўя қолай. Мен мана шу мактаб ўқувчиларига  масъулман….  Биз ҳам, мактаб ўқувчилари ҳам пахта даласига қувилганмиз. Биз ўқитувчиларни пахта теришга мажбур қилишади. Пахта териш муаллимнинг ишими? Шулар ҳақида ёзинг ва биз шу балолардан қутилайлик, – дея ҳасрат қилди ўзини адабиёт ўқитувчисиз деб таништирган теримчи аёллардан бири. …

– Айдашмасам, куни кеча Ўзбекистон пахта режасини уддалади деб, телевизорда ўйин-кулгу қилишаётган эдику?, – сўрадим ажабланиб, – Шундай бўлсаям, болалар пахта даласидан мактабга қайтарилмадими?

– Кейинги кунларда зарбдор 10 кунлик ўтказилмоқда. Бу 10 кун давомида айниқса  жуда қаттиқ олишмоқда. Болалар пахта даласидан чиқарилгани йўқ….

Кўрган-кечирганларимдан шу нарсага амин бўлдимки, гарчи қоғозларда “ушбу йилда пахта мактаб ўқувчиларининг кўмагисиз йиғиб-териб олинаётган” бўлса-да, аммо, аслида, амалда нафақат Қашқадарё вилоят мактаб ўқувчилари, балки бутун Ўзбекистон ўқувчилари пахта даласига қувилган кўринади…

Аслида, Ўзбекистонимизда ҳамма нарса қоғозда бўлади, барча иш қоғозда уддаланади. Қоғоздагина осомнларга учамиз, юлдузларни кучамиз… Бизку, бу каби барча ёлғонларимизга аллақачонлар ишониб, одатланиб қолганимизга кўп бўлган. Аммо, мени ҳайратга солган нарса шу бўлдики, ушбу  йилда Ўзбекистон Ҳукумати “2012 йилда Ўзбекистон болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилмади. Пахта мактаб ўқувчиларининг кўмагисиз йиғиб-териб олинмоқда!” деган мазмундаги ёлғонларига, ажабтовур эртакларига нафақат ўз аҳолисини, балки бутун олам аҳлини, дунё ҳамжамиятини ишонтиргани, ишонтира олгани лол қолдирди! Қалай, қойилмисиз? Оламни лақиллатишга қурби етибдими, қандини урсин дейсизми? Эҳтимол…,  дея фикрларимни давом эттиришни истардим, бироқ…  Айни дамда ушбу воқеа ва суҳбат мазмун-моҳиятига батафсил тўхталиб ўтишнинг умуман имкони йўқ… Чунки биз айни давдам Яккабоғ тумани йўлида, 6 та нексия машинаси билан атрофимизни қуршаб олган 10 дан ортиқ ДАН ходимлари қуршовидамиз… Ортимиздан айғоқчилик қилаётган маҳаллий ҳокимият амалдорлари “пахта иши”га оид қўлимиздаги  далилий ашёларни, ведиотасвирлар ва суратларни тортиб олиш илинжида илҳақ туришибди… Қуршовда қолганмиз… Аммо мен бир нарсани, Яккабоғ туман пахта даласида мактаб ўқувчилари – “ёш ҳашарчи теримчилар” билан бўлган “болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш” борасидаги  ушбу суҳбатимиз муҳирланган  ведио тасвирини   сайтимиз ўқувчиларининг ҳукмига тез кунларда ҳавола қилишга ваъда бериб қоламан….

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекистон бўлими етакчиси

 

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares