НИҚОБИ ЙИРТИЛДИ

 

Барча динлар, айниқса, Ислом дини одамларни эзгуликка ундайди, ёмонликдан қайтаради. Дин пешволари, уламолар, умуман чин дилдан эътиқод қилиб, шариат амалларини тўла адо этиб юрган инсонлар эл орасида катта обрўга эга, уларни ҳамма ҳурмат қилади. Ғараз ниятли кишилар динни ниқоб қилиб олишларининг сабаби ҳам шунда бўлса керак. Бу ниқоб соддадил кишилар, айниқса, ёшлар онгини заҳарлашда уларга қўл келмоқда.

Бугунги кунда турли хил диний экстремистик оқимлар бутун бутун дунё бўйлаб амалга ошираётган қўпорувчилик, террорчилик ҳаракатлари, улар келтириб чиқарган низолар оқибатида қанчадан-қанча бегуноҳ кишилар ҳалок бўлмоқда. Бу билан нимага эришмоқчилар, мақсадлиари нима? Қандай қилиб бўлса-да (алдаб, фириб бериб, қўрқитиб, ўлдириб, гиёҳвандга айлантириб ва ҳоказо) амалга оширмоқчи бўлаётган асосий мақсадлари бу – ҳокимиятга эришиш, бойлик орттириш.

Ўз шахсий манфаатлари йўлида ҳар қандай маразликдан қайтмайдиган кимсалар билан ёнма-ён яшаётганимизни кўпинча билолмаймиз. Чунки улар кишилар кўзига фариштадек беозор бўлиб кўринишга усталар, юзларига турли хил ниқоблар тақиб олганлар. Аммо, кўза кунда эмас, кунида синади, деганларидек, охир бир кун уларнинг асл башараларини кўришга муваффақ бўламиз.

Яқинда Хоразм вилояти Боғот туманидаги “Қулонқорабоғ” ҳамда “Қипчоқ” қишлоқлари имом хатиби бўлмиш Кенжабой Абдукаримовнинг ҳам ниқоби йиртилди. У гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланганлиги учун қамалди. Ушбу фаолиятини у кеча ё бугун бошламаган. Маълум бўлишича, ўзи ҳам гиёҳванд модда истеъмол қилган. Демак, у Оллоҳ ҳаром қилган жирканч моддани қабул қилибгина қолмай, ўзи ҳидоят йўлига бошлаши керак бўлган кишилар онгги ва вужудини гиёҳванд моддалар билан заҳарлаб, разолат ботқоғига ботган.

Ана шундай нопок кимса бўлатуриб, нега у дин йўлини танлади? Нима учун мадрасада ўқиди, маҳаллий ҳокимият ишончини қозониб, имом хатибликдек масъул вазифани зиммасига олди? Бунинг сабаби, юқорида таъкидлаганимдек, диннинг ниқоб вазифасини ўташга қулайлигидир. Кенжабой Абдукаримов ҳукумат томонидан юқори мартаба берилган кишини ҳеч ким гиёҳванд деб ўйламаслигини, уни гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланади деб шубҳаланмаслигинияхши билган. Имом хатиб “ҳазратлари” юзидаги ниқобни тортиб олиб, халқимизга унинг асл башарасини кўрсатиб берган инсонларга Оллоҳнинг марҳамати ёғилсин!

 

Дилроз ҚУЛМУҲАММАД

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares