
Қашқадарё вилоятидаги собиқ фермер, «Бирдамлик» ҳаракати лидери Баҳодир Чориевнинг отаси Ҳасан Чориев туҳматда айбланмоқда.
70-яшар Ҳасан Чориевни фермер хўжалигидан маҳрум қилишди, уйидан ҳайдаб чиқаришди, эндиликда эса Жиноят кодексининг 139 моддаси «г» банди билан уч йил қамоқ жазоси кўзда тутилган “Қасддан ёки бошқа ғаразли мақсадда туҳмат қилиш” бўйича жиноий иш қўзғатишди.
“Қамаши тумани раҳбарлари, менинг шу уч йил давомида турмада ўтиришимни менга қатъий ваъда қилишди”, – дейди Чориев.
Унга қарши жиноий иш сентябрнинг бошида очилганди, 12 октябр куни эса суд бўлиши керак эди, Чориев унга боришни истамади.
Чориевлар ярамас
Ҳасан Чориевнинг тўғрилиги ва мустақиллиги аллақачонлардан бери Қашқадарё мутасаддиларининг ғашини келтира бошлаган эди, бироқ кейинги пайтларда унинг «Бирдамлик» мухолифат ҳаракати лидери Баҳодир Чориевнинг отаси эканлиги вазиятни янада чуқурлаштирди.
“Туман ҳокими менга – ўғлинг “Бирдамлик”ни ташласин, шунда ҳаммаси яхши бўлади, аксинча – турмага ташланасан” деди, – дейди Ҳасан ака.
Унинг ўғли Баҳодир оиласининг катта бир қисми билан АҚШга эмиграцияга кетди, у ердан туриб, ўзи тузган, нозўравон сиёсий курашни тарғиб қилувчи “Бирдамлик” ҳаракатига раҳбарлик қилади.
Ҳасан Чориев кейинги бир неча йил давомида атрофида бўлаётган воқеаларни қасд олиш дея ҳисоблайди.
Чориев вилоят “Сув тармоғи” идорасида мироблик қилди, бироқ 2008 йили пенсияга чиққанидан кейин фермерлик билан шуғуллана бошлади.
Қамаши тумани ҳокимлиги унга 34 гектар ер ажратди. Тўғри, ер “қуруқ” – суғориш имкони йўқ жойда эди. Дон етиштириш имкони бўлмади, шунда ҳукумат фермерга расман ғалла ўрнига чорва билан шуғулланишга рухсат берди.
Фермер Чориевнинг муаммолари 2010 йили, унинг электр ҳақлари тўловлари билан бирга сақланган трансформатор ва ҳисоблагични ўғирлаб кетишганидан кейин бошланди.
“Трансформаторнинг ўирланиши ҳукуматнинг иштирокисиз бўлмаган деб ўйлайман, чунки 2011 йилнинг ноябрида менга қарши электроэнергияни ўмарганим юзасидан жиноий иш қўзғатишди”, – дейди Чориев.
Фермернинг 23 миллион сўм (8,5 минг доллар атрофида) қарзи бор дея ҳисоблашди – гўёки уч йил давомида мен куни бўйи электр ёққанман ва бунинг учун ҳеч нарса тўламаганман.
Чориев, бу нотўғри деб ҳисоблайди – у одатдагидек пулни тўлаб келган ва суткалаб электрни ёқиб қўйиши мумкин эмас, чунки Қамаши туманида кунига фақат икки соат электр беришади.
Бунинг устига, фермернинг бўйнига 2,5 миллион қарзни “илишди”, гарчи Ўзбекистонда экинни суғориш сувлари текин.
2012 йилнинг январида уни фермер хўжалигидан маҳрум қилишди. Бунга узоқ баҳона қидириб ўтиришмади – ҳокимлик ўзининг чорва ҳақидаги қарорини унутди ва Чориевни «ғалла етиштирмаганлик»да айблай бошлади.
Ферменнинг бутун қурилишлари устига булдозер солишди, ҳеч қандай товон пули беришмади. Бутун чорвани ҳайдаб олиб кетишди.
Ҳукуматга шикоят қилиш бефойда
Чориев – принципиал одам, ноҳақлик юзасидан барча идораларга, унинг фермер хўжалигига қарши қилинган ишлар тўғрисида шикоятлар ёзди. Бунинг бари маълум оқибатларга олиб келди.
“Ҳукумат мени, уларни шантаж қилаётганликда – улар олиб кетган 16 сигир ўрнига ортиқча моллар қўшиб ёзаётганимда айблашди ва туҳмат ҳақида маъмурий иш қўзғашди”, – дейди Чориев.
Фермерни эса «Сув тармоғи» идораси Чориев пенсияга чиққанидан кейин унга қолдирган мироблик уйидан ҳам ҳайдаб чиқаришди.
Чориевнинг Шаҳрисабзда яшаётган хотининг паспортини эса, паспорт столидагилар янгисига алмаштириш баҳонасида олиб қўйишган, мана уч ойдирки қайтиб беришмаяпти.
Uznews.net



