ХОРАЗМДА УН НАРХИНИНГ ОШИШИ ДЎКОНЛАРДА АЖИОТАЖНИ ВУЖУДГА КЕЛТИРДИ

 

Валерий НАЗАРОВ

Мана бугун, сўнгисими ёки яна давом этадими, ҳозирга қадар арзон-гаров ҳисобланаётган, фуқароларда яшашга иштиёқ уйғотиб, бардамлигини тиклаб келаётган уннинг нархи деярли 30 фоизга кўтарилди ва аҳолини меҳнатга рағбатлаётган, унга куч бағишлаётган умид учқунлари сўна бошлади.

 

Қишлоқда 35 йил давомида ветеринар бўлиб ишлаганим туфайли ҳар бир хонадоннинг каму кўстини кўравериб, кўзим пишиб қолган. Баъзи хонадонларнинг яшаш шароити шундайки, бутун оилага бир ойда бир кило гўшт сарфланади. Асосий озуқа нон ҳисобланади. Бундай аҳоли гоҳ ноннинг ўзини, гоҳ қотириб, “сухари” қилиб, гоҳ помидор ёки саримсоқ суркаб, гоҳ сувга ивитиб, юмшатиб ейди, тиши тўкилганлар талқон қилиб, доривор сифатида каппа отади. Касалга чалинганлар озуқанинг бошқа турларидан тўйиниб, зада бўлиши мумкин, аммо нондан безор бўлмайди. Нон – худонинг бандасига бағишлаган улуғ неъмати. Халқимиз унинг урвоғини ҳам улуғлаб, ерда ётганини ҳам чангини пуфлаб, ейди.

 

Машҳур ёзувчи Даниел Дефо асарида, саёҳатга чиқиб, чекка оролга маҳкум қилинган Робинзон довул туфайли чўкиб, қирғоққа чиқиб қолган кемада сичқонлардан омон қолган буғдой халтасини титкилаб, гўшт истеъмолидан безор бўлгани сабабли, халтадан топган буғдой доналаридан уч-тўрттасини ерга қадаб, куну тун ёввойи эчкилар еб кетишидан сақлаб, ардоқлаб кўпайтириб, нон жамғармасини ташкил қилган. У ушбу жамғармани уч йил давомида тановул қилиб,  жон сақлаган. Нон ардоғига доир бундай ривоятлар турли миллат вакиллари томонидан кўплаб яратилган. Олтин инсонларни бир бирга ёвлаштиради. Аммо ноннинг йўриғи бошқа.  Бир хонадонга ташриф буюрсак, аввал ноннинг тузини тотамиз ва орада ўзаро илиқлик, меҳр пайдо бўлиб, ҳатто душманликдан ҳам фориғ бўламиз.

 

Бизда ун нархининг оширилиши, кимларгадир фойда, кимларгадир зарар келтирмоқда. Бугунги қимматчиликда чўнтагида пули кўплар ёппасига дўконга ёпирилиб, халта-халта ун сотиб олишмоқда. Оддий халқ нонсиз қолмаслик учун, пулдорлар эса бизнес, аввал омборларни ундан тўлдириб, танқислик сезилган онда шу унни янада юқори нархда пуллаш учун шундай қилишмоқда. Пулдорлар бу товарни то нархи кўтарилгунча, ҳатто бир қисмини сичқонларга емиш қилсалар ҳам, омборларда димиқтириб сақлаб, фойда кетидан қувадилар. Оддий халқ  эса ўша сифати ёмонлашган унни қўлига пул тушганида харид қилиб, бола-чақаси билан бирга истеъмол қилиб, саломатлигини бой беради.

 

Хўш,  ун нархининг кўтарилишига кимлар сабаб ва у нималар оқибатида келиб чиқди? Бир вақтлар  КПСС марказий қўмитаси сиёсий бюроси раиси Н. С. Хрушчев Ўзбекистонга ташриф буюрганида Ўзбекистонда экинлар жойлаштируви тўғрисида нутқ қилатуриб, Шароф Рашидовни бироз танқид остига олиб, кесатиқ сифатида: “Сизлар пахта аристократисизлар, донли экинларга хушингиз камроқ, сиз ҳам руслардан ўрнак олиб, дон-дун экинлари, маккажўхори экиш салмоғини бироз кўтаринглар. Чунки у ҳам гўшт, ҳам нон” деган эди. Натижада шу даврда дон-дун экинларига эътибор кучайганди. Ана шу қурғоқчилик йилларида биз заҳира қилинган маккажўхори уни билан кун кечиргандик. Кейин пахта яккаҳокимлиги даврини бошдан кечирдик. Мустақиллик йилларида бунга қарши кўп гап айтилди. Аммо амалда ҳозирги кунда ҳам пахтага эътибор катталиги натижасида дон-дун масаласи соя остида қолмоқда.

 

Бултур Хива тумани далаларига буғдой кеч экилди, совуқдан бурун бир мартагина суғорилди. Қуруқ тупроқ эррозияси туфайли буғдой ниҳоли томир ёзолмай, қиш совуғига бардош беолмай, сийраклашди. Ҳосил чўғи камайди. Лекин амалдорлар бу ҳолатга чап бериш ва айбларини хаспўшлаш учун сўроқдан қочиш, амални бой бермасликни кўзлаб, режаларни оғизда ва қоғозда бажариб юбордилар. Оқибатда ун қаҳатчилиги келиб чиқди. Чунки мутахассис кадрлар ўз ўрнига яраша белгиланмайди. От тилини сайис (отбоқар) билади, деганларидек, асли касби қурувчи бўлган Хива тумани ҳокими, ўтган йили ишларни хом пишириб, дон қирувчисига айланди.

 

Валерий НАЗАРОВ,  “Бирдамлик”нинг Хоразм вилояти бўйича етакчиси.

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares