
Ҳасан ота… Мен Қашқадарё вилоятининг Қамаши (айни кунда бу тумандан бадарға этилган) Ҳасан ота билан танишганимда, бу одам қиёфасида содда қишлоқ аҳолисининг, заҳматкаш деҳқоннинг, кўнгли очиқ чорвадорнинг сиймосини кўрдим. 70 ёшни қоралаётган отахон барча ўзбеклар қатори самимий, меҳмондўст, далли-ғўлли, кўнгли очиқ, бир қоп ёнғоқ экан. Ҳасан ота билан кўришган вақтимда у кишининг “Ҳасанбобо ўғли Ихтиёр” чорвачилик фермаси Қамаши туманининг ота тили билан айтганимизда “маҳаллий тўралари томонидан талон-тарож этилган” эди… Халқимизда “Мол аччиғи, жон аччиғи” деган гап бор. Ота бир эмас, 39 бошли зотдор сигирларидан, 135 бош қўйларидан бир зумда мусавво бўлган бўлса-да, ўзоро суҳбатда ҳасартларини сиртига чиқармас, ички исёнини ўзбекона жумрадлик билан енгарди….
Дарвоқе, Ҳасан Чориевнинг “Ҳасанбобо ўғли Ихтиёр” чорвачилик фермасига Ҳукумат томонидан бўлган босқинчилик ҳужуми хусусида икки оғиз: Обдон ўйлаб қилинган бу “ўйин” қачон, кам тамонидан ва нима мақсадда бошлагани номаълум. Калаванинг учи йўқ. Бироқ, Ҳасан отага шу нарса аёнки, 2011 йилнинг 13 декабр куни Қашқадарё вилоят ветеринария бошқармаси бошлиғи Б. Қурбонов, Қамаши туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимининг Чорвачилик бўйича бош мутахассиси Қ. Бозоровлар “Ҳасанбобо ўғли Ихтиёр” фермер хўжалигига кутилмаган меҳмон бўлиб келадилар ва Ҳасан отанинг иштирокида чорва хўжалигидаги мавжуд чорва молларини бирма-бир, турма-тур саноқдан ўтказиб, далолатнома тузадилар. Мазкур далолатномага кўра “Ҳасанбобо ўғли Ихтиёр” чорвачилик фермер хўжалигида жами 24 бош йигирк шоҳли қора мол ва 235 бош қўй борлиги аниқланган…
Бу каби “ҳисоб-китоб”лардан кейин, “Ўлжанинг бари мана шу ерда экан-ку?” дея оғзининг таноби қочган Қамаши туман маҳаллий ҳокимият амалдорлари енг шимариб “Ҳасанбобо ўғли Ихтиёр” чорвачилик фермасини қай йўсинда “ишғол” қилиш режасини тузишга киришади, назаримда. Ҳа, нима? Ҳасан ота деганлари ким бўпти? Бўлса, Қашқадарёнинг қуёш қиздирган дашту даласидан, ғўза эгатидан, молларининг охири-ю оғилидан нарини кўрмаган саводи йўқ бир чол-да! Қариядан қўрқиб ўтиришадими? Қолаверса, Чориевлар фамилияси айни тобда Ҳукуматнинг қўзига тушган чўпдек бўлиб турган бўлса? Ҳасан чолнинг бир эмас, нақд 7 нафар АҚШдан сиёсий бошпана олган фарзандлари Ўзбекистоннинг амалдаги ҳукуматига қарши мухолиф ташкилот ташкил қиливолиб, кимсан Каримов жаноби олийларининг устига от ҳайдаб турган бўлса? Бедодликлардан дод деган ота арз қилганда қаерга ҳам борарди? Ўғиллари “қора рўйхатга тиркалган” отанинг оҳига ким ҳам қулоқ соларди? Шу маънода Ҳасан отани бадном қилиш маҳаллий тўраларга чўт эмас! Ҳа-да, шундай нозик паллада Ҳасан чолнинг чорвачилик фермасига қароқчилик уюштириб, ўғирликка тушса, мол-қўйини ўмарса Қамашидаги майда арбобчаларнинг биров мушугини пишт дермиди? Йўқ, аксинча, “Отангга балли!” дейишлари турган гап. Шундай экан, тушмуқларининг тагидаги нақд ўлжадан улуш олиш илинжида ишга киришмоқ керак! Ана шу мақсадда Қамаши туман ҳокими бошчилигидаги туман прокурори ва Ички ишлар бошқармаси бошлиғидан иборат жиноий гуруҳ уйқу билмай, ғимирлаб қолишди…
Қамашидаги ҳукумат ташкилотларидан иборат бу қароқчилар гуруҳи ғараз мақсадларини амалга ошириш учун энг қулай вақтни, Янги йил остонасини танлашди. Бу бежиз эмас. Биринчидан, янги йил арафасида барча Ҳукумат раҳбарлари ўзи билан ўзи овора бўлади. Иккинчидан, Тошканда ўтирган тўраларнинг байрам дастурхонига ҳам тортиқ керак. Бу борада Ҳасан отанинг қўйларидан ортиқ туҳфа борми? Қарабсизки, ҳадяга тандир кабоб ҳам тайёр, қўйлар ўз оёғи билан мараб келишади-ку! Қолаверса, бу каби қаллобликларини ҳаспўшлаш учун баҳона ҳам тайёр: “Ахир, Ҳасан Чориевнинг АҚШдаги 7 нафар ўғли Каримовимизга тиш қайраганку?!” деган важни рўкач қилишади-ю, сувдан қуруқ чиқишади. Улар бир нарсани, макрлари иш беришини, қора ишларини ювиб кетишини жуда яхши билишади. Ана шунинг учун ҳам 2011 йилнинг 29 декабрь куни Қамаши туман Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари 30 нафардан иборат ички ишлар ходамларини олдига солиб “Ҳасанбобо ўғли Ихтиёр” чорвачилик фермер хўжалигига босқинчилик уюштиради. Босқинчилик дейишимизга боис шуки, ИИБ ходамлари ҳеч бир иккиланмасдан фермадаги кўп миқдордаги чорвани, мол-қўйларни ўмариб кетадилар. Ўзбекистон Республикаси Қонунчилигидан маълумки, кишининг хусусий мулкига даҳл қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Фуқарога тегишли бўлган мол-мулк қачон тортиб олиниши мумкин? Қачонки, қўлида мол-мулкни мусодара қилиш борасида суд қарори акс этган бир парча қоғози бўлсагина суд ижрочилари фуқаронинг мол-мулкини хатлаши мумкин! Ҳа, олдига солиб кетиши эмас, олдин хатлаши шарт ва лозим! Мабодо, фуқаро қарздорликни тўлашдан бош тортсагина унинг мол-мулки олиб кетилиши мумкин. Шунда ҳам, энг аввало, олиб кетилаётган мол-мулклар рўйхати тузилиши, олиб кетилишга оид далолатнома ёзилиши даркор. Ваҳоланки, “Ҳасанбобо ўғли Ихтиёр” чорвачилик фермасига куппа-кундуз куни ўғирликка тушган Қамаши туман ички ишлар бўлими ходамларининг қўлида эса на суднинг қарори ва на суд ижро варақаси бўлган. Ва яна мол-мулк соҳиби иштирокида ҳеч қандай далолатнома ҳам тузилмаган. Мана шундай ҳолатда, Қамаши туман маҳаллий ҳукумат арбобларининг ҳаракатларини замонавий қароқчилик деб атамай, яна нима дейиш ҳам мумкин? Бундай қонунбузарликнинг бошқа бир номи бўлса, айтинг! Ҳа, бу ҳолатни бошқа нарса деб аташ мумкин эмас. Ҳасан ота тили билан айтганда “Маҳалилй ҳокимият амалдорларининг замонавий қароқчилиги эди бу!”.
Бир сўз билан айтганда, Ҳасан ота АҚШдан қўним топган 7 нафар ўғлининг, айниқса, тўнғичи Баҳодир Чориевнинг сиёсий фаолияти учун Ўзбекистон Ҳукуматига 2011 йилнинг 29 декабр куни илк бор қурбонлик қилди. Яратган эгам имону эътиқодини, ишончини синовдан ўтказиш мақсадида Иброҳим пайғамбарга ўз ўғлини қатил эттирмоққа буюрди. Зеро, Оллоҳнинг истаги бир жонни жувонмарг қилмоқ эмас, пайғамбарнинг эътиқоду ишончини чиғриқдан ўтказмоқ эди, холос. Тангри таъоло қарасаки, Иброҳим пайғамбарни Яратганнинг ўзига бўлган эътиқоди мустаҳкам, имони саломат. Ана шундай кейин Оллоҳ Иброҳимга фарзандининг ўрнига бир қўйни қурбонлик қилишликни буюрган эди. Бироқ, Ўзини Худо деб билгувчи Ўзбекистон Ҳукумати Яратгандан ҳам қудратли эканлигини кўз-кўз қилмоқ истади чоғи, улар ўз фуқаросидан, Ҳасан отадан ўғлининг моли ва жони учун 29 бошли йирик шоҳли зотли қора мол ва 235 бош қўй-қўчқорни қурбонлик қилишга фатво берди! На мунча? Кўп эмасми бу? Бунчалар нафси ҳакалак отмаган бўлса бу Ҳукумтадагиларнинг?! Эҳтимол, ўғилларининг сони бир эмас, 7 нафар бўлганлиги сабабли, Ҳукумат солган солиқнинг мақдори ҳам салмоқли бўлгандир? Балки ҳукумат одам бошига қараб бож солгандир? Ким билади дейсиз?
Бутун бир бошли чорвасидан бир лаҳзада мосуво бўлган 70 ёшли отахон чапак чолиб қолаверди… Аммо тақдирга тан берган эмас. Айтишадику, қабр ёқасида ҳам умид яшайди деб. Бу бор гап. Ҳасан ота ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг инсофга келиб қолишига ич-ичидан умид қилди, шуни истади. Ана шу илинжнинг маҳсули ўлароқ Каримовга, Иноятовга, Қодировга, Э. Ғаниевга, Комиловга, номи ва амалини биз ҳам билмайдиган яна кўплаб Ўзбекистон корчалонларига ўнлаб шикоят аризалар йўллади. Ўзбекистон ҳукуматидан адолат сўраш, саратонда қор ёғишига орзуманда бўлишдек бир гап, аслида. Буни тушуниб етмаган Ҳасан ота, эсиз, шунча оқ қоғозни увол қилгани қолди-я?…
Ҳукумат оҳларига қулоқ тутавермагач, Ҳасан ота дунё ҳамжамиятига арзу ҳол қилишга мажбур бўлди. Провардида, отахоннинг ҳасратлари интернетнинг ҳали у, ҳали бу сайтларида кўрина бошлади. Қамаши туман ҳокимияти қарасаки, саводсиз деб назарларига илмаган 70 ёшли бу қария чатоқ чиқиб қолди, осонликча жон берадиганлар хилидан эмас. Бу ёқда эса, отахонни ночор, ҳимоясиз бир қария билиб, ишнинг расвосини чиқариб бўлишган, яъниким, унинг чорва фермасини ўмариб қўйишган. Нима қилиш керак энди? Ўғирланган мол-қўйларни жойига қайтариб бўлмайди. Бунинг иложи ҳам йўқ. Негаки, 235 бошли қўйлар аллақачонлар кимларнингдир дастурхонига тандир кабоб бўлиб тортилган. Зотли сигирлар “кўкат”га айланиб, жамадонларга жойланганига, Тошканга тортиқ этилганига кўп бўлган. Ким ҳам еганини қайт қилишни истарди дейсиз? У ҳолда нима қилиш керак? Нима бўлганда ҳам, дунё афгор оммасининг олдида мулзам бўлиб қолмаслик учун ўз ўғирликларини қонунийлаштириб қўйишлари керак. Шарт!
Алқисса, Қамаши туман тўралари қароқчилик қилмишларини қонунийлаштиришга киришиб кетишди. Бир зумда туман прокурорининг жимжимадор имзоси қўйилган, Ҳасан отага аталган “айблов хулосаси” ҳам тайёр бўлди-қўйди. “Задный число” – 2011 йилнинг 5 декабрь санаси билан! Ҳа, энди симёғочгаям статья қўйишга қодир прокурор шугина ишни эплай олмаса, нима қилиб ўтирибди прокурорлик постида қаттиқ кекириб? Қиладида еярини еб қўйганидан кейин! Айблов хулосаси ўтган сана билан расмийлаштирилган деб шубҳага боришимизнинг боиси шундаки, мабодо мазкур айблов хулосаси аввалдан мавжуд бўлганида эди, 2011 йилнинг 5 декбрида битилган ушбу айблов хулосасига асосан, аввало, суд бўлиб ўтиши лозим эди. Суд ҳукмидан кейингина, отанинг чорвачилик мермасига чанг солиш мумкин бўларди. Ваҳоланки, ҳали суд бўлмасдан туриб, суд якуний хулосасини айтмасдан илгари, Қамаши туман ҳокими, прокурори, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўзларича қозининг ўрнига “Ҳасан отанинг Чорвачилик фермасини тунаш ҳақида” ҳукм чиқаришлари нимаси? … Воқеликдан бироз четлашиб кетдик, чамаси… Хуллас, ана энди прокурорнинг айблов хулосасини қўллаб юбориш қозининг гарданида. Судья эса ишни кўпам пайсалга солишга одатланмаган. Ўта тезкор. Ана шу тезкорлиги қозини 2012 йлининг 5 март куни Ҳасан отанинг Шаҳрисабз туманидаги хонадонига бошлаб келди. Тез ёрдам шифокорлари томонидан тиббий муолижа олаётган ота ўз хонадонида маҳкамага тортилди. Суд иши бошланди ва тугади. Бор йўғи 5 дақиқа. Суд ўтдими, ўтди, суд бўлдими, бўлди дейиш учунгина керак эди аслида бу расмиятчилик. Ҳасан отани айбдор деб топган суд ундан тортиб олинган 16 бошли (қолган молу қўйлар таг-туги билан йўқ! Далолатномасиз, бирор хату қоғозсиз тунаб кетишган олғирлар ўғирлигини тан олишармиди? Ҳечам-да! Қонун идорасида ўтирганлар анойи деб ўйлайсизми? Адашасиз!) наслли қора болларни 22 миллон сўмдан ортиқроқ нархга баҳолади-ю, Қамаши туман электр энергияси ташкилотининг фойдасига ундириб берди. Суднинг гапини қаранг: Яна нима эмиш, “…16 бошли йирик шоҳли зотли қора мол – жами, 22.100 000 сўмлик…” бўлармиш. 16 бошли қора мол-а? Бир кило мол гўшти 17 000 сўм бўлиб турган бир пайтда-я?! Наҳотки?! “Бели оғримаганнинг нон ейишини кўр!” деганлари шу бўлса керак-да! 16 бошли зотли қора молнинг ҳар бири бозор нархида 5-6 миллион сўмдан, камида жами 100 миллион сўмнинг тагига боришини Ўзбекистонда ёш бола ҳам билади-ку?… Шунақа… Молини “туя қилганлиги” учун ҳам маҳаллий ҳокимият, “одил суд” отага мурувват кўрсатган бўлди. Ўзбекистон Конститутцияси қабул қилинганлигининг 19 йиллиги муносабати билан эълон қилинган аминистия Қарорининг қайсидир бандларига кўра Ҳасан отага жазо тайинланмади. Тўғрироғи, муривват эмас, бир ўқ билан икки ўлжани отиш дейишади бунинг отини. Аслида бу “мукофот” мол-қўйларни ўмарган талончи Ҳокимиятнинг отага тортиқ қилган “туҳфа”си эмас, балки, тинч юриши учун бир ишорат, қариянинг оғзини ёпиш учун сийлов, янаям аниқроғи, бу “қози, қози” ўйини Ҳасан Чориевнинг кўзини қўрқитиб қўйиш учун қилинган бир пўписа эди, холос…. Аммо ўзбекларимизнинг табиати қизиқ-да. Одатда, синчков бўлишларига қарамасдан, унча бунча ишоратларни тезда илғамайди, ёки англашни исташмайдими, ва ё соддалиги сабабми…, хуллас, Ҳукуматнинг “жазо қўлламаслик” борасидаги бу “ҳотамтой”лиги отахонни қониқтирмади. Тинчимади, тинай демади. Ёз-чизини қўймади. Табиийки, Ҳасан отанинг паймол бўлган ҳуқуқларини тиклашга бўлаётган бу уринишлари Қамаши туман амалдорларига малол келди. “Ҳап, саними!” дейишди улар ичларида тишларини ғижирлатганча нафрат билан. Бизда бир гап бор: “Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар минг боб билан!” дейишади. Қамаши туман ҳокимияти ана шу иборанинг ростлигини, ҳақлигини қариянинг кўзига кўрсатиб қўймаса, арбоблиги қоптими? Ўз қудратларини кўз-кўз қилиш учун ҳам қитмирлик қилишади-да. Минг бир куйни чалишга, чалган ноғарасига ҳоҳлаган кишисини ўйнатишга, истаган одамини минг бир куйга йўрғалатишга қодир улар, жуда уста бўлиб кетишган! Шундай ҳам бўлди. Ҳасан ота Чориев “Қамаши туман ҳокими, прокурори, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи менинг 29 бош зотли қора молларимни, 235 та қўйларимни топиб берсин” деб адолат ахтаргани сари, Ҳокимият тўраларининг аламу ғазаблари ошиб бораверди. Маҳаллий ҳокимият арбобларининг аламлари Ҳасан отанинг бошига Ўзбекистон Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 40-моддаси шаклидаги гурзи бўлиб тушди. Яъниким, Қамаши туман ҳокимияти Ҳасан ота Чориевни “Қамаши туман ички ишлар ходамларига туҳмат қилганликда” айблади. Гуёки, Қамаши туман ички ишлар ходамлари Ҳасан отанинг чорвачилик фермасдиан 29 бош наслли қора молу, 235 та қўй-қўзини ўмармаган, фақат атиги 16 бош йири шоҳли сигирларнигина олдиларига солиб кетишган эмиш, холос… Ҳасан ота эса ўз хизмат вазифасини аъло даражада бажараётган сутдек оппоқ ИИБ ходамларини ҳақоратлаб, уларга нисбатан туҳмат тошларини аёвсиз отаётганмиш. Маҳаллий ва суд ҳокимиятининг олдиндан ёзилган сценарийсига асосан, Ҳасан ота бу гал ҳам суд тамонидан айбдор сифатида эътироф этилди, туҳматчига чиқарилди. Жиноят Ишлари бўйича Яккабоғ туман судининг 2012 йилнинг 13 июн кунидаги қарорига асосан Ҳасан Чориев “… ИИБ ходамларига нисбатан асоссиз туҳмат қилиб, уларни шаъни ва қадр-қимматини камситувчи маълумотлар тарқатиб келганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 40- моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилиб, энг кам иш ҳақининг 20 баробари миқдорида, яъни 1мил. 258 минг 400 сўм миқдоридаги жарима” билан “сийланди”. Таассуфки, маҳаллий ҳокимиятнинг туҳмат бобидаги ушбу “тортиғи” ҳам отага кор қилмади, унинг овозини ўчира олмади. Қарияни тинчлантиришга қурби етмаган маҳаллий ҳокимият арбоблари режага мувофиқ навбатдаги макрини ишга солдилар. 70 ёшли қариянинг танобини тортиб қўйиш илинжида уни яна “жиноятчи”га айлантиришди. Айни дамда отахонни учинчи бор суднинг қора курсисига ўтқазиш юзасидан янги сценарий матни қораланмоқда. Айтишимиз мумкинки, Қамаши туман Ички ишлар идораси ва прокуратураси томонидан мазкур сценарийнинг 1- қисми ниҳоясига етказилган. Қамаши туман Ички ишлар бўлимининг “сценарий”сидан иқтибос келтирамиз: “… Ҳасан Чориев маъмурий жавобгарликга тортилганлгидан ўзига ижобий хулоса чиқармасдан, …. туман ҳокими Рашид Муҳаммадиевни халқ ичида обрусизлантириш, ундан ўч олиш,… мақсадида Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик Хизмати Қашқадарё вилояти бошқармаси Чироқчи туман бўлинмасига ариза билан мурожаат қилиб, ўз аризасида туман ҳокими Р. Муҳаммадиев 441-контурдаги ер майдонларини лалми ер тоифасига ўтказиб, бу ерга экин эктирмасдан ўзининг 100 дан ошиқ қорамоллари ва 300 дан зиёд қўйларини боқтираётганлигини билдириб, ғаразгўйлик ва бошқа паст ниятларда тумна ҳокими Р. Муҳаммадиевга нисбатан туҳмат қилган.Чориев Ҳасан ўзининг бу жиноий ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 139-моддаси, 1-қисми ва 139-моддаси, 3-қисми “г” бандида кўрсатилган қасддан ғаразгўйлик ва бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш жиноятини содир этган….”.
Қамаши туман прокуратураси ва Ички ишлар бошқармаси томонидан битилган ушбу сценарийга ҳотима ясаш ҳар доимгидек судьянинг зиммасида. Бироқ, шуниси қизиқки, судья ўзи билибми, билмайми, ё атайми, хуллас, бу ёғи бизга номаълум бўлган сабабларга кўра, элдан бурун, ҳали маҳкама иши бошланмасдан турибоқ, “ёзилажак сценарий” сирини “жавобгар”га, яъниким, Ҳасан Чориевга очиб қўйди: “Токи ўғлингни қайтармас экансан, барибир сени 3 йилга қаматаман. Менга тепадан шундай буйруқ бўлган!” деди қози керилиб. Ваҳоланки, бундан илгари ҳам Миллий Хавфсизлик хизмати идораси Ҳасан отага элчи жўнатиб, “Ўғлингизни мухолиф йўлдан қайтарсанги яхши бўларди. Маслаҳат беринг, ақл бўлинг, болангизни қайтаринг” дея талаб қўйган эди. Таббийки, куч ишлатар тизимининг бу талаби ижро топмаган ҳам эди… Юқоридаги каби таҳдидлардан келиб чиққан Ҳасан Чориев “Менга бўлаётган бу каби босимлар тўнғич фарзандим Баҳодир Чориевнинг сиёсий фаолияти билан боғлиқ. Ўғлим “Бирдамлик” мухолиф ҳаракатига етакчилик қилганлиги учун ҳам Ўзбекистон ҳукумати шу йўллар орқали мендан ҳам, фарзандларимдан ҳам қасд олишмоқчи” дея ўртанмоқда. Агар отанинг ўртанишлари ўринли бўлса, демак, билингки, демократик давлат эканлигини иддао қилаётган Ўзбекистон Ҳукумати фарзандининг сиёсий фаолияти учун унинг кекса отасини азоблар оловига отмоқда. Зеро, демократияга даъвогар давлатларда ота бола учун, бола ота учун жавоб бермаслиги керак, асло!
Мана, яқинда, 26-октябрь куни мусулмонларнинг муборак Қурбон Ҳайити айёми… Бундай муқаддас байрамда Ўзбекистон Ҳоқонлари Ҳасан отадан қурбонлик учун бу гал нимани талаб қилишаркин? Қизиқ? Аммо даҳрийларга, Худони танимайдиган Ҳукуат арбобларига Хайит айёмларининг, Муқаддас кунларнинг аҳамияти йўқ. Чунки улар кўнгиллари тусаган пайтида истаган фуқаросини истаганларича қурбон қилишга одатланганлар.
Ҳотима ўрнида адолатсизлик асосига қад кўтарган Ўзбекистон ҳукуматидан сўрамоқчи бўлганимиз шу: Ўзбекистон арбоблари, бу каби қурбонликлар қачонгача?!
Ўткир ҚИЛИЧ
Мустақил журналист



