
Россия Федерациясида мигрантлик даврида шу мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан жиноий жавобгарликка тортилаётган ва қамоққа олинаётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқлари фақат нодавлат нотижорат ташкилотларнинг ёрдами билангина ҳимояланмоқда.
1978 йил 8 октябрда туғилган, Хоразм вилояти Хива тумани Қосмаобод шаҳарчаси Қурувчи кўчаси № 17 уйда яшаган Азамат Худойберганов Россия Федерацияси Жиноят Кодексининг 111-моддаси 4 банди бўйича ғаразгуйлик билан олдиндан тил бириктириб, ўта оғир қотиллик жиноятини содир қилганликда айбланиб, Москва вилояти Калужская шаҳрида қамоққа олинган.
2012йил 25 август куни Москва вилояти Калужская шаҳри Ленин райони ”Харбийлар шаҳарчаси” Ватутин кўчасидаги (общежитие) ётоқхонада келиб чиққан жанжал натижасида жанжал қатнашчиларидан бири – Дима исмли Россия Федерацияси фуқароси 29 август куни касалхонада вафот қилган. Шу куни Азамат Худайберганов ётоқхонада қамоққа олинган.
Азаматнинг Хивадаги опаси Ойшажон Матчонованинг айтишича, воқеа жараёни 25 август куни ётоқхонанинг 104-хонасида бошланган. Ҳалок бўлган шахс Дима шу ёттоқхонанинг 104-хонасида кўпчилик билан бирга турган. Бу хонада яшовчилар шу куни кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилганлар. Мазкур ётоқхона тинчлиги учун маъсул бўлган комендант ёрдамчиси Владимир исмли йигит шу куни 104-хонадаги фуқароларни бир неча марта тинчлик сақлашга чакирган. Азамат ҳам ётоқхонада ва кўчада кечқурунлари тинчликни сақлашга маъсул шахс ҳисобланган. Хонадаги жанжал тунги саот 12ларга яқин авжига чиққан. Шу пайтда кўчадан Владимирнинг айнан Азаматни ёрдамга чақирган овози эшитилган.
Бу пайтда Азамат ўз хонасида, ўз турмуш ўртоғи ёнида бўлган. Ёрдам чақириғини эшитган Азамат кўчага чиққан ва жанжал қилаётган бир тўда оломонни кўриб, “Жанжални тўхтатинг”, деб бақирган. Владимирни эса жанжал қилаётган одамларнинг тагидан тортиб олган. Шулардан биттаси Азаматга ташланиб, мушт туширган ва Азамат хуштдан кетиб йиқилиб қолган. Шу пайтда жанжалкашлар турли тарафга ғойиб бўлишган. Йикилиб қолган Димани “Тез ёрдам” машинаси олиб кетган. Владимир эса амалдорлик лавозимини бажариб, дарҳол шу кечаси 104-хонадагилар ва бошқа фуқароларни ётоқхонадан қувғин қилган. Азамат ва унинг оиласи ҳам шу куни бошқа жойга кўчирилган.
Комендант Владимир шу кечаси ётоқхонани тартибга келтириш билан шуғулланган ва Азаматни қўрқитиб, “Сен ўзбексан, сени полиция олиб кетиши мумкин, шунинг учун хотининг билан бирга тезроқ яширининглар”, деб, топшириқ берган. Аммо Азамат икки кундан кейин ётоқхонага келиб, яна шу ерда ишлаш ва яшашни бошлаган. Бўлиб ўтган воқеа тўғрисида бирорта полиция ёки бирорта бошқа ҳуқуқ-тартибот органи ходими ётоқхонада яшовчилар ва бошқа фуқаролар билан маълумот учун суриштурув олиб бормаган. Бўлиб ўтган жараён қатнашчилари кўп бўлса-да Диманинг вафотидан кейин 29 август куни фақатгина Азаматни ҳибсга олиб кетишган. Полициянинг қўрқитиши ва қийноқларига дош беролмаган Азамат барча айбни ўз бўйнига олган.
Воқеа жараёни гувоҳи Қобил исмли фуқаро ўз кўрганларини телефон видеокамерасида суратга олиб, 26 минутлик видеотасвирни SMS тарзида 2012 йил 13 сентябрда Ўзбекистонга жўнатган. Воқеадан ҳабар топган Азаматнинг опаси Хоразмдаги мустақил ҳуқуқ ҳимоячисига мурожаат қилган. Бугунги кунда шу ҳимоячи томонидан Азамат Худойбергановнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, ҳеч бўлмаганда, унга берилган жазони енгиллатиш устида иш олиб борилмоқда.
Бахтиёр МАҲМУДОВ, хоразмлик журналист.



