САҲРО ГУЛИ

 

Ёдгор Обид

Ёдгор Обид

( Сахара сафари кундалигидан)

 

1.

Саҳро кездим. Товонларим куйдирди қум.

Хаёлларим – қуюн. Ўзим – ҳуснинг қули.

Умид қилдим. Етиб келдим. Фақат бир зум –

Дардлашгани чоғинг борми, саҳро гули?

 

2.

Не ғавғолар кўрдим. Юртдан бадар кетдим.

Зорларимни, билмам, қайлар қадар элтдим.

Мана, охир – оқибат шул: Сенга етдим…

Дилинг – дилим каби зорми, саҳро гули?

 

3.

Кўнгил очсам – дардим сиғмас кенг саҳрога,

Юртим каби мен ҳам қолдим кўп балога.

Ўзинг айтгил, ёзиғимиз не Худога…

Бағри кенгга дунё торми, саҳро гули?

 

4.

Дунёни сен мендек сарсон кезмагансан,

Гирдингда қум гирдоб отар… Сезмагансан.

Ёвуз жабри ўтиб жондан безмагансан…

Ўзинг мендек зорга зорми, саҳро гули?

 

5.

Излаб келдим. Севдим. Кўзим ололмайман.

Аммо, кечир, бунда ортиқ қололмайман.

Элатим бор. Ундан сира тонолмайман…

Гул деб элдан кечган борми, саҳро гули?

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares