ҚАХРАМОН ҒУЛОМОВ 73 ЁШДА!

 

Одатда, одам умри ариқдан оқаётган сувга  қиёс қилинади. Бир зумда оқади, ўтади-кетади… Умрнинг оқар сув эканлигини болалик, ёшлик кезларида англаб олавермас экан одамзод… Қачонки, ёш деганлари қирқдан ўтиб, элликнинг этагни тутиб қолган чоғлардагина  эл ардоқлаган ёзувчи Ўткир Ҳошимовнинг “Икки эшик ораси”да таъкидланганидек, “Бу эшикдан кириб, у эшикдан чиқиб кетаяпман-я?” дея умрнинг оқар дарё  эканлигига лол қоларакан киши… Ва яна ёши бир жойга бориб қолганида, истайдими-йўқми, инсон боласи “Мен ким эдим? Ким бўлдим? Бу дунёга келиб нима қилдим?” дея ўтган умрини тафтиш  қилишга тушиб қоларакан…

Орамизда умр дафтарининг саҳифаларини варақлаганда “Дунёга келиб нима қилиб қўйдим? Кўпнинг корига ярадимми? Ярай олдимми? Ўзимдан яхши ном қолдиришга арзигулик юмиш қила олдимми?” деган каби ҳадсиз саволларга иккиланмасдан “Ҳа!” дея жавоб бера оладиган замондошларимизнинг борлиги кўнглилларни мунаввар этади. Ҳа, шундай умрлар борки, ҳавас қилишга, ўрнак олишга арзигулик.

Ўзининг муборак 73 ёшини қаршилаётган ҳалол, меҳнатсевар, адолатпарвар инсон, тиним билмас ҳуқуқ фаоли, мухолифат оқсоқоли Қахрамон ака Ғуломов ана шундай умр соҳибларидан бири. Эҳ-ҳей, ҳаётнинг бу суронлари Қахрамон аканинг бошига озмунча савдолар солмади, букилмас иродасини неча бор зулум сновларига отмади дейсиз? Асл олтин зангламас, деганларидек, ноҳақлик ситамлари, зулмнинг азоблари, таҳқирнинг тахир таъми Қахрамон аканинг қаддини бука олмади, қурби етмади.  Тўғри, йиллар ўз кароматини кўрсатганлигини, қахрамонимизнинг сочларига оқ қиров қўнганлиги-ю, нурли юзларига чеккан чаҳматлари ўз аксини  ажинли излар мисолида муҳирлаб қўйганини айтмаганимизда, Қахрамон Ғуломовнинг қадди алифдек, тетик, бардам, бақувват.

Йўқ, бугун биз Қахрамон аканинг  машаққатли ҳаёт китобидан узоқ ҳикоя қилмоқчи эмасмиз. Бу юмушни саҳал кейинроққа қолдириб, бугун у кишини туғилган кунлари билан самимий муборакбод этмоқчимиз, холос.

9 октябрь куни “Бирдамлик” Халқ Демократик  ҳаракати Ўзбекистон бўлими фаоллари вакиллари  Қахрамон ака Ғуломовни қутлуғ 73 ёшлари билан қутлаш мақсадида у кишининг хонадонида бўлдилар.

Таъбир жоиз бўлса, ўзбек мухолифатининг онахони, ўтнафас шоира Гулчеҳра Нуруллаева Ўзбекистоннинг барча аҳли номидан, қолаверса, “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати фаоллари номидан туғилган кун соҳибини самимий қутлаб, эсдалик совғаларини топширди.

15 дақиқага мўлжалланган суҳбат қарйиб бир соатга чўзилди. Бу ҳолат ҳуқуқ фаоли, мухолифат оқсоқолларининг бугунги кун ёшларига айтмоқчи бўлган ўгитлари, ўта муҳим  гаплари бисёрлигидан далолат.

Мазкур ҳолатдан келиб чиққан ҳолда, “Бирдамлик” Халқ Ҳаракати вакиллари ўз олдиларига яна бир янги вазифа қўйдики, у ҳам бўлса мухолифатнинг кекса авлод вакиллари билан ёш авлод учрашувларини, дийдорини ташкил қилиш. Зеро кекса авлоднинг кўрган кечирганлари бугунги ёшлар учун ғоят катта ҳаёт мактаби.

– Мени эслаб келганларингиздан бошим кўкка етди, – дейди Қахрамон ака биз билан хайралaша туриб. Ҳатто шундай сурурли онларда ҳам халқ ғами туғилган кун соҳибини тарк этган эмас, –  Сиёсий воқеаларга сергак туриш керак. Айниқса, қўшни Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги сув борасидаги муаммолар хусусида таҳлилий чиқишлар қилиш керак, лозим бўлса баёнатлар бериш зарур, – Қахрамон Ғуломовнинг хайрлашиш пайтидаги қайта-қайта такрорлаган, тайинлаган гаплари  ана шу бўлди.

Учрашувдан қайтарканман Ўзбекистонимизга Қахрамон ака каби ҳали ўнлаб, юзлаб Қахрамонлар кераклигига амин  бўлдим.

 

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

“Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ўзбекиcтон бўлими етакчиси

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares