МУТАНОСИБ РАНГЛАР ЖИЛОСИ

 

 

Кўргазманинг очилиши
Қ. Бекчанов очилиш маросимида

Эсингизда бўлса, бир мақоламда Ўзбекистон Бадиий академиясига қарашли Хоразм вилояти ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида
эришилаётган ютуқлар ҳақида ёзган эдим. Эндиликдаги гап мазкур ютуқлар бошида турган инсон, мактаб-интернат директори, хоразмлик таниқли рассом Қуронбой Бекчонов ва унинг ижоди ҳақида. Сабаб шундаки, 2012 йилнинг 19 август куни Урганч суратлар галареясида Қуронбой Бекчановнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 21 йиллиги байрамига бағишланган шахсий кўргазмаси очилди.

 

 

Очилиш маросимида Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Отахон Оллаберганов, академия аъзоси, Камолиддин Беҳзод номидаги миллий рассосмлик ва дизайн институти доценти Эркабой Машарипов, Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамғармаси Хоразм вилояти бўлими раиси Комил Нуржонов, таниқли рассом Солий Қодиров, шоир, ёзувчи, журналист ва драматург Эркин Самандар, қорақалпоғистонлик меҳмонлар, вилоят ҳокимлиги вакиллари кўргазма соҳиби ижоди ҳақида илиқ гапларни гапириб, эсдалик совғаларини инъом этдилар.

 

Ушбу маърузаларда Қуронбой Бекчановнинг мактаб-интернат фаолиятини яхши йўлга қўйгани, ташкилотчилиги, ижодининг теран жиҳатлари эътироф этилди. “Оллоҳ назари тушган юрт” асаридаги мустақиллик фалсафаси,  ўзбек фотографияси асосчиси Худойберган Девонов,  машҳур кулол Райимберди ота Матчонов, пудратчи Саид портретларидаги тарихийлик маҳобати, автопортретларидаги ўзига хослик, кекса онахон ва отахонлар тасвирига атроф-муҳит тасвири мутаносиблиги ва бошқа беқиёс хусусиятлар эътиборга олинди.

 

Қуронбой Бекчанов мактаб-интернатга у очилганидан бери директорлик қилмоқда. У 1952 йил 25 августда Хоразм вилояти Янгиариқ тумани Каттабоғ қишлоғида таваллуд топган. 1968-72 йилларда Тошкент шаҳри П. П. Беньков номидаги республика рассомчилик билим юртида, 1973-79 йилларда Н. Островский номидаги театр ва рассомчилик институтида шқиган. 1979 йилда Урганч рассомчилик ишлаб чиқариш устахонасида ранг тасвирчи рассом, Урганч педагогика билим юртида мутахассислик фанидан педагог бўлиб ишлаган.

 

 

совға инъоми
Рассом Қ. Бекчанов
Бахтиёр Маҳмудов ва рассом Мадамин Худойбергаов

1991 йилдан Ўзбекистон рассомлар уюшмаси Хоразм вилояти бадиий ишлаб чиқариш устахонаси директори, 1997 йилдан Ўзбекистон Бадиий академиясига қарашли Хоразм вилояти ихстисослаштирилган санъат мактаб-интернатида раҳбар ва мураббий бўлиб ёшларга таълим-тарбия бериб келмоқда. У 1987 йилда буён Ўзбекистон Бадиий акаемияси аъзоси. 2004 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси унвонига сазовор бўлган. 2009 йилда Бадиий академиянинг олтин медали билан тақдирланган. Асарлари Ўзбекистон миллий галареяси, Ўзбекистон санъат музейи, Урганч суратлар галереяси, Англия, Ҳиндистон, Бельгия, Германия мамлакатларининг музейлари ва хусусий галереяларидан ўрин эгаллаган.

 

 

Мен Қуронбой Бекчанов шахсий кўргазмасининг очилиш маросимида иштирок этиб, тушлик пайтида сўз олиб, рассомнинг 60 йиллик таваллуд санаси муносабати билан мусаввирларга бағишланган ушбу шеъримни ўқидим:

 

МУСАВВИР

 

Оламни ўзгача сезар кўрганда,

Ўзи ҳам бошқача кўринмоқ истар.

Мусаввир кўзингга боқиб турганда,

Ножўя фикрдан кечгил, биродар.

 

У сенинг қалбингни кўриб туради,

Атрофинг ўраган муҳитга монанд.

Мусаввир нигоҳи ёриб киради,

Дарвозани қаттиқ айласанг ҳам банд.

 

Мусаввирнинг фақат қўлида эмас,

Кўнгил мулкида ҳам мўйқалам мавжуд.

Ранг билан ҳамоҳанг орзу ва ҳавас,

Ранг билан чиқади фиғонидан дуд.

 

Баҳорда ям-яшил, кузда заъфарон,

Қишда оқ кийинган боғлар ҳикмати,

Ҳайбатли, қудратли, улкан, бепоён,

Самога туташган тоғлар ҳикмати,

 

Аёл нафосати, пайғамбарларнинг

Ўткир нафаслари инар матога.

Ҳатто қонга ботган жанг жадалларнинг

Маҳобати дўнар рангин дунёга.

 

Ҳақиқий мусаввир чизган суратни

Фақат кўриш эмас, эшитиш мумкин.

Тулпорлар кишнаши, дарға даъвати,

Салгина қимтилган лаблардаги ун.

 

Ижод юкигина эмас, кўп оғир

Ишлайдиган асбоб-ускунаси ҳам.

Тоғ бағрига чиқса елкаси яғир,

Юк олиб юрмайди альпинистдан кам.

 

Лекин илҳом оти унга мададкор,

Унга мададкордир туйғу қаноти.

Руҳига тетиклик бахш этар бисёр

Яратган инъоми ижоднинг тоти.

 

Бўёқлар чапланган мўъжаз палитра

Баҳорги камалак каби севимли.

Иштиёқ уйғотиб ички бир титроқ,

Кучли ҳайқириққа айланар жимлик.

 

Хуллас айтаверсак, рассом халқининг

Кўпдир ғаройиб ва қизиқ томони.

Аммо ўхшашлиги умумий унинг,

Асл ижодкорнинг йўқдир ёмони.

 

Қуйида рассом асарларидан намуналарни эътиборингизга ҳавола этаман.

 

Куранбой Бекчанов

 

Куранбой Бекчанов2
Баҳс
Насриддин бозорда
Оллоҳ назари тушган юрт
Пудратчи Саид
Хива
Худойберган Девонов портрети 2
Худойберган Девонов портрети
Шоир Муҳаммад Юсуф портрети
Шукуржон момо портрети

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 


 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Бахтиёр МАҲМУДОВ, хоразмлик журналист.

 

 

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares