
1991 – йил ўзбек тилида чоп этилган “Қаҳрли
кунлар” китобидан ўрин олган, Рой Медведовнинг В. Молотов
ҳақидаги мақоласини ўқиб, ҳар қандай зулм жавобсиз
қолмаслигига яна бир бор амин бўлдим. Ушбу мақолани,
ҳозир ҳам ўзининг эски ақидаларидан воз кечишни
ҳоҳламаётган ҳокимият эгалари ўқиб чиқишса яҳши бўларди.
Чунки, зулм учун интиқом, золимни фақат қонуний суд қилиш
орқалигина олинмас экан, балки халқ уни шундай жазолар
эканки, золим учун озодликда юргандан кўра, йиллар давомида
турмада ўтириш афзалроқ туйилар экан.
Вячислав Молотов 30 – йилдан то Сталин вафотигача
СССРда иккинчи шахс сифатида тилга олинар эди. У, СССР Халқ
камиссарлари советининг расиси, Мамлакат ташқи ишлар
вазири, СССР министрлар совети раисининг биринчи ўринбосари
сифатида Сталинни қатағон сиёсатини амалга оширишда асосий
ролни ўйнаган шахслардан бири эди. Гарчан уни турмуш
ўртоғини Сталин хоин сифатида авахтага ташлаган бўлса ҳам,
Сталин сиёсатига содиқлик билан хизмат қилди. “Сталин
сиёсат юрғизарди; Молотов эса уни ҳаётга тадбиқ
этарди… Молотов ҳўжайини олдида ўзини қулдек тутарди.
Сталинга Молотовнинг тиниб – тинчимаслигидан ташқари, паст
бўйлилиги ҳам ёқарди. Баланд бўйли, чиройли кишиларни чўтир
юзли диктаторнинг жини суймас эди”- деб ёзади Рой Медведев.
Сталиндан кейин ҳокимиятга келган Н.Ҳрушчёвни қатағон даврида
қамоққа олинган жабридийдаларни оқлаш сиёсатига Молотов
қаршилик қилади. Чунки улар оқланса, уларни тўхмат билан
қамаганлар жавоб бериши эхтимоли кучли эди. Ҳуллас, икки
арбобнинг сиёсий қарашларидаги қарама қаршиликлар оқибатида
Молотов қамалмаган бўлса ҳам, ҳамма амалларидан жудо бўлиб,
партия сафидан ўчирилади. Энди у оддий инсон эди.
Р.Медведев шундай ёзади. “ Бир куни Пушкин
майдонида Молотовни ёнига бир кекса аёл келиб, уни
қотилликда айблаб, бақира бошлади. Молотов аёлга лом-мим
деёлмай , елкасини қисганча уйига шошилди. Яна бир сафар
Жуковкадаги памидор сотилаётган магазинда Молотов ҳам
навбатда турди. Харидор аёллардан бири кутилмаганда жаллод
билан навбатта туришни истамаслигини айтди. Молотов миқ
этмай магазиндан чиқиб кетди. Шу куни уни Солженициннинг
биринчи хотини Р. Решетовская ҳам учратиб қолди.Ўша пайтларда
Солжиницин ҳам Жуковкада, Растраповичнинг дала – ҳавлисида яшар
эди. “Унга ҳеч нима демадингми? – сўради ёзувчи хотинидан.
– Сенинг ўрнингда мен бўлганимда, олдига бориб: “ Сиз
Молотовмисиз? Мен Салженицинман! Қон чакиллаб турган
қўлларингиз билан бу дунёда қандай яшаяпсиз? – деб
сўрардим.”
МХАТ да “Пўлат қуювчилар” спектакли илк марта
ижро этиладиган куни айримлар Молотовни таниб, эсдалик учун
имзо ола бошладилар. Унга жон кирди. Аммо бу аҳволни
нарироқда кузатиб турган ёшгина аёл тўсатдан: “Нима
қилаяпсилар? У аҳир юзлаб бегуноҳ одамларни ёстиғини
қуритган жаллод-ку”, деб қичқиради.Одамлар уша заҳотиёқ
тарқалишди, Молотов мулзам бўлиб, театрдан чиқиб кетди.
Яна бир куни Молотов машинадан тушиб, йиқилиб
кетмаслик учун эҳтиёткорлик билан уйи томон кетаётган эди,
қаршисидан баланд бўйли икки киши кела бошлади. Улардан
бири умрининг йигирма йилини қамоқларда ўтказган Гиоргий
Меньшиков эди. Бу истедодли қурувчи – инжинер Молотовни таниб
тўхтади, сўнг: “Хўш , ҳалиям судралиб юрибсанми, қонхўр?” –
деди.
Молотов 1986 – йил 8 – Ноябрда 97 ёшида оламдан ўтди. Афсус
билан қайд этиш керакки, яхши одамларнинг аксарияти
қисқа умр кўргани ҳолда, ёмон одамларга эса узоқ умр
кўриш насиб этади.” деб тугатади, Молотов ҳақидаги
мақоласини Рой Медведев.
Тарихий китобларда Сталинни қатағон сиёсатини амалга
оширганларни, мазлумларни сўроқ қилаган ёки уларни ҳибсга
олишда қатнашаган сотқинларни барчасини номлари зикр
этилган. Уларни-ку кўпчилиги оламдан ўтиб кетди. Лекин уларни
яқинлари, қаридош уруғлари, улар қолдириб кетган тавқи
лаънатни кўтариб, қандай қилиб яшаб юрибдилар экан. 20
йилдирки қатағон даврида Ўзбекистонлик минглаб
ватандошларимизни қамашда иштирок этган, уларни тергов
қилган, уларга тазйиқ ўтказиш орқали тўхмат уюштирган
сотқинларни номлари ҳалигача ошкор этилгани йўқ. Гарбачёв
даврида матбуотда уларнинг баъзиларини номлари айтилган
эди. Лекин кейинчалик бу нарсалар тўхтатиб қўйилди. Ҳатто
қатағонларни тепасида турган Россияда ҳозиргача бадиий ва
ҳужжатли асарларда, турли кўрсатувларда жаллодларни номлари
ошкор қилиб келинмоқда. Бизда ҳам шундай амаллар
бошланса, одамлар онгида, келажакда, Сталин давридагидек
сиёсат амалга ошмаслигига ишонч пайдо бўлади. Бўлмаса
одамлар келжакда нималардир бўлишлигидан чўчиб яшашда
давом этаверадилар.
Носир Зокир.



