Юсуф Жума
Бир йўлимни ғаним тўсди,
Тангри менга минг йўл берди.
Дўст қўлимдан қўлин узди,
Тангри менга минг қўл берди.
Ўчирдилар бир шамимни,
Кун ёритди оламимни.
Минг тўлдирди бир камимни,
Нима берса мўл-кўл берди.
Кессалар бир дарахтимни,
Ҳайратим турган тахтимни,
Ўзи бутлади бахтимни,
Ўрмон берди, нуқул берди.
Деб пиёда қолсин сарсон,
Отимга уздилар пайкон.
Қанот берди менга осмон,
Минг нору, минг дулдул берди.
Бир жонимни олди тождор,
Минг жон берди парвардигор.
Ҳар шеъримда бир Юсуф бор,
Ёв ололмас булбул берди.




