“ОММАВИЙ ШОДЛИК” ТАДБИРИ ҒОЛИБЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ….

 

Сизга маълумки, Ўзбекистоннинг расмий мустақилилк куни олдидан “Бирдамлик” Халқ Демократик  Ҳаракати  аҳолини Каримовнинг зўравонликка асосланган режимига нозўравон усуллардан бири – оқ либос кийиш орқали қаршилик кўрсатишга чақирган эди.  Шунингдек, марафон кундалигидан суратлар кўрик-танлови ҳам ўрин олган эди.

Танлов талабига кўра,  10 кун давом этиши мўлжалланган мазкур марафон иштирокчилари   норозиликларини акс эттирувчи оқ либослари  билан тушган суратларини  танлов ҳайъатига тақдим этдилар.  15 сентябрь куни ҳайъат суратлар танлови ғолибларини эълон қилганидан ҳам хабарингиз бор.

“Бирдамлик” ХДҲнинг ваъдасига асосан, танловнинг биринчи ўрин шоҳсупасига кўтарилган Ҳаракатнинг Андижон вилоят бўлими етакчиси Саиджаҳон Зайнобиддинов  тадбиркор ватандошларимиз томонидан марафон ҳисоб рақамига  келиб тушган  жами  2170  доллар  моддий  кўмакнинг  50 фоизи, аниқроғи,   банк пул ўтказмаси харажатлари  чегириб ташланганда,  1070  доллар миқдоридаги сармоя билан рағбатлантирилди.

2 – ўринга муносиб деб топилган сурат соҳиблари  эса  марафон жамғармасининг 25 фоизи, яъни банк хизматларини инобатга олмаганда, 532 доллар миқдоридаги рағбатни қўлга киритдилар.

Шунингдек, танловда 3-ўринни  эгаллаган  “Альянс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташклиоти етакчиси Елена Урлаева, Ҳаракатнинг  Хоразм вилояти бўлими етакчиси Валерий Назаров ва Қўқонлик нафақахўр Раҳбархон Одилова каби учала ғолибнинг ҳар бирлари  тадбиркор ва ишбилармон ҳамюртларимизнинг ҳимматларидан ҳосил бўлган умумий маблағнинг 25%/3 фоизи –  170  доллар миқдорридаги мукофот билан  тақдирландилар.

Бугун, 18 сентябрь куни  2- ўринни забд этган сурат соҳибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.  Тадбирда танлов ҳайъати аъзоси, шунингдек,  3- ўрин ғолиби, ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаева ҳам иштирок этди.

Сайтимиз саҳифаларида  ҳукмингизга ҳавола қилинган 2- ўринга лойиқ деб топилган мазкур суратдан кўриниб турибдики, шу биргина расмда 9 нафар иштирокчи – 9 та ғолиб бор.  Бугунги тадбирда, ўз-ўзидан маълумки,  қўлга киритилган моддий рағбат ана шу ғолиблар ўртасида тенг тақсимланди.

– Мен марафон кунларида “Оммавий ОШ” тадбири хусусида тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб  борарканман оқ либосда суратга тушишлик учун “Миллий таомлар” ошхонасига 50 нафардан ортиқ  танишларим, дўстларимни таклиф этгандим. Буни қарангки, таклиф этилган қадирдонларим орқасида фақат 8 нафаригина мавжуд тузумга қарши ўз норозилигини ошкор қилиш мақсадида  эгнина оқ либос илишга ўзларида журъат топа олишибдики, таклиф қилинган манзилга ташриф буюришди. Демак, бу аёлларнинг барчаси мукофотга муносиб. Тўғри, қўлга киритилган моддий рағбатни 9 бўлакка бўлаклаганда, бу жуда кам рақамни ташкил қилади, аммо, муҳими, молия эмас, эътибор ва дийдор. Биз аслида ана шу мақсадда тўплангандик бугун, –  дейди “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Ўзбекитсон бўлими етакчиси Малоҳат Эшонқулова.

– Очиғи, мен “Бирдамлик” деган ҳаракат борлигидан  яқингинада хабар топдим. Бу ҳаракатнинг мустақиллик олди мурожаати билан танишдим. Аслида мен ҳам бу тузум ноҳақлигидан зулум чекаётган бир жабрдийдаман, – дейди 2-ўринга лойиқ деб топилган суратда акс этган аёллардан бири Чамангул Меҳмонова, –  Шу сабабли ҳам “Бирдамлик”нинг оқ либос кийиш орқали норозилик билдириш ҳақидаги чақириғи менга жуда маъқул бўлди. Тўғри, мен гарчи бу ҳаракат аъзоси бўлмасам-да мазкур тадбирда иштирок этишни, оқ либос кийишни ихтиёр этдим ва ўйлайманки, ютдим, ютқазмадим, хато йўл тутмадим.  Бугун билдимки, бизнинг суратимизга ижобий баҳо берилибди.    Моддий рағбат ҳам олдим. Биласзими, бу кўмак билан оиламиз қозонида камида бир ой гўшт қайдайдиган бўлди…

Ўз тасвири билан ғолиб деб топилган сурат мазмундорлигининг  бойишига ҳисса қўйган марафон иштирокчиси педагог Меҳрибон Каримовна ҳам ўз хурсандчилигини яшириб ўтирмади:

– “Бирдамлик” Ҳаракатининг  оқ либосларда оппоқ келажак сари деган чақириғини эшитганимда  шахсан мен узоқ ўйланиб ўтирган эмасман, ҳеч иккиланмай марафонда иштирок этишга ошиқдим. “Бирдамлик”  фаоли эмасман, бироқ, бу ҳаракатнинг  мурожаати менга жуда ёқди.  Бугун эса ўз иштирокимдан мамнунман.

Бу каби илиқ сўзларни марафон иштирокчиларининг ҳар биридан эшитишимиз ва суҳбатни яна узоқ давом эттиришимиз мумкин…

– Ҳамкасбларимдан,  яъни, мустақил журналистлардан бири бугун менга шундай бир савол берди: “Хафа бўлмангу, айни кунда аксарият одамлар  бу каби тадбирларингизни номақбул ҳисоблаб, сизларнинг устиларигиздан кулишмоқда” деб қолди.  Нима ҳам дердим, майли, кулишсин. Аммо мен бир нарсани истардим, мана, биз зўравон тузумга қарши нозўравон усулларда курашиш  мақсадида ҳаракатдамиз. Аммо ўша кулаётганлар, майли, мана, майдон уларники, “мардни майдонда сина” дейишадику, ўзлари бу маккор тузумга қарши “зўр, аъло” деб билган, Каримов диктатурасини таг томири билан қуритадиган  усулларини қўллаб кўрсинлар, шу йўлда лол қолодирадиган ғояни илгари сурсинлар, наинки сурсинлар, амалга тадбиқ этсинлар, қойилмақом тадбирларни ташкил этиб, халқни ортидан эргаштира олсинлар. Ана шундай биз қойил қолайликки, ўша кулишга, масхара қилишга мойил одамларга ишонайлик, уларга ҳафас қилиб,  ортларидан сўзсиз эргашайлик, мумкин бўлса, тақлид қилайлик…  Кулишдан осони бормикин, дейман-да, яна нима ҳам дердим…, – гап бошлади  Малоҳат Эшонқулова,  – Яна менга шундай саволни кўп беришади: “Оқ либос кийиш орқали нимага эришмоқчисизлар ўзи? Агар оқ либос билан бир иш битганида, тузумга дарз кетганидаку,ўзимиз билардиг-а, йил бўйи оқ куйлагимизни эгнимиздан ечмаган бўлардик…” дейишади…  Ҳар бир ҳаракат ҳам кичик қадамлардан бошланади, аслида… Мана, айтрофга қаранг, бор йўғи тўққиз нафар заифамиз. Атрофимизда эса 19 та куч ишлатар тизимининг  қуллари изғиб юришибди. Суратга олгани қайси, ведиотасвирга олгани қанча…  Қўл телефонида катталарига тинимсиз ҳисоб бераётгани қай бири…   Демак, билингки, бу дегани,  шу ҳаракатимизнинг ўзиёқ ҳукуматни саросимага солиб қўймоқда, деган гап. Шундай эмасми?  Энди тасаввур қилинг, агар оқ либослиларнинг сони 9 та эмас, 900 нафар бўлсачи? 9000 та бўлганидачи?  Бу ҳукуматнинг тиззаси қанчалар қалтирарди, нечоғлик талвасага тушарди?  Менинг назаримда, биз ушбу арзимас бўлиб кўринаётган, кулгули бўлиб туюлаётган ҳаракатимиз  билан  Каримовга  халқ уйғона бошлаётганини, Ҳукуматга зўравон режимининг  умри тобора тугаб бораётганини эслатиб қўймоқдамиз… Дастлабки муваффақият учун етарли эмасми бу?  Тўғри, Россияга нисбат берилганда, кам, жуда кам сафимиз, аммо қаторимизга барча халқимиз қўшилишига умид қиламиз… Буни қаранг, ҳозир мана шу даврада ўтирган аёллардан фақат биттаси –  Саноат опа Абдураҳмоновагина “Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати аъзоси.  Қолган опаларимиз эса  бизнинг фаоллар эмас, уларнинг ҳаракатимизга умуман алоқаси йўқ… Шундай бўлса-да уларнинг Ҳаракат чақириғига жонларини хатарга қўйиб жавоб беришларининг ўзиёқ элни уйғотиш бобидаги дастлабки зафарнинг нишонаси эмасми?  Масалан, шахсан мен буни шундай деб тушунаман… Энг олий ҳакам вақт  дейишадику, қолганини вақт кўрсатади… Қисқа фолиятимдан, ҳаётий тажрибамдан шуни англаб ктедимки, олдимизда турган энг асосий вазифа бу –  аҳолини уйғотиш,  одамлардаги ички қўрқувни бартараф этишда кўмаклашиш, халқни сиёсатга жалб этиш,  – дея суҳбатга якун ясади М. Эшонқулова.

 

“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати матбуот Маркази

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares