
Туғилганлик гувоҳномамда менинг туғилган йилим икки ёш катта қилиб ёзилган экан. Шунинг учун мактабни 16 ёшимда битирган бўлсам, ҳарбий ҳизматга 16 ярим ёшимда чақирилганман. Белорусияни Гродно шаҳрида, алоқа ҳарбий қисмида ҳизмат қилганман. Ўша пайтда ҳар ҳафтада сиёсий бўлим раҳбари йиғилиш қилиб совет сиёсатини прапаганда қилиб қулоғимизга қуяр эди. Бир куни шунда йиғилишлардан бирида кутилмаганда биздан, сиёсий бюро аъзолари, вазирларни раҳбарлари номини айтиб беришимизни сўраб қолди. Қарангки СССРни турли ҳудудларидан келган бирорта аскар бу саволга жавоб бера олмади. Фақат Наманганнинг чекка қишлоғида ўсиб улғайган, ҳали ҳатто 17 ёшга ҳам тўлмаган ўспирин яъни мен, ҳамма иттифоқ раҳбарларни номини ёддан айтиб бердим. Сиёсий бўлим раҳбари мени ҳаммага ўрнак қилиб кўрсатиб, йиғилиш тугагач мени ҳонасига олиб кириб – Ҳой менга қара, ҳатто мен ҳам билмайдиган раҳбарларни номларини қаердан биласан?- деб сўради, Мен – Дадам Сталин қатағони даврида тўҳмат билан 13 йил ўтириб чиққан, уша пайтларда марказий осиёда машҳур сиёсатчи бўлган. Ўшани таъсири бўлса керак- дедим. Ҳақиқатда ҳам совет даврида турли идорлар пештоқларига, кўчаларга ҳамма раҳбарларни портретлари осиб қўйилар эди.
Афсуски мустақиллик эълон қилингач секин аста одамлар тайинланаётган раҳбарлар ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмай қолишди. Ҳозирга келиб эса ҳеч ким Президентдан бошқа бирор бир вазирни ёки бошқа раҳбарларни келиб чиқиш тарихини-ку қўйиб туринг, ҳатто номини ҳам билишмайди. Мен сиёсат билан шуғулланиб туриб мен билмайману оддий халқ қаердан билсин. Бош вазирни номини эса фақат биз даражамиздаги кишилар билиши мумкин холос. Бундай ҳолат уша раҳбарларни халқ олдидаги масъулиятдан озод қилади. Оқибатда одамлар турли соҳаларга боғлиқ камчилликларни бартараф этишни ўша соҳага масъул бўлган кишилардан эмас балки Президентдан талаб қилиб мактублар ёзадилар. Уша мактублар эса уша масъул шаҳсларга жўнатилади. Аҳир улар ўзларига-ўзлари чора кўра олмайдилар-ку! Улар дарров мактубда келтирилган камчилликларни бартараб этиш ўрнига мактуб ёзган фуқарони шахсини аниқлашга буйруқ берадилар. Айримлари эса мактуб эгаларига тазйиқ ўтказа бошлайдилар. Бунга кўп гувоҳ бўлганмиз.
Эътибор берган бўлсангиз Россия, Қирғизистон, Қоғоқистон ОАВ ларида ҳар бир соҳага маъcул бўлган раҳбарларни Президент олдида қилган ишлари ҳақида ахборот бераётганига гувоҳ бўласиз. Ҳар бир вазирни йиғилишлари олиб кўрсатилади. Ҳозир шу мақолани ёзаётган пайтимда Россия телевиденияси ташқи ишлар вазири Лавровни МГУ талабалари билан учрашувини тўғридан-тўғри олиб кўрсатаяпди. Қирғизистон телевиденияси эса мамлакат парламентни ҳар бир йиғилишини тўғридан-тўғри олиб кўрсатади. Биз “Ҳеч кимдан кам эмасмиз” деб мақтанамизу ошкоралик борасида ҳатто қўшниларимиз қилаётган ишларни ҳам қила олмаяпмиз. Агар мамлакатимизда демократик ислохотларни чуқурлаш сиёсати рост бўлса, ҳар бир раҳбарни маъсул бўлган соҳалари ва уларнинг номлари халққа эълон қилиниши керак. Ҳар бир раҳбар ўз ишига аввало халқ олдида жавоб берсин. Халқни ўз раҳбарини кимлигини, нима иш қилаётганини билишга ҳаққи бор. Агар шундай тизим шакиллантирилса, ана ушанда биз ошкоралик томон дастлабки қадамларни қўйган бўламиз.
Носир Зокир.



