ОШ: ҲЕЧ КИМ БЕКОР ЎТИРМАДИ

 

Марафоннинг сунги куни

Якунловчи репортаж

 

Ниҳоят бугун,  10 сентябрь,  Андижонда “Бирдамлик” Ўзбекистон Халқ Демократик Ҳаракатининг ОШ – Оммавий Шодлик марафони якунланди.

 

Маълумки,  бизнинг расмийлар аҳолининг ҳар қандай фаоллигидан хавфсирайдилар. Хоҳ бу фаоллик тинчлик-осоишталик учун бўлсин,  хоҳ беозор мехмондорчилик бўлсин,  хоҳ давлат ва жамият ривожи учун бўлсин

– бари-бир,  милицияни оёққа тургизишиб,  фаолликни пайидан қирқишади.

 

Бу сафар ҳам шундай бўлади-да,  деган эдик. Не ажаб-ки,  бу сафар бизга ҳеч қандай тўсиқлар қўйишмади.

 

10 кун давомида шаҳсан ўзим (бошқа фаолларимизнинг хафсизлиги манфаатида),  яхлит оқ устибошда юрдим. Қандай иш билан кўчага чиқишимдан қатъий назар, фақат оқ қиймда чиқдим. Бу ҳақда 2 марта сайтимизда,  ҳажв омихта,  маълумот ҳам бердик.

 

“Сухбат” ўтказишга ана чақиришади дейман, мана чақиришади дейман, лекин сув қуйгандек, ҳеч гап йўқ. Ҳайронман, нима бўлди буларга дейман.

 

Махалламдагилар эса, менга қараб хайронлар. “Томи” кетяптимикин”, дейишди,  аниқ!  Бир ҳилгилар,  хатто,  тўхтатишиб: “Қариганда мунча стиляга бўлиб олдингиз” дейишди ҳам. Қўлимдаги “ОШ” ёзувли сумкага ишора қилишиб,  “Ошга майда-чуйда қилгани кетяпсизми?  Бозарда оғиб қолмаслик учун, “ош” деб ёзволдингизми?”,  деб ҳам кулишди.

 

Одамига қараб “Оммавий Шодлик” тадбиримиз ҳақида тушунтиришга ҳаракат қилдим. Тушунганлар ҳам бўлди,  тушунмаганлар ҳам бўлди.

 

Хуллас,  ўн кун оқ устибошда юрдим. Лекин бу деганим марафонда ёлғиз мен қатнашдим деганим эмас. Ҳаракатимизнинг бу тадбирида деярли барча (Андижонлик) фаолларимиз қатнашишди. Лекин улар бошқача тарзда қатнашдилар. Масалан, 8 нафар фаолимиз 10 минг сўмдан, матбуот
котибамиз 20 минг сўм, қолган пулни мен қўшиб, 20 дона ок футболка, 20 дона оқ бийсболка ва 100 та оқ дурра сотиб олдик.

 

Фаолларимиз, футболка ва бийсболкаларни мардикор бозорда, дурраларни ўз махалларида тарқатишди. Хуллас, ҳеч ким бекор ўтирмади.

 

Тадбиримиз, фовқулодда ходисаларсиз, тинч ўтди. Эътибор бериб, кузатганлар учун катта раҳмат!

 

“Бирдамлик” ЎХДҲ Андижон вилояти раиси,

Саиджаҳон Зайнабитдинов.

Андижон

10 09 2012

– – – – –

Танловга илова: 22 расм

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares