“Бирдамлик” Халқ Демократик ҳаракати Фарғона вилояти етакчиси Гулҳаё Бобожонова, амалдаги ҳукумат таъбири билан айтганда, мухолифатга “ўралашиб” қолганлиги ва Ўзбекистоннинг ички муаммосига оид воқеликни ҳорижга “дўмбира” қилиб чертаётганлиги сабабли 5 кунга қамоққа олинган эди. Шу йилнинг 8 августь куни кечга яқин участка нозирининг кузатувида Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди биносига олиб борилган Гулҳаё Бобожонова гап нима ҳиқида бораётганлигини англолмай карахт ҳолга келганди. Боисики, мазкур суд томошасида қозикалонлар унга “хизмат вазифасини бажараётган участка нозирини ҳақорат қилганлиги учун” деган “унвон”ни ёпиштириб, “Бирдамлик” фаолини шу ернинг ўзидаёқ қамоққа олишга фато беришганди.
Кўргулик экан, нафақат мухолифатчи, балки маҳалла маслаҳатчиси Гулҳаё Бобожонова “замонанинг зўри” билан кўрмаган жойларини кўриб келишга тўғри келди. Муаммо шу билан ҳал бўлиб қўяқолса кошки эди. Ана энди мустабид тузумнинг қабих режасига кўра, Гулҳаё аста-секинлик билан ёмон отлиққа чиқарилиши, батамом бадном этилиб, элдан айро қилиниши керак эди. Ҳа, тўғриси-да, ўзбекнинг ишонувчан одамлари Гулҳаёнинг ортидан эргашиб кетишсинми энди? Бу ҳол Ҳукуматга қанчалар қимматга тушишини биласизми? Ана шундай йўқотишларнинг олдини олиш мақсадида маҳаллий ҳокимият Гулҳаёга нисбатан қуролсиз “ўт очишга” киришди. Маънавий ҳужум, руҳий хуруж эди Ҳукумат томонидан бошланган бу “уруш-уруш” ўйинининг оти!
– Узур-а, опа, беш кун ўтириб чиққанимдан кейин оиламнинг тинчлигини, болаларимнинг хавфсизлигини ўйлаб, сиз билан боғланишга қўрқиб юргандим. Бугун сизга қайта мурожаат қилишга уларнинг ўзлари мажбур қилишмоқда, – деб қолди кутилмаганда сим қоққан Гулҳаё Бобожонова, – У ёқдан қайтганимдан кейин ҳаммаси бошида яхшидек эди. Биласизку, мен 4-5 ойдан буён Фарғона шаҳридаги мана шу ўзимизнинг 18- маҳаллада маҳалла маслаҳатчиси бўлиб ишлаб келаётгандим. Нима бўлди-ю, маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ғафур ака Мирзаев тўнини тескари кийиб олди. Нафас олишимга ҳам қўймаяпти. Маҳалла идорасига бирор бир юмуш билан келган маҳалладошларимга “Ана у Гулҳаёнинг маслаҳатларига қулоқ солманглар. У хотин жинни бўлиб қолган. Ақлдан озган. У ўтирган хонага бош ҳам суқманглар. Нимаики дардларинг бўлса, мана, менга айтинглар У билан гаплашиб, балога гирифтор бўлманглар!” деб очиқдан-очиқ мени таҳқирламоқда. Хабарингиз бор, мен адолатпарвар бўлганлигим учун маҳалламиздаги бола пулини ололмаётган, моддий кўмакка муҳтож аксарият оилаларга беминнат кўмак берардим. Маҳалла раисимиз Ғафур ака эса маҳалла аҳлини менга қарши қайрамоқда. Энг ёмони, Мирзаев барча гапларини менинг эшитишим учун баланд-баланд овозда гапирадилар. Асабларимни эговлаб ташлади бу одам. Нима қилишга ҳам ҳайронман. Менинг бор-йўқ гуноҳим фарзандлик бурчимни бажарганлигим, отам Эргаш Бобожоновни ҳимоя қилиб, сайтларда мақола берганлигим. Мана шу маҳалла раисимиз Ғафур Мирзаев илгари ҳам бир неча йиллар маҳаллани бошқариб, молиявий қаллобликка қўл урганлиги учун шармандаларча ишдан олинганди. Бироқ кейинги сайловда маҳалламизнинг обрули одамларини, шахсан мени ҳам ишга солганди. Ялиниб-ёлвориб, тавба-тазаррулар билан маҳалламизга қайта раис бўлиб сайланмагунча, уйқу билмаганди. Бугун эса менга тиш қайраб ўтирибди. Бу одамга қандай ёмонлик қилган эканман, билолмай, ҳайронман”, – дея изтироб билан сўзига хотима ясади суҳбатдошим.
Гулҳаёнинг қўнғироғидан кейин ўзимча мушоҳада-ю мулоҳаза қилишга тушиб кетаман: Аслида, 18- маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ғафур ака деганлари шахмат столидаги шунчаки оддий бир пиёда. Мамлакатда кечаётган “шахмат ўйини”нинг ўз шоҳлари, суворийлари бор. Улар тўғридан-тўғри ўзларини эл орасига урмайдилар. Ўзларини ўтга отмайдилар. Балога қолган мана шу Ғафур акага ўхшаган шўрлик “пиёдалар”. Биласизми, нега Ғафур Мирзаев э йўқ, бе йўқ, бирданига “Бирдамлик” етакчисининг асабларини арралагиси келиб қолган? Ҳеч бир қуюшқонга сиғмайдиган қилиқлари билан бу “пиёда”, сафнинг олдида “от сураётган” “қахрамонимиз” Гулҳаёнинг асабларини эговлаб, “портлатмоқчи”! Унга худди ана шу нарса керак. У маҳалла маслаҳатчиси Г. Бобожонованинг жазавага тушишини, алал оқибат, Ғафур Мирзаевнинг, яъни ўзининг ёқасидан олишини кутмоқда. Бу ҳол содир бўлгудек бўлса, ё “Тез ёрдам” машинасини чақириб, уни жиннихонага тиқмоқчи, ё аёлнинг “ақлдан озиб қолганлиги” хусусида “АКТ”лаштириб қўймоқчи! (“Бирдамлик” етакчисини маҳалладан хамирдан қил суғургандек осонлик билан бадарға қилишда энг асосий кўмакчи-да бу далолатнома деганлари!) Ёхуд нари борса, “Мана, кўрдингларми? Ақлдан озган дегандим. Ҳақ эканманми?” деб ўзининг ҳақлигини, Гулҳаёнинг “томи кетиб қолганлигини” омма олдида “исботлаб” қўймоқчи у Ғафур ака деганлари!… Мана, унинг гарданига нечоғлик “муҳим” топшириқ юклатилган, аслида!
Юқоридаги фикрларим билан мен Колумболикга даъво қилмоқчи эмасман. Бундай ниятим ҳам йўқ. Аслида, “қитъани қашф қилишга даъвогарлар” ўзгалар, Ўзбекистон ҳукуматининг ҳоқонлари. Ҳа, нима, арзимабдими? Ўз ҳақ-ҳуқуқини оз бўлса-да тушуниб қолган, ноҳақликка қарши бош кўтарган кишини жисман эмас, руҳан йўқ қилиш, мурдага айлантиришнинг минг бир усулини ўйлаб топиш Американи кашф қилишдан-да мушкулроқ, мен сизга айтсам. Худди мана шу усул ҳалқимизнинг турмуш тарзини тубдан ўзгартиришга қодир юзлаб юртпарварларнинг бошига етган, ахир! Худди мана шу усул манфур режим умрузорлигининг кафолати, агар билсангиз! Ўзбекистон расмийлари талабалик йилларида, деҳқоннинг ўрнига дала кезиб, ғўза ниҳолини «чеканка» қилишнинг кўп ва хўп ҳаддини олган арбоблар-ку? Оқ-қорани таниб, зулматни офтобдан ажратиб, эндигина қуёш томон бўй чўзаётган омма вакилини гўзадек каллаклаш, “бошини олиш” ҳам иш бўптими бу каззобларга? Энг ёмони шундаки, бу арбоблар элнинг асл фарзандлари юзига тинмай тарсаки тортадилар. Тортадилару, алам қиладиган жиҳати, ҳақпарварларнинг бетига ўзларининг эмас, ўзганинг, айнан халқ вакилининг қўли билан шапалоқ урадилар. Бунинг учун ҳув Фарғона шаҳридаги 18-маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ғафур ака Мирзаев каби гумроҳлар ҳам топилиб қолганига нима дейсиз?
Қиссадан ҳисса шуки, куни тоборо тугаб бораётганини кўриб, қўрққанидан тинмай умрбоқийликка даъво қилаётган амалдаги режим кўпроқ яшаб қолишга тиш тирноғи билан ёпишмоқда. Ҳукуматнинг узоқ умр кўриш йўлидаги ҳаракати эса халқнинг турмуш фаровонлигини яхшилаш, иқтисодни барқарорлаштиришга қаратилган эмас, аксинча, ҳақиқат жарчиларини руҳан “синдириш”, шу усул орқали халқни қўрқувда ушалб туришдангина иборат бўлиб қолмоқда. Буни “Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Фарғона вилояти бўлими етакчиси Гулҳаё Бобожонованинг тақдири мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Афсуски, Гулҳаёга қилинаётган руҳий хуружлар, бу ҳали бошланиши…
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
“Бирдамлик” Халқ демократик ҳаракати Ўзбекиcтон бўлими етакчиси



