ОШ: МИЛИЦИЯ ҲАМ, ПОЛИЦИЯ ҲАМ БИР ҲИЛ

 

ОШ – Оммавий Шодлик марафонимиз давом этмоқда

Репортаж

 

 

Оммавий Шодлик акциямиз давом этади! Навбатдаги репортажимизни
тингланг,  яъни,  ўқинг!

 

Эслатиб ўтамиз,  аввалги репортажимиз “Милиция ходимларига раҳмат” номли эди. Лекин доно миллатимизнинг “ошқовоқ” қаллали вакиллари ҳам йўқ эмас-да! Европага бориб,  юз йил яшасаям,  мисқол ўзгармайди!

 

Шундайлардан бири,  электрон манзилимга,  инглиз шрифтда, “Tuppa-tuzuk huquqbon eding, maddohga aylanib ketding. Kelib-kelib militsiyaga rahmat aytasanmi?”,  деб хат ёзибди.

 

Бу “собит-маслак” киши мақолани охиригача ўқимаган,  ёки унинг ҳажв-туйғуси ривожланмаган кўринади.

 

Зеро,  милиция ҳам,  полиция ҳам,  ҳамма ерда бир ҳил. Буни,  шахсан ўзим бориб,  кўриб ва эшитиб айтябман. Мақтанишмас,  лекин Иркутскдан тортиб,  Сан-Диего деган жойларгача бориб, мен ҳам анча дунё кўриб қўйганман. Кўрган-билганларимдан,  мавзуга оид мисоллар келтиришим мумкин.

 

Масалан: Лос-Анжелесда,  бир конференцияда,  ташкилотчилар видео-лавҳа намоиш этишди. Унда,  полиция махкамасига бир фуқарони олиб келишган экан. Кимсан комиссар ўзи, унга “ечин” деб буюрди. У кўйлагини ечди. Бошлиқ “шимингниям еч” деди. У шиминиям ечди,  калта ички иштончаси қолди. Бошлиқ униям ечишни буюрди. Фуқаро, “Нима,  мен докторнинг қабулидаманми?” деб,  ички иштончасини ечишдан бош тортди. Барзанги бошлиқ уни тепиб кетди. Роса тепди!  Ёнида бир-нечта полициячилар (жумладан,  аёл  полициячи ҳам) томоша қилиб туришди.

 

Лавҳа тугаб,  ташкилотчилар, “Ҳўш,  қандай фикрдасизлар”, дейишди. Мен айтдим: “Йўқ,  бизда бунақа урушмайди. Бизда ё подвалга олиб тушиб, ёки 4-чи этажга олиб чикиб,  юришади. Лекин бунданам яхшигина уришади…”

 

Бу Америкадаги гап. Словения пойтахти Люблянадаги бир учрашувда, осоишталик посбонларининг ақл-заковатлари ҳақида мавзу очилиб қолди. Мен бир латифа айтиб бердим.

 

Латифа:

Бир милиция ходими ишдан хайдалибди. Бир дўсти билан ўтиришар экан, дўсти ачиниб:

– Нега ишдан хайдалдинг,  – деб сўрабди.

– Навбатчиликда красворд ечаётган эдим,  бошлиқ кўриб қолди, – деб жавоб берди собик милиционер. Унга дўсти:

– Тўғри-да, иш пайтида красворд ечасанми?  Хайдайди-да, – деса, хайдалган БР:

– Йўқ,  бошлиқ мени сен ўйлаган нарсага хайдагани йўқ. Бошлиқ мени, “Сен ақлли экансан-ку”,  деб хайдади, – дебди…

***

 

Бу латифадан баралла кулишиб,  словенияликлардан бири, шу мазмунда бир хангома айтиб берди:

 

Хангома:

 

Словениялик полициячилар икки кишилашиб юришар эмиш. Бири ўқишни биларкан, бири ёзишни биларкан. Яъни,  хужжат текширишганда,  бири ўқир экан,  бири ёзар экан. Бир куни икки ёш йигит, шаҳарлараро автобусда ёнма-ён ўтириб,  шу латифани айтишиб,  кулишиб кетишаётган
эканлар. Орқаларида иккита полициячи кетишаётган экан. Улардан бири:

– Сенлар нима деб,  бизни мазах қилишяпсанлар? Хужжатларинг борми, қани,  кўрсатиш-чи, – дебди. Йигитлар хужжатларини беришибди. Полициячи хужжатлардан  бирини очиб,  ёнидаги шеригига:

– Ёз!,  – дебди… Бутун автобус кулиб юборибди. Кулгидан хайдовчининг “ичаги узилиб”,  авария қилиб юборишга сал қолибди…

***

 

Бу бўлган вокеа экан. Энг қизиғи,  бу хангомани словениялик полиция офицери ўзи завқ-шавқ билан айтиб берган эди…

 

Бизнинг мелисаларимиз ҳам,  ҳазилкашликда ҳеч кимдан қолишмайдилар. Мен таниганларим ҳаммаси ғирт анекдодчи. Аниқса,  биттаси бор. Исми… Ҳа,  майли,  “утечка” бўлиб,  “сен ақлли экансан-ку”,  деб униям ишда хайдаб юбришмасин…

 

ОШ – Оммавий Шодлик марафонимиз давом этмоқда. Мана,  олтинчи кун, мен шаҳар бўйлаб ҳар куни оқ устбошда велосепедда юрибман. Осоишталик посбонлари менга шубҳали қараб-қараб қўйишмоқда. Лекин фавқулодда ходисалар рўй бергани йўқ!

 

Биз билан қолинг!

“Бирдамлик” учун,  Андижондан,

Саиджаҳон Равоний.

6 09 2012

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares