КЎПРИК ЁҲУД ОППОҚ ТОНГ ОРЗУСИ

 

Бахтиёр МАҲМУД

 

(Модерн ҳикоя)

 

“Лаънатилар! Темирюраклар! Мени ўтказмай нимагаям эришардинглар! Наҳотки, бу дунёга келиб, шу бир кўприкдан ўтолмасам? Унда яшадим нима-ю, яшамадим нима?! Ахир мени нариги тарафда оппоқ тонг ва қафасдаги булбул кутаяпти. Оқ тонгни кўриб, булбулни қафасдан чиқариб юборишим керак. Булбул ана шундагина сайрай бошлайди” – дея ўйлади бошдан оёқ оқ кийинган, оқкўнгиллиги юзидан сезилиб турган йигит ўзини ҳозиргина силтаб ташлаган ҳарбийча кийинган бақалоқ кўприк қоровули ва энсиз кўприк узра қатор тизилган бошқа соқчиларга нафратомуз тикилиб.

– Мени ўтказиб юборинглар! Оппоқ тонгни кўриш ва булбулни қутқариш – олий мақсадим. Рости, қутқараману қайтаман. – У соқчиларга яна тирғалди. Энди бақалоққа кўприкнинг нариги томонида турган қилтириқ соқчи ҳам кўмаклашиб юборди.

– Қайт-э, тентак! Ана бошқалар тинчгина юришибди. Кўприк борлигига эътибор ҳам беришмайди. Сен бўлсанг нуқул тирғалаверасан. Кўприкдан бошқа дардинг, ташвишинг йўқми? Биз ўтказсак ҳам анави бир қадам наридагилар сени ўтказишмайди. Билдингми? – деди қилтириқ, йўл берклигини билдирадиган тўсиқни тўғрилаб қўяркан.

– Нима бу сенга Сирот кўпригими? У ёқда Жаннат бор деб ўйлаяпсанми? Агар билсанг, кўприкнинг у томони дўзахдан баттар. Сен бу ёқда чидамабсанми, у ёқда ҳам яшолмайсан. Шунинг учун бор, тошингни тер, – деди бақалоқ беписанд илжайиб.

– Ҳой, бу ёққа қаранглар! Сизлар тушунасизларми ўзи? Менга Жаннат ҳам, бошқаси ҳам керк эмас. Ҳатто ҳаётимдан ҳам кечишга тайёрман. Оқ тонгни кўриб, булбулни қафасдан чиқарсам бас, муродим ҳосил бўлади қўяди…

– Шунақами? Унда ақлдан озибсан. Ҳозир ақлингни киритиб қўямиз…

Уни дўппослаб-дўппослаб, кўприкдан узоқроққа – бемаъно кўзли одамлар орасига, тупроғи сарғайиб ётган майдонга олиб бориб ташладилар. Хушига келгач, ўрнидан туриб, гандираклаганича кўприкнинг ўнг томонига қараб кетди. Лекин йўлнинг ярмига етмасданоқ, уни яна сариқ рангли тупроқ устига келтириб ташладилар.  Нима қилса экан? Ҳа, мана чап томондан кетади. Йўқ, мақсад амалга ошмади. Яна ўша ҳол…

– Барибир кўприкдан ўтаман, мақсадимга етаман, – деди ўзига ўзи ва ерни қазий бошлади. Кўприк остидаги ер ости йўлига етганида икки нафар ҳарбий кийимдаги улкан термит икки қўлидан ушлаб, оёғини ерга теккизмай, олдинги манзилиги элтиб, михлаб қўйди.

… Ҳаво шарига осилиб, фалак қўйнида “Ана, оз қолди, тамом вассалом, булбулни қутқараман” – дея фикрлаб, суюнишга чоғланаётганида икки баҳайбат ҳарбий бургут ҳар томонидан чангал солиб, шувв эттириб, сариқ тупроқ устига тушириб қўйди.

“Энди нима қиламан? Бошқа чора-а-ам қо-олмади! – Унинг кўз ёшлари дарёдек оқиб, юзини юварди. Шунда ғойибдан бир овоз келди:

– Мақсадингга етишни истасанг, кўприкка қўшил. Шунда ҳеч ким сени орқага қайтаролмайди. Шунда оқ тонгни кўрасан ва булбулингни кўприкнинг қўли билан озод қиласан.

У шундоқ кўприкнинг бўсағасига бош қўйди. Тани-бадани эриб кўприкка қўшила бошлади. Бу оддий қўшилиш эмасди. Роҳатланаётган вужуднинг муштдеккина қисми ҳам кўз илғамайдиган жуда майда зарраларга бўлиниб, кўприкнинг у ёғидан бу ёғигача оппоққина юпқа пардадек ёйилиб кетарди. Вазифасини сидқидилдан бажараётганидан мағрур соқчилар оёқлари остидан оппоқ зарралар ғир-ғир ўтаётганини мутлақо пайқамай, қотиб туравердилар. Ана тамом. У энди одам эмас, кўприкка айланди. Оппоқ тонг юз кўрсатди, дарахт тагидаги супачага маҳкамланган қафас эшиги шарақ этиб очилиб, ундан учиб чиққан булбул пурвиқор гужум барглари орасига яшириниб, сайрай бошлади. Унинг ёқимли овози оламни тутди.

Бироқ… …яна бир неча супачалар устида қафасдаги булбуллар сайрамай, у ёқдан бу ёққа юрар, нариги томондаги соқчиларга эса оқ кийимдаги саноқсиз одам ўтиш учун тирғалишиб турарди…

 

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares