Равоний: ҲАЖВИЁТ

Саиджаҳон Равоний

1. Масал

2. Ғазал

***

БЎРИНИНГ ГУНОҲИ

(порахўрлик хусусида масал)

***
Эмишки Қўйлар уй хайвон эмас,

Яшарлар экан қирларда махлас.

Уларгаям Шер подишо экан, 

Шерга лек улар ноқушо экан.

Ҳолбуки, бир кун ўз ҳузурига,

Чақиртириб Шер, дебди Бўрига:

“Писанд этишмай Такамни шўрлиқ,

Қилябди Қўйлар тўқлиққа шўхлиқ.

Яйловда сира тартиб билишмас,

Фармонларимга амал қилишмас.

Ҳуллас, сен ўзинг Қўйларга қара,

Сенсан бугундан уларга тўра!”

Шерга Бўри кўп қилибди қуллуқ,

Ва подага тез чопибди маҳлуқ.

Беш-олти кунда келибди қайтиб,

Ва Шерга муни берибди айтиб:

“Олампаноҳим, истагингиздек,

Юрибди қўйлар ювошгина, тек.

Мени кўришса, ҳаммаси қотар,

Ёт деб буюрсам ҳаммаси ётар.

Барчаси ейди меъёрда ғизо,

Қайсар қўралар олишди жазо.

Атрофда юрган лек битта Гўртак,

Ишимга халал бермоқда андак.

Ханграйди нуқул: “Жавоб берасан,

Қўйларни сўйиб, нега қирасан?”

Қилур эмишман ялпи жиноят,

Сизга қилармиш мендан шикоят…”

Бирдан ўкирди Шер: “Ҳа, сен ўғри,

Гўртак анови ханграбди тўғри!

Шохга думингдан қўюрман илиб,

Сомон тиқурман, терингни шилиб!”

Тиз чўкди Бўри: “Олампаноҳим,

Бордур, кечиринг, тағин гуноҳим!

Гўртак ҳақида шунчаки, дедим…

Йигирмата қўй келтирган эдим.

Сизга тегишли ўтлоққа бироқ

Қўйиб юбордим, сиздан бесўроқ!”

Шер деди шунда, тушиб ғазабдан:

“Бошламадинг сен нега шу гапдан?

Майли, кечирдим, қилма-я такрор!

Чора кўр ўзинг Гўртакка бадкор”…

Шерға Бўри кўп қилибди қуллуқ,

Ва подага тез чопибди маҳлуқ.

***

Хисса: Якунин топди бу масал,

Тамагир аҳлин айладик ўсал.

Тағин не мавзу қилинди баён,

Қилинг ўзингиз тахлил жараён.

***

ТЎЛҚИН ҚОРАЕВГА

(“равоний” – “шизофреник” мақоласига жавоб)

Мисоли нав жўжа, хурус ёхуд мокиён,

Тожикмусен, ўзбекмусен эмастур аён.

Кишини кўб хабаш афтинг айлар бехузур,

Турғон чоғинг темир тишинг этуб намоён.

Оврупаға қочиб олис, гежганг чўзгайсен,

Ки ботирлиғ жазм этарсен, белбоғсиз миён.

Йўқ Гулсумга мотам тутуб, оқузуб кўз ёш,

“Кийинг лозим йигитлар”, деб тарқотдинг баён.

Синглинг эрур сендин асли абжир ва жасур,

Асли санғо даркор киймак лозим парниён.

Жириллайсен асру, битсам иншо ҳожанга –

Коми қилмоқ она-юртда қонли ғалаён.

Равонийни ёзубсан ким жунун ва шоқол,

Шукр, сентак эмастурмен ёшурун қуён! 

***

Андижон

26 08 2012

– – – –

*… асру – жуда

*… бадкор – ярамас, аблаҳ

*… гўртак – ёввойи эшак

*… махлас – озод 

*… миён – бел

*… парниён – шойи газлама

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares