ЎҚУВ ЮРТЛАРИДАГИ МУАММОЛАР

 

Довуд СУЛАЙМОН

  

Мана янги ўқув йили арафасида турибмиз. Бугунги халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими, олий таълим муассасаларида йиллар давомида олиб борилган ислоҳотларнинг натижаларини кўриш мумкин. Ўқув даргоҳлари янгидан қурилган ва қайта таъмирланиб, замонавийлшатирилган. Уларга янги техникалар ва технологиялар кириб келган. Аммо  ҳозирги кунда Хоразм вилояти билим доргохларининг айримларида ўқувчиларнинг билим даражаси ўта паст аҳволда қолиб кетмоыда. Бунга асосий сабаб, билим даргоҳларини педагог ходимлар билан таъминлаш,  кадрлар масаласида муаммолар мавжудлигидир.

 

Кўплаб фуқаролар билан суҳбатларда, улар, билимсиз раҳбарлар фаолиятида педагог бўлмаган ходимларни ишга олиш, ижтимоий адолатсизлик, порахўрлик, давлат мулкини талаш, таниш-билишчилик, уруғ-аймоқчилик, мансаб лавозимидан шахсий бойлик орттириш йулида фойдаланиш, ўтмиши жиноятчи, гиёҳванд моддалар истеъмол қилувчи ва сотувчи,  хулқи бузуқ,  халқ орасида номаъқул деб топилган шахсларнинг бу каби даргохларга кириб келиши мавжудлигини, таъкидлашмоқда.

 

Қонуннинг куч-кудрати, обрўси, таъсири, амалий аҳамияти ҳаётда унинг ҳалол, ҳаққоний, одилона татбиқ этилишига боғлиқ. Айниқса, билим масканида бу масала ўн карра, юз карра мукаммалликни талаб қилади. Хоразм вилояти туманларидаги билим даргоҳларида юқоридаги адолатсизликларга қарши курашаётган зиёли инсонларнинг ўз лавозимидан бўшаталиши, билимли фуқаролар турли  усуллар билан қувғин килиниши содир бўлмоқда.

 

Масалан Хива туманини олиб кўрайлик, ундаги мактабларнинг педогог ходимлар билан таъминланиши қуйидагича: туманда жами 2960 нафар ўқитувчи фаолият кўрсатади. Шундан 1152 нафари олий, 1811 нафари ўрта махсус маълумотли, шулардан 500 нафари номутахассис ўқитувчилардир.Умумтаълим фанлари бўйича етишмайдиган ўқитувчилар: 1. Математика  – 52. 2. Физика – 48. 3. Химия – 45.  4. География – 38.  5. Информатика – 28.  6. Ҳуқуқ  – 32.  7. Инглиз тили – 60.  8. Рус тили – 30.  9. Тарих – 35.  10. Она тили – 25. Яна десангиз, 107 нафари бошланғич синфда мутахассислиги меҳнат таълими фани бўлса-да, мусиқа, она тили, математика, инглиз тилидан дарс бераяпти.

 

Ишончли манбалардан олинган маълумотга кўра, яқинда Урганч давлат университети қошидаги 2-сонли академик лицей директори Ҳ. Матёқубов пора билан қамоққа олинган. Шу академик  лицейнинг ўқув ишлари директор ўринбосари эса жинояти очилишидан қўрқиб, ўзини осган. Шунингдек, Ҳоразм вилояти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғи А. Раззоқов ҳам юқоридаги жиноятга алоқадорликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган. Бундан ташқари, ҳуқуқ ҳимоячиларидан бирининг айтишича, Хива педагогика коллежининг жорий йилга тайинланган қабул комиссияси раиси ҳам қамалган.

 

Яна бир томони борки,  айрим умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежларида янги ўқув асбоб-ускуналари, замонавий спорт анжомлари, янги русумдаги компьютерлар етарли даражада мавжуд бўлса-да, ўқувчилар улар турган хоналарга киритилмайди. Болалар ва ўсмирлар шунинг учун ҳам дарсда қатнашмай турли ҳудудлардаги хусусий интернет-кафеларда вақт ўтказадилар. Компьюерлардан назоратсиз фойдаланадилар. Ўз ўқув даргоҳларидаги компьютерлардан фойдаланишга фақат комиссия келганда рухсат берилиб қолиши мумкин. Бу билан ўқув юрти маъмурияти келган комиссияларга анжомлар, ускуналар, компьютер ва бошқа техникалар яп-янги ҳолда турганини, техникалардан тартиб билан фойдалинилаётганини кўрсатмоқчи бўлади.

Copyright © 2018 Birdamlik.Info
Shares