Маълумки, бугун Қирғизистон Республикаси пойтахти Бишкекда туркий тилларда сўзлашувчи давлатлар Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарларининг навбатдаги учрашуви бўлаяпти. Учрашувда Туркия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Ахмад Давлатўғли, Қозоғистон ташқи сиёсат идораси раҳбари Ержан Қозихонов, Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Руслан Қозонбоев, ТДҲКнинг бош раиси Халил Акинчи ва бошқалар иштирок этишмоқда. Бу учрашувда ташкилот рамзининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Афсуски, Ўзбекистон вакиллари бу учрашувда иштирок этишмаяпти ва бу билан Ислом Каримов раҳбарлигидаги Ўзбекистон ҳукумати катта хатога йўл қўймоқда, чунки узоқ-яқиндаги туркийзабон халқлар билан ҳар томонлама алоқарни мустаҳкамлаш туркийларнинг бир бўлаги бўлмиш ўзбек халқи учун фақат фойда келтиради холос. Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Ислом Каримов раҳбарлигидаги Ўзбекистон ҳукумати олиб бораётган қардош халқлардан иҳоталаниш сиёсатини қоралайди ва Ислом Каримовни қардош халқлар билан алоқани тиклаб, мустаҳкамлашга чақиради. Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати Қирғизистон Республикаси пойтахти Бишкекда бўлиб ўтаётган туркий тилларда сўзлашувчи давлатлар Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарларининг учрашуви қатнашчиларини қутлаб, хайрли ишларига омад тилайди ва Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати нафақат Ўзбекистон халқи бирдамлиги, балки Марказий Осиёда яшовчи барча халқларнинг, барча туркийзабон халқларнинг бирдамлиги тарафдори эканлигини ва шу йўлда тинмай кураш олиб боришини маълум қилади.
Ўзбекистон “Бирдамлик” Халқ Демократик Ҳаракати раҳбарининг ўринбосари Мухтаров Фарходхон.




